Ўзбекистон | 18:02 / 17.01.2023
27173
7 дақиқада ўқилади

Бир неча марта узайган таътил – таълим иқлим ўзгариши ҳодисаларидан зарбага учрамаслиги зарур

Аномал совуқ сабаб таълим муассасаларида таътил бир узайтирилиб, сўнг яна қисқартирилди, сўнг яна узайтирилди. Совуқ ҳаво ўқувчиларнинг, талабаларнинг таълим олишига халақит бермоқда. Иқлим ўзгариши сабаб аномал ҳодисалар кўпайяпти. Уларга вақтида тайёргарлик кўрилмаса, таълимда узилишлар ҳам кўпайиши мумкин.

Фото: KUN.UZ

Аномал совуқ сабаб таълим муассасаларида таътил дастлаб, 18 январгача чўзилди, кейин бирданига дарслар эртароқ бошланиши маълум қилинди. Сўнг ҳудудларда таътил яна 23 январгача узайтирилди. Тартибсизлик билан аввал ундай, сўнг бундай чиқаётган қарорлардан асосан, талаба ва ўқувчилар жабр кўряпти: ўқувчилар ҳар мактабга бормаган куни учун эгаллаши мумкин бўлган маълум даражадаги билимни йўқотяпти, талабалар эса вилоятлардан пойтахтга ёки бошқа вилоятдаги ўқиш жойларига бориб яна қайтишга мажбур бўлиб қолишмоқда. Тўғри, таътил тугагач дарслар тиғизлаштирилган ҳолатда ўтилиши билан йўқотишлар ўрнини бироз тўлдириш мумкиндир, лекин ўқувчилар ҳар бир ўрганмаган дарс соати учун келажакда маълум миқдорда инвестициядан айрилишади.

Узаяётган таътилнинг сабаби

Иқлим ўзгариши ҳақида бонг урила бошланган бир неча йил олдин аксар одам бу мавзу биздан узоқ деб эътиборсиз қолдирган бўлиши мумкин. Лекин ҳозир бундай қилиб бўлмайди. Сабаби иқлим ўзгариши Ўзбекистонда ҳам ҳамма соҳаларга, ҳатто таълимга ҳам таъсир қилмоқда.

Иқлимшунослар таъкидлашича, глобал исиш ёғингарчилик кўпайишига олиб келмайди. Бироқ улар экстремал об-ҳаво ҳодисалари кўпайишига, шу жумладан, аномал қуруқ ёки аномал нам даврлар такрорийлиги кўпайишига олиб келади.

Яъни энди луғатимизда “аномал” сўзи ҳам доимий ўрин олса керак. Сабаби Марказий Осиё ҳам иқлим ўзгаришларига таъсирчан ҳудуд ҳисобланади. Сўнгги пайтларда глобал ҳарорат кўпйиллик иқлимий меъёрлардан 1 градус исиган бўлса, Марказий Осиё 2 градусга исиди. Ўзбекистонда ҳарорат глобал миқёсдагидан кўра тезроқ кўтарилган ва бу давом этади. Салбий таъсирни эса турли табиат ҳодисалари орқали ҳис қиламиз.

Глобал исиш сабаб бизни аномал иссиқ, аномал совуқ об-ҳаво, қурғоқчилик, селлар кўпайиши, чанг, сув танқислиги ва шунинг ортидан пайдо бўладиган электр танқислиги каби муаммолар кутяпти.

Буларнинг исталган бири таълим жараёнларига таъсир қилиши мумкин. Худди ҳозирги аномал совуқ каби. Қаттиқ иссиқ ёки қаттиқ совуқ сабаб мактаб, коллеж, ОТМлар исимаслиги ёки ҳаддан ортиқ иссиқ бўлиб дарс ўтиш имкони маълум муддат чекланиши мумкин. Таълимда ҳаммасини келган жойидан фақат кейинроқ давом эттириб кетиш эса вариант эмас.

Таълимнинг “зарарланиши”

ЮНИСЕФ иқлим ўзгаришининг таълимга таъсирини таҳлил қилиб чиқди. Унга кўра, иқлимнинг таълимга бевосита ёки билвосита таъсири бўлиши мумкин.

Масалан, сел келиб мактабга борадиган йўлдаги кўприкни оқизиб кетиши ёки мактаб биносини сув босиши мумкин. Бу бевосита таъсир сабаб болалар мактабга бора олмайди, оқибатда улар дарс қолдиришади. Ёки ҳозирги қаттиқ совуқ сабаб синфхоналар етарлича исимасдан болалар уйда қолганини ҳам иқлим ўзгаришининг бевосита таъсирига мисол қилиш мумкин.

Баҳор ойларида эса айрим ҳудудларда сел сабаб аҳоли эвакуация қилиниши ҳолатлари ҳам кузатиляпти. Табиийки, ўша аҳоли орасида таълим олаётган ёшлар ҳам бўлади.

