Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат аралашувини чеклаш – Туркияда 80-йилларда бошланган энергия сиёсати ҳақида
Туркияда 1980 йилларда энергетика, телекоммуникация, нефт кимёси, темир ва пўлат ишлаб чиқариш саноати устидан тўлиқ назоратни давлат ўрнатган эди. Натижада бюджет кўрсаткичлари ёмонлаша бошлади. Хўш, бундай вазиятда Туркия нима қилди?
Давлат қўлидаги электр тармоғи
1970 йилдан бошлаб Туркияда электр энергия соҳасининг барча йўналишини бирлаштирган давлат компанияси бошқариб келаётган эди. Ўша йиллари Туркия тўлов балансида жиддий инқироз кузатилди. Ва бу Туркияда маҳаллий бозорлар ва ташқи савдони эркинлаштириш, давлатнинг иқтисодиётга аралашувини чеклашга туртки бўлди. Бунгача Туркияда иқтисодий сиёсатни белгилашда давлат марказий ўринни эгаллар ва унинг таъсири катта эди. Хусусан, давлат иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқлари ҳисобланган энергетика соҳаси, телекоммуникация, нефт кимёси, темир ва пўлат ишлаб чиқариш саноати устидан тўлиқ назорат ўрнатган эди.
1980 йилларда Туркияда бозор иқтисодиётига қаратилган ислоҳотлар электр соҳасига ҳам таъсир қила бошлади. Туркия электр энергетикаси бошқармаси 2009-2013 йиллардаги ислоҳотлар натижасида иккита алоҳида давлат ташкилотига бўлинади. Булар Туркия электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш (ТЕİАŞ) ва Туркия электр энергиясини тақсимлаш (TEDAŞ) давлат компанияларидир.
Энергия ислоҳоти нимани ўзгартириши керак эди?
Аввало Туркияга нима учун электр энергетикаси ислоҳотлари керак эди деган саволга тўхталамиз. Туркия бир неча йиллардан бери Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ҳаракат қилади. Бунинг учун эса иттифоқнинг талабларини бажариши керак. Шундай талаблардан дастлабкиси энергетика соҳасидаги ислоҳотлар эди. Бу ҳақда кўплаб халқаро институтлар бонг уришни бошлади ва ушбу институтлар Туркиядаги ислоҳотлар жараёнида иштирок этди.
Ислоҳотлар электр энергияси учун ошиб бораётган талабни қондириш ва давлат бюджети параметрларини яхшилаши керак эди. Бунда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва истеъмол қилувчи икки тараф учун ҳам бериладиган субсидияларни тугатиш мақсад қилинди. Электр энергияси учун узлуксиз субсидия бериш ва келажакдаги талабни қондириш учун давлатнинг молиявий имкониятлари етарли эмас эди.
Шунингдек, электр энергетикаси соҳасидаги самарадорликни ҳам ошириш керак эди. Хусусий сектор жалб қилиниши рақобатни кучайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва харажатларни қисқартириш, монополия туфайли юзага келадиган самарасизликни камайтириш имконини берди.
Жиддий қадамлар
Туркия ислоҳотларни амалга ошириш йўлида жиддий қадамлар ташлади. Электр энергетикаси соҳасига инвестиция жалб қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва рақобатни қўллаб-қувватлашга киришди.
Хусусий секторнинг иштирокини таъминлашга қаратилган дастлабки қонун ҳужжати 1984 йилда ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди. 1993 йилда Туркиянинг электр энергетикаси соҳасини назорат қилувчи ягона тизимни бир неча йўналишга ажратиш бошланди. Ижобий натижалар кутилганидан секин бўлди. Чунки давлатнинг ҳукмрон мавқейи сақланиб қолаётганди. 1994 йилда хусусий секторга эгалик ҳуқуқини сотиш жараёни Конституцион суд томонидан тўхтатилди. Шундан сўнг 1999 йилда хусусийлаштиришни қўллаб-қувватлаш бўйича Конституцияга тузатишлар киритилди.
