Иқтисодиёт | 17:59 / 30.01.2023
77395
12 дақиқада ўқилади

Россиянинг Хитойга қарамлиги кучаймоқда. Долларни юанга алмаштириш ортида қандай хавфлар мавжуд?

Россия расмийларининг Хитой Москвага санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бериши борасида қилган умидлари рўёбга чиқмади. Хитой санкцияларга қўшилмади, лекин жорий қилинган тақиқларга эҳтиёткорлик билан амал қилди. Россиянинг Хитойга иқтисодий қарамлиги эса кучайиб борди.

Фото: picture alliance / Scanpix / LETA

Урушни давом эттираётган Россия учун асосий муаммолардан бири бу ташқи савдо ҳисоб-китобларини қандай ҳал қилиш масаласидир. Россиянинг йирик банклари SWIFT тизимидан узиб қўйилди, трансчегаравий операциялар учун каналлар сони кескин камайди, доллар ва еврода валюта операцияларини амалга ошириш анча қийинлашди. Ҳукумат экспорт учун пул олиш ва импорт учун тўловни амалга оширишнинг янги схемалари ва ечимларини излашга мажбур бўлди.

Агар 2022 йил баҳорида уруш узоқ давом этмаслиги ва аввалги тартибларга қайтиш мумкинлиги ҳақида ҳали ҳам кичик умид бўлган бўлса, ҳозир вазият жуда чигал. Кремль айни вақтда ҳатто Эронда кенг тарқалган «ҳавала» тўлов тизимидан фойдаланиш масаласини муҳокама қилишга ҳам тайёр, бу тизим пул ювишга қарши қонунлар туфайли кўплаб мамлакатларда ноқонуний ҳисобланади.

Ҳукумат ва бизнес миллий валютада операциялар амалга ошириш, бартер, нақд тўловлар ва бошқа схемаларга ўтишга ҳаракат қилди, бироқ 2022 йил учун тизимли ечим топилмади. Аммо ушбу қидирувлар давомида аллақачон аниқ тренд шаклланди: асосий эътибор криптовалюталарга ва тўловларни юанлаштиришга қаратилди. Бу эса, ўз навбатида Россия иқтисодиётининг барча хавфлар билан бирга Хитой валютасига қарамлигини тез суръатлар билан ошириб боряпти.

Доллардан юанга

Иқтисодий мустақиллик Владимир Путин дунёқарашига кўра, суверенитет асосларидан биридир. Ғарб молиявий санкцияларни қўллаш орқали Россиянинг ушбу соҳадаги заифлигини кўрсатди, яъни Россия ҳукумати учун ҳозирда асосий вазифа долларни четлаб ўтган ҳолда (яъни Америка банкларидаги вакиллик ҳисобларисиз), бошқа давлатлар билан ҳисоб-китоб қилиш имконини берадиган янги ечим яратишдир.

Агар ҳисоб-китоб механизми, қоида тариқасида, молиявий маълумотларни узатишнинг анъанавий каналларидан мустақил бўлса бу янада яхши хабар. Чунки бундай тизим сабаб санкциялар, журналистларнинг эътибори ва бошқа ёқимсиз нарсалардан қўрқишга ҳожат қолмайди.

Бироқ Кремль доллардан мустақиллик ҳақида хаёл сураётган бир пайтда, реалликда муқобил вариантлар йўқлиги Россия фирмаларини рубль ва Хитой юанидаги операцияларни амалга оширишга мажбур қилмоқда.

Урушдан олдин ҳам Россия банки Россия молия секторининг Москвага қарши санкциялар қўллаган Ғарб давлатлари валюталарига, биринчи навбатда, АҚШ долларига боғлиқлигини камайтириш йўлидан бораётганди.

Уруш бошланиб, санкциялар кенгайтирилгач, бу жараённи тезлаштиришга тўғри келди. 2022 йилнинг учинчи чорагида Россия банк тизимидаги валюта активлари даражаси 15 фоизга тушиб кетди, бу тарихдаги энг паст қиймат бўлди. Тўққиз ой ичида Россия бозорида доллардаги ҳисоб-китоблар улуши 52 фоиздан 34 фоизга, евродаги амалиётлар эса 35 фоиздан 19 фоизга камайди. Уларнинг ўрнини рубль (12,3 фоиздан 32,4 фоизгача) ва юандаги (0,4 фоиздан 14 фоизгача) ҳисоб-китоблар эгаллади. Юаннинг улуши биржа савдоларида ҳам кескин ошди — 3 фоиздан 33 фоизга.