Билвосита таъсир эса болаларнинг нафақат таълим олишига, балки уларнинг саломатлигига ҳам салбий таъсир қилади. Мисол учун, тоза ҳаво, тоза ичимлик суви йўқлиги муаммолари сабаб болаларнинг билим олиш кўрсаткичлари пасаяди.

Тошкентда ўтган йили кузатилган чанг ҳодисалари болалар таълим олишига, мактабга боришига, уларнинг ўша кунлардаги дарсларни ўзлаштиришига салбий таъсир қилган бўлиши мумкин.

Ечим қандай?

Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги охирги хабарида об-ҳаво барқарорлашгунича мактабларда учинчи чорак вақтинча онлайн бошланиши мумкинлигини маълум қилди. Онлайн таълим бўйича пандемия даврида маълум тажриба ва база тўпланган.

Худди шунингдек, давлатлар ўз ҳудудининг иқлим хусусиятларидан келиб чиқиб иқлим ўзгаришларига чидамли таълим стратегияларини ишлаб чиқишлари зарур. Агар сел келиб аҳоли эвакуация қилинса, вақтинча фаолият юритадиган мактаблар ташкил қилиш, қаттиқ совуқ бўлса, дарсларни онлайнга ўтказиш, аномал иссиқ шароитида эса электрда муаммо бўлмаслиги учун яшил энергия асосида ишлайдиган мактаблар ташкил қилиш (совитиш тизими ва электрон ўқув жиҳозлари ишлаши учун), сел хавфи сабаб эвакуация қилинадиган болалар учун вақтинчалик кўчма мактаб, боғчалар очиш мумкин. Ўзбекистонда кўчма боғча тажрибаси ҳам бор.

ЮНИСЕФ Камбожа, Мўғулистон ва Вьетнамдаги иқлим ўзгариши ва таълимга оид вазиятни таҳлил қилиб табиий офатлар даврида ҳам таълимда узилиш бўлмаслигига ёрдам берадиган бир қатор талаблар қўяди:

  • Ҳукуматларнинг иқлим ўзгариши дастури таълим сектори билан ҳам ҳисоблашилган бўлиши керак;
  • Ҳукуматларда иқлим ўзгариши стратегияларини жорий этиш, инфраструктураларни мослаштириш, оилаларни табиий офатлар даврида қўллаб-қувватлаш учун етарли маблағлар бўлиши керак;
  • Таълим вазирликлари иқлимга оид масалалар билан шуғулланувчи ташкилотлар билан доимий ҳамкорлик қилиши керак (масалан, Ўзгидромет);
  • Ўқув соатларига иқлим ўзгаришига оид соатлар киритилиши, ўқувчиларнинг бунга оид охирги билимларни эгаллашларига шароит қилиб берилиши керак;
  • Фавқулодда содир бўладиган табиат ҳодисалари даврида ҳам ўқувчи, талабаларнинг алтернатив усулда таълим олишларига имкон яратиш. Масалан, онлайн;
  • Мактаблар келажакда содир бўлиши мумкин бўлган табиий офатларда зарарланмайдиган қилиб қурилиши, мактабга олиб борадиган йўл ҳар қандай табиат ҳодисаси кузатилганда ҳам хавфсиз бўлиши лозим.

Хулоса: иқлим ўзгариши аллақачон Ўзбекистонга ўз таъсирини ўтказа бошлаганини танамизда ҳис қиляпмиз. Соҳаларни унга тайёрлаш ва мослашиш вақти аллақачон келган. Ҳар қаттиқ совуқ бўлганда таътиллар чўзилаверса, мактаблар, ОТМ ёпилиб талабалар, ўқувчилар бекор қолса, бу кадрлар тайёрлаш соҳасида муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

Таклифлар:

  • Таълим вазирликлари доимий равишда Ўзгидромет билан ҳамкорликда ишлаши, қаттиқ совуқ ва иссиқ бўладиган кунлар ҳақида маълумотларни тўплаб бориб, дарсларни маълум муддат онлайн ёки бошқача форматда ўқитишга тайёр бўлиши;
  • Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги сел келиш хавфи бор ҳудудларни ўрганиб чиқиб, агар шундай вазиятлар бўладиган бўлса, вақтинчалик сув босиб ёпиладиган мактаблар ўқувчилари учун ёки эвакуация қилинадиган болалар учун вақтинчалик кўчма мактаблар ташкил қилиши;
  • Аномал иссиқ кузатиладиган пайтларда таълим муассасаларида электр узилиши муаммолари бўлмаслиги учун мактабларни яшил энергия билан таъминлаш лойиҳаларини синаб кўриш мумкин.

Зилола Ғайбуллаева, журналист

Мавзуга оид