Жаҳон | 23:31 / 24.01.2023
34839
2 дақиқада ўқилади

«У имкониятни бой берди» - Иля Варламов Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими ҳақида 

Россиялик машҳур блогер Ўзбекистоннинг катта шаҳарлари ҳокимларига биргаликда сайр қилиб, одамлар муаммоси билан қизиқиб кўришни таклиф қилганини айтди. 

Фото: YouTube / varlamov

Россиялик журналист, видеоблогер, шаҳаршунос ва жамоат арбоби Иля Варламов Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг лавозимдан олиниши масаласига эътибор қаратди. 

«Ўтган ҳафта совуқ антициклон Ўзбекистонни қамраб олди ва бутун мамлакат бўйлаб энергетика инқирозига олиб келди. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг кўплаб аҳолиси кунларни иссиқ сув, газ, электр ва иссиқлик таъминотисиз ўтказди. Кейинроқ давлат раҳбари Тошкент шаҳар ҳокимини фаолиятидаги камчиликлари туфайли лавозимидан четлатишга қарор қилди», деди блогер. 

Шунингдек, Иля тахминан бир ой олдин Ўзбекистоннинг исталган йирик шаҳри ҳокимига ўзининг «Большая дорога с мэром» лойиҳасида иштирок этишни, шаҳар кўчаларида биргаликда сайр қилишни, одамлар билан суҳбатлашиб, ободонлаштириш, инфратузилма, архитектура ва бошқа масалалар бўйича муаммоларни муҳокама қилишни таклиф этганини, аммо бу таклифи эътиборсиз қолдирилганини айтди. 

«Тошкент шаҳар ҳокими мен билан сайр қилиши мумкин эди, уни барибир ишдан бўшатишди. Қисқаси, у аллақачон лойиҳамда иштирок этиш имкониятини қўлдан бой берди. Умид қиламанки, унинг вориси сал дадилроқ бўлади», - деди Варламов. 

Иля Варламов 2017 йилдан буён шаҳарсозлик, қулай инфратузилма ва сиёсатга бағишланган YouTube каналини юритади. 2023 йил январ ҳолатига унинг обуначилари сони 4 миллиондан ошган. Кўрсатувлари 1,3 миллиард марта томоша қилинган. Варламов дунёнинг кўплаб мамлакатларида, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам бўлиб, шаҳарсозлик, ободонлаштириш, инфратузилма муаммоларига бағишланган фото ва видео материалларни эълон қилган.

Мавзуга оид