Доллар ва евродан фойдаланиш хавфини минималлаштириш истаги фирмаларни савдо операциялари учун юандан тобора кўпроқ фойдаланишга мажбур қилди, банклар юан воситаларини таклиф қила бошлади, компаниялар Хитой валютасида облигациялар чиқарди. 2023 йилда Молия вазирлиги бюджет юритиш қоидасини янгилайди. Бюджетнинг нефт ва газ даромадлари 8 триллион рублдан ўтгандан кейингина вазирлик очиқ бозорда валюта сотади ёки сотиб олади.

13 январдан 6 февралгача 54,5 миллиард рубллик валюта сотиш режалаштирилган. Валюта операциялари учун асос Молия вазирлиги ҳисобварақaларидаги тахминан 3,1 триллион рублни ташкил этадиган юандаги ликвид активлар (Миллий бойлик жамғармасининг ликвид активлари таркибидаги тақсимлаш учун мавжуд бўлган жами маблағнинг 40 фоиздан ортиқ қисми) бўлади. Бу миқдор ҳозирча катта эмас ва Россиядаги сўнгги уч ойдаги юан айланмасининг атиги 3 фоизини ташкил қилади, холос. Аммо умуман олганда, рубль курси учун бу ўзгарувчанликнинг пасайишини англатади.

Молия вазирлиги операциялари валюта тебранишларини юмшатади, нефт нархи ўзгариши ортидан валюта курсида кескин сакрашлар камроқ бўлади ҳамда улар фирмалар ва аҳолини безовта қилмайди, инфляцион кутилмаларни пасайтиради. Аммо Молия вазирлиги эндиликда Хитой валютасининг барқарор манбасига муҳтож. Москва биржасида эса юан танқислиги янги йил таътили олдидан аллақачон кузатилди.

2022 йил охирида Молия вазирлиги Миллий бойлик жамғармасининг (Россия давлат захира фонди) валюта таркибий қисми тузилмасини ҳам қайта кўриб чиқди: юаннинг максимал улуши икки бараварга ошиб, 60 фоизни ташкил қилди. Агар Россия 2023 йилда нефт ва газдан қўшимча даромад олишга муваффақ бўлса, у ҳолда уларни доллар ва еврода эмас, юанда жамғаради.

Россия ҳукумати фахрланиб таъкидлаётган долларсизлаштириш аслида юанлаштиришга айланмоқда. Россия юан валюта майдонига интилмоқда ва долларга қарамликни юанга қарамликка алмаштирмоқда. Бундай алмашувни ишончли деб аташ қийин: Россия захиралари ва тўловларига Хитой коммунистик партияси ва Хитой Халқ банкининг валюта курсини бошқариш бўйича қарорлари бевосита таъсир қилади. Ва агар Кремлнинг Пекин билан муносабатлари ёмонлашса, захираларни йўқотиш ёки тўловларни тўхтатиш хавфи яна пайдо бўлади.

Юаннинг глобаллашуви

Хитойдаги капитал операциялари бўйича мавжуд чекловлар туфайли юан тўлиқ захира валютасига айлана олмайди. Унинг глобал захиралардаги улуши (атиги 3 фоиз) доллар (60 фоиз) ва евро (20 фоиз) гегемонлиги фонида арзимас кўринади. Аммо Хитойга йирик энергия экспорт қилувчи ва у ердан турли товарларни импорт қилувчи Россиянинг юанга тобора ортиб бораётган қарамлиги Хитой ҳукуматига юанни халқаро даражага олиб чиқишга ёрдам бермоқда. Октябр ойида Москва Хитойдан ташқарида юан билан савдо қилиш ҳажми бўйича тўртинчи ўринни эгаллади. Апрел ойида шаҳар бу борада ўн бешталикка ҳам кирмас эди.

Юаннинг глобаллашуви ўзига хос йўлга эга. Бу унинг бошқа мамлакатлар захираларидаги улушининг ўсиши орқали эмас, балки берилган ҳисоб-фактуралар ва тўловлар сони кўпайиши орқали амалга оширилади. Мамлакатлар Хитой билан қанчалик кўп савдо қилса, уларнинг захираларидаги юаннинг улуши ҳам шунчалик юқори бўлади. Хитой юандаги савдони рағбатлантиришда жуда моҳир, бунда у панда облигациялари, Хитой тараққиёт банклари кредитлари, глобал клиринг тармоғи ва CIPS тўлов тизимидан (SWIFT’нинг аналоги) фойдаланади.

