Ўзбекистон | 16:37 / 27.01.2023
9575
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Асакада мактаб қурувчиси устидан жиноят иши очилди

Kun.uz Асака туманидаги 3-сонли мактаб деворлари қурилиш тугамасидан туриб ёрилаётгани ҳақида ёзганди. Айни пайтда қурувчи ташкилот учта ҳолатда жами 1,8 млрд сўмлик талон-торожда гумонланмоқда. Корхона раҳбари қўлга олинган.

Kun.uz сайтида Асака туманида салкам 4,5 миллиард сўмга қурилаётган янги мактаб биносининг деворлари аллақачон шўрлаган ва ёрилган, эшиклари эса тўлиқ ёпилмаётгани ҳақида суриштирув эълон қилинган эди.

Бу қурилишни амалга ошираётган “Odil-Xamza” хусусий корхонаси масъули камчиликлар бартараф этилишини айтганди.

Андижон вилояти прокуратурасининг хабар беришича, корхона раҳбари Х.О. ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 228-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Асака туман прокуратураси дастлабки терговни олиб боряпти.

Органга кўра, корхона томонидан 2022 йилда Асака туманидаги иккита маҳаллада сув тармоғи тортиш ишлари ҳамда 3-сонли мактаб биносини қуриш ишларида ҳақиқатда амалга оширилмаган 1 млрд 756 млн сўмлик иш ҳажми қўшиб кўрсатилиб, бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли талон-торож қилинган бўлиши мумкин.

“Хусусий корхона раҳбари Х.О. бюджетга етказилган зарарни қоплаш чораларини кўрмасдан, аксинча тергов органига келишдан қасддан бўйин товлаб келгани сабабли у мажбурий тартибда келтирилиб, қонунда белгиланган тартибда гумон қилинувчи сифатида ушланган”, – дейилади хабарда.

Вилоят прокуратураси терговни назоратга олган. Ҳолат атрофлича ўрганилиб, натижалари жамоатчиликка маълум қилинади, дейилади хабарда.

Абдували Қурбонов
Тайёрлаган Абдували Қурбонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид