Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шикоят тақдири нима бўл(а)ди? – Бош прокуратуранинг ҳоким ва инвесторга оид текширув тафсилотлари ҳақида
Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг бош прокурорга йўллаган шикоятини кўриб чиқиш муддати яна бир ойга узайтирилди. Бош вазир кўрсатмаси билан “MJ Developers” ва пойтахт ҳокимлиги ўртасидаги инвестициявий низо махсус ишчи гуруҳи томонидан ўрганиладиган бўлди. Компания вакили Kun.uz билан суҳбатда текширувнинг дастлабки тафсилотлари ҳақида гапириб берди.
Тошкентдаги “Minerva city” ва “Lake city” лойиҳалари инвестори – “MJ Developers” компанияси асосчиси Мурари Лал Жалан олдинроқ Kun.uz'га интервью бериб, лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган ҳудуднинг олиб қўйилишини Тошкент шаҳар ҳокимининг талабини бажармагани билан боғлаганди. Шаҳар ҳокимлиги бунга муносабат билдириб, унинг сўзларини давлат хизматчисини обрўсизлантириш деб ҳисоблаши ва Бош прокуратурага мурожаат қилинишини маълум қилганди.
Ҳинд инвестори устидан киритилган шикоят бўйича Бош прокуратура ўтказган текширув давом этмоқда. Kun.uz мухбири “MJ Developers” компанияси билан боғланиб, текширув жараёни ҳақида суҳбатлашди.
Мухбир саволларига “MJ Developers” компанияси менежери Беруний Алимов жавоб берди.
— 28 ноябрда Kun.uz'да “Minerva city” лойиҳасининг инвестори билан суҳбат эълон қилинди. Айтинг-чи, кўплаб шов-шувларга сабаб бўлган мазкур интервью “MJ Developers” компанияси ва унинг раҳбари Мурари Лал Жаланнинг Ўзбекистондаги фаолияти, амалга ошираётган ва ошмаётган лойиҳаларига таъсир қилдими?
— “MJ Developers” компаниясининг асосчиси Мурари Лал Жалан берган интервью нафақат Ўзбекистон, балки хориждаги жамоатчилик вакиллари, қолаверса, ишбилармон доираларининг диққат-марказида бўлди.
Интервьюда кўтарилган компаниянинг Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ қатор мураккаб масалалар таниқли иқтисодчи экспертларнинг ва ҳуқуқшуносларнинг ҳам турли хил муносабатларига сабаб бўлди. Ва ўша интервьюда таъкидланганидек, Бухоро ва Наманган вилоятидаги лойиҳалар ҳеч қандай тўсиқларсиз давом этмоқда. Фақатгина, ҳаммамизга маълумки, Тошкентдаги иккита лойиҳа – “Minerva city” ва “Lake city” тўхтаб қолган.
— Тошкент шаҳар ҳокимияти интервьюни “давлат хизматчисини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракат” дея баҳолади. Бу бўйича Бош прокуратурага шикоят киритилди. Прокуратурадаги текшириш жараёнлари қандай кечди? Улар нималарни текширишди ва текширув натижаси нима билан тугади?
— Дарҳақиқат, интервьюдан кейин Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан Бош прокуратурага мурожаат қилинганди. Бундай вазиятда кўпчиликнинг хаёлига бир нарса келганди: энди инвесторга босим ўтказилади. Яъни компания фаолияти билан боғлиқ турли камчилик ва нуқсонларни излаш, хусусан, инвесторга нисбатан текширувлар, турли қидирув ишлари бошланади, қандайдир айбловлар қўйилади, компания босим остида қолади, деган хавотирли ўй-фикрлар юзага келди. Албатта, бу каби фикрлар нафақат Kun.uz ўқувчиларида, балки кенг жамоатчилик вакилларида, компания раҳбарияти ва ишчиларида ҳам кузатила бошланган эди.
Бироқ шу нарсани таъкидлашни истар эдикки, Бош прокуратура ходимлари ўз ишларини яхши, пухта олиб борганликларига гувоҳ бўлдик. Уларнинг чет эл фуқароси, хорижий инвестор билан дипломатик муносабатда бўлганликларини кўрдик.
Бош прокуратура ишни ўрганиб чиқиб, инвестициявий келишув доирасида келиб чиққан низони ўрганиш бўйича ҳукумат раҳбари номига хат киритган. Айни пайтда ишимиз бош вазирнинг кўрсатмаси билан тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимларидан иборат таркибда тузилган махсус ишчи гуруҳи томонидан ўрганилмоқда.
— “MJ Developers” компанияси “Minerva city” ва бошқа лойиҳалари, масалан, “Lake city”ни қуришда давом этадими ёки лойиҳа тўхтатиладими? Ҳозир жараён қайси босқичда?
— Юқорида айтганимдек, Бош прокуратура томонидан ҳукумат раҳбарига хат киритилган. Унга асосан ҳолатни махсус гуруҳ ўрганмоқда. Бизнинг барча ҳаракатларимиз амалдаги қонунлар ва инвестиция шартномаси доирасида кечган. Шу боис “MJ Developers” компанияси фойдасига хулоса қилинишига умид билдиряпмиз.
Шундай бўлган тақдирда лойиҳа амалга оширилиб, “Minerva city” ҳам, “Lake city” ҳам албатта охирига етказилади.
— “Minerva city”нинг кўп қаватли уйлари учун тўлов қилган фуқароларнинг пуллари босқичма-босқич қайтариб берилиши айтилганди. Ҳозирда бу жараён қандай кетяпти? Одамларга пуллар қайтариляптими ёки уларга хонадонлар топшириладими?