Хитой валютаси глобал тўловларда доллар, евро, инглиз фунти ва япон иенасидан сўнг барқарор равишда бешинчи ўринни эгаллайди (иенага деярли етиб олган). Савдо экспансиясини қўллаб-қувватлаш учун бошқа мамлакатлар билан юан swap-линияларини очиш бўйича икки томонлама келишувлар тузилмоқда — Хитой Халқ банки ҳозирда камида 39 та давлат марказий банки билан шундай келишувларга эга бўлиб, ушбу битимларнинг умумий қиймати 3,7 триллион юанга (550 миллиард доллар) тенг.

Фавқулодда ликвидлик линияси сифатида swap линияларидан фойдаланадиган АҚШ Федерал захира тизимидан фарқли ўлароқ, Хитой Халқ банки уларни савдони қўллаб-қувватлаш воситаси сифатида кўради. swap’лар ҳажми одатда шартнома имзолаган мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулотига нисбатан анча катта.

Россиялик сиёсатчилар юаннинг халқаро экспансияси доллар қулашига олиб келишини айтишни яхши кўришади. Аммо аслида бундай эмас. Юаннинг глобаллашуви қанчалик кучайса, Хитой ҳукуматининг доллар захираларига бўлган эҳтиёжи ҳам шунчалик ортади. АҚШ валютаси Хитой ҳукуматига офшор бозорларда, биринчи навбатда Ҳонгконгда юаннинг башорат қилинадиган курсини қўллаб-қувватлаш учун керак.

Шундай қилиб, юаннинг захира валютаси сифатида кучайиши долларнинг заифлашишига олиб келмайди, аксинча, валюталар бир-бирини тўлдиради. Москва учун бу биринчи навбатда Пекин долларга нисбатан салиб юришида унга ёмон иттифоқчи бўлишини англатади.

Криптовалюта бўйича ҳамкорлар

Россия ва Хитой ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик криптовалюталар бозорида ҳам ўсмоқда. Ҳозирча Россия фақат ташқи савдо операцияларида криптовалюталар билан тўлов усулини синовдан ўтказмоқда. Аммо Марказий банк 2023 йилда трансчегаравий ҳисоб-китобларни рақамли рублда — миллий рақамли валютада (CBDC) олиб бориш режасини ишлаб чиқмоқда. Ҳозирда иккита вариант бор, биринчиси — банклар ўртасидаги вакиллик ҳисобларининг муқобили сифатида CBDC платформаларини интеграция қилиш бўйича икки томонлама шартномалар тузиш, иккинчиси — давлатни, унда ишлайдиган турли мамлакатларнинг рақамли валюта платформалари ўртасидаги тўловларни амалга оширадиган ягона интеграция платформасига улаш.

Биринчи вариант жуда қулай: рақамли рублдан пул ўтказмалари ёки импорт учун қисман тўлов каби трансчегаравий тўловларни амалга оширишда фойдаланиш мумкин. Ушбу вариантдаги мақсадлар ва суммалар халқаро шартномалар билан чекланиши мумкин.

Иккинчи вариант технологик жиҳатдан илғорроқ: платформа намунавий стандартлар ва ўзаро алоқа протоколларига эга бўлади ва шунга мос равишда миллий рақамли валютаси камроқ ривожланган давлатлар уларга мувофиқ ҳамкорлик қилади.

Ушбу CBDC варианти маълум хавфларни ҳам ўз ичига олади: фиат валютага (курси бозор, банк захираларидан эмас, ҳукумат томонидан таъминланувчи валюталар) боғланган хорижий рақамли миллий валюталар беқарор инфляция ва валюта курслари мавжуд бўлган мамлакатларда фаол жамғарма тўплаши ёки тўловларни CBDC’да тўлашни рағбатлантириши мумкин.

Фақатгина Хитой Россия учун иккала вариантда ҳам шерик бўлиши мумкин. Хитойда Alipay ва WeChat Pay платформалари орқали рақамли транзакциялар ҳажми 2019 йилнинг биринчи ярмида 166,1 триллион юанга (23,8 триллион доллар) етган эди. Бундан ташқари, Хитой икки йилдан бери CBDC’нинг прототипи бўлган E-CNY’ни ички пулнинг учинчи шакли сифатида синаб кўрмоқда. 2022 йил куз фасли ўрталарида хитойликларнинг 140 миллионга яқини E