90-йиллар охирига келиб, Туркиядаги бюджет кўрсаткичлари ёмонлашуви иқтисодий ислоҳотларни, жумладан, электр энергетикаси соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштиришга туртки берди. 2001 йилда Туркия ҳукумати “Электр энергетикаси бозори тўғрисида”ги қонунни амалиётга татбиқ қилди ва соҳада йирик бурилиш бошланди. Мақсад – хусусий инвестицияларни жалб қилиб, самарадорликни ошириш ва талабни қондириш эди. Давлатга тегишли ташкилотлар бизнес фаолияти йўналишларига ажратилди. Жумладан, ишлаб чиқариш, етказиб бериш, тақсимлаш, улгуржи ва чакана миқдорда сотиш каби фаолият йўналишлари вужудга келди.
Нарх белгилашнинг янги механизми
2002-2007 йиллар орасида электр энергияси учун талаб ошиб борди, бироқ тарифлар ўзгаришсиз қолдирилди. Бу даврда электр энергетикаси соҳасида тизимли ўзгаришлар юз бергани, электр энергияси ишлаб чиқариш харажатлари сезиларли даражада ошганига қарамасдан, тарифлар ўзгартирилмади. Нарх ва харажат орасидаги тафовут ортиб бориши, электр энергетикаси соҳасидаги инфратузилмани таъмирлаш ва янги инвестициялар киритиш учун давлатнинг молиявий имкониятларини чеклаб қўйди. Бундан ташқари, ушбу даврда паст нарх ҳисобига электр энергияси учун талаб кескин ошиб кетди.
Юзага келаётган муаммони бартараф этиш мақсадида ҳукумат электр энергетикаси соҳасида харажатларни тўлиқ қоплашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқди. 2008 йилнинг январ ойида электр энергияси учун тарифлар аввалги йилдагига нисбатан 20 фоизга оширилди. Март ойида эса ҳукумат харажатга асосланган нархларни белгилаш механизмини жорий қилди ва нархлар ҳар чоракда таклифга мослаб ўзгартириб борилди. Нарх белгилашнинг янги механизми 2008 йилнинг июл ойидан сўнг ўз самарасини кўрсата бошлади. Ушбу даврда электр энергияси нархи 50 фоизга ошган бўлса-да, уй хўжаликларининг турмуш даражасига кўрсатган таъсири деярли сезилмади. Сабаби электр энергияси учун харажатлар аҳолининг жами харажатларига нисбатан анча паст эди.
Салбий таъсирларга қарши чора
Электр энергетикаси тизимидаги ислоҳотлар даврида Туркия муайян юмшатиш чораларини жорий қилмади. Субсидиялар бекор қилиниши аҳолининг камбағал қатлами ҳаётига кучли салбий таъсир қилмаслиги учун давлатнинг амалдаги ижтимоий ҳимоя дастури доирасида қўшимча чора-тадбирлар кўрилди.
Умуман олганда, иқтисодиётни эркинлаштиришга қаратилган ислоҳотлар электр энергетикаси соҳасидаги ислоҳотларга ижобий таъсир кўрсатди. Туркияда 1980-йилда бошланган бозор иқтисодиётига ўтишни жадаллаштирган ислоҳотлар электр энергетикаси тизимидаги ислоҳотларни ҳам қўллаб-қувватлади.
Иқтисодий шароит яхшиланиб бориши ислоҳотларни самарали якунлашда муҳим ҳисобланади. 90-йиллардан кейин Туркия иқтисодиёти жадал ўсиши ва аҳоли турмуш даражаси яхшиланиб бориши ислоҳотларга нисбатан ижобий муносабатни шакллантирди.
Мустақил институтлар ва ташкилотлар иштироки ислоҳотлар доирасида зарур техник (сиёсатдан холи) қарорлар қабул қилишни осонлаштиради. Туркиянинг “Электр энергетикаси бозори тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, нефт саноатини тартибга солувчи EMRA мустақил ташкилотининг электр энергетикаси ислоҳотларига жалб қилиниши, соҳани самарали бошқаришга хизмат қилди.
Имомжон Ҳамидов, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти катта илмий ходими
Мавзуга оид
16:02 / 19.05.2025
Президентга қурилиш материаллари тармоғидаги режалар тақдимот қилинди
20:52 / 15.05.2025
Шавкат Мирзиёев Туркия вице-президенти билан учрашди
02:31 / 15.05.2025
Путин Украина билан музокараларда иштирок этадиган делегация таркибини тасдиқлади
23:40 / 14.05.2025