— Бу иш режага кўра давом эттириляпти. Жумладан, ижтимоий тармоқларда уй олиш учун пул киритган ва пулларини қайтариб олишни сўраб чиққан бир гуруҳ фуқароларга маблағлари тўлиқ, ҳатто вақтидан олдин қайтариб берилди. Буни уларнинг ўзларидан ҳам сўраш мумкин.
Биз 2023 йилда харидорларга уйларни топширишни бошламоқчи эдик. Яъни қонун бўйича уйларни топшириш муддатидан компания ўтиб кетгани йўқ. Шундай бўлса-да, харидорларнинг айримлари уй ўрнига пулни қайтариб олишни афзал билишди ва улар киритган маблағлар босқичма-босқич қайтариб берилган ва бу иш яна давом эттирилмоқда.
Лекин ҳозирги кундаги ижобий ўзгаришлар туфайли пулни қайтариб олиш эмас, балки ўз уйларига эга бўлишни истаганлар ҳам бор.
— “MJ Developers” компаниясининг Наманган ва Бухородаги лойиҳалари муваффақиятли кетаётгани ҳақида гапирдингиз. Улар қандай лойиҳалар? Нега Наманган ва Бухородаги лойиҳаларда ҳаммаси рисоладагидек кетмоқда, Тошкентда эса ундай эмас...
— Қурилиш объектларимизда иш жараёни тўхтаб қолгани йўқ. Аксинча, 28 декабр куни “Namangan Square” лойиҳасининг расмий очилиши бўлиб ўтди. Аниқроғи, ушбу лойиҳа таркибига кирувчи дастлабки турар жойлар қурилиши ниҳоясига етказилиб, янги уйларнинг калитлари ўз эгаларига Наманган вилояти ҳокими ва сектор раҳбарлари томонидан расман топширилди.
Шунингдек, Бухоро вилоятидаги 5 юлдузли Hyatt Regency меҳмонхонаси ҳудудида ҳам фаолиятимиз жадал кетяпти. Қурилиш ишлари деярли охирига етказилган. Ҳозирда биноларнинг ички безаклари билан боғлиқ якуний жараён кетяпти. Ҳар иккала вилоятдаги фаолиятимиз билан бевосита жойига бориб ҳам танишиш мумкин.
Тошкентдаги “Minerva city” ва “Lake city”нинг ҳар иккаласида ҳам қурилишга тайёргарлик ва дастлабки қурилиш ишлари аллақачон амалга оширилган. Бироқ айрим англашилмовчиликлар ва техник сабабларга кўра, бу ҳудуддаги ишларимиз тўхтаб қолган.
Менимча, бунга асосий сабаблардан бири – ҳокимиятда чет эл инвесторлари билан ишлайдиган мутахассисларнинг тажрибаси камлиги, қурилиш соҳасида жаҳон стандартлари билан боғлиқ янгиликларни қабул қилишга тайёр эмаслиги, энг асосийси, собиқ шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаевнинг сармоядорга нисбатан ишончсизлигида эди деб ўйлаймиз.
Эндиликда бунёд этиладиган биноларнинг бош режаларини қайтадан кўриб чиқиб, уларни янада такомиллаштириш устида бош қотиряпмиз.
***
Таҳририятдан: Kun.uz текширув натижалари бўйича маълумот олиш мақсадида прокуратуранинг тегишли бошқармаси ходими билан боғланди. Унинг маълум қилишича, собиқ шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаевнинг адвокати бош прокурор номига қўшимча шикоят аризаси киритгани сабабли текшириш 1 ой муддатга узайтирилиб, иш ҳолатлари қўшимча ўрганилмоқда. Бундан ташқари, инвестиция шартлари бўйича низо масаласини ўрганиб чиқишни сўраб бош вазирга хат киритилган.
16 январ куни аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ўтказилган йиғилишда президент ўз вазифасини уддалай олмаган бир қанча амалдорлар қатори Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ҳам ишдан олди. Унинг ўрнига ҳокимнинг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Маълумки, Ортиқхўжаев Бош прокуратурага шикоятни шаҳар ҳокими сифатида киритган эди. Эндиликда бу ариза ўз кучида қоладими? Ҳокимликнинг янги маъмурияти ўрганиш давом этишидан ва текширув натижаларидан манфаатдорми? Шу каби саволларга жавоб олиш учун Kun.uz Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Мукаррам Азимова билан боғланди. Унинг таъкидлашича, текширув тафсилотлари ҳокимликка маълум эмас.
“Сўровингиздан сўнг ҳамма бўлимлар билан гаплашиб чиқдим. Бош прокуратурага киритилган ариза ва текширув натижалари бўйича бизда маълумот йўқ, бу ахборотлар бизга берилмаслиги маълум қилинган. Расмий изоҳ Бош прокуратуранинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинади. Таъкидлаш керак, инвестор билан суҳбат Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан бўлган бўлса ҳам, бу масала шаҳар ҳокимлигига тааллуқли. Ҳокимликнинг ҳозирги маъмурияти учун ҳам бу аризанинг тақдири, текшириш натижалари муҳим. Чунки булар жуда катта лойиҳа ва ушбу лойиҳалар учун катта ҳудудлар ажратилган. Катта инвестицион лойиҳаларига катта маблағ киритилади, бу эса республика бюджети учун ҳам фойда бўлади.
Расмий хабарни прокуратура жамоатчиликка эълон қилади”, – деди Мукаррам Азимова.
Дилшода Шомирзаева,
Kun.uz
Мавзуга оид
16:26 / 27.05.2025
Марказий Осиёнинг энг яхши шаҳри аниқланди
14:30 / 27.05.2025
Пойтахт бош режаси интерактив харитада: унда нималар акс этган?
13:15 / 26.05.2025
Ўзбекистон Хитойнинг йирик компаниялари билан 20 дан ортиқ келишувлар имзолади
11:16 / 24.05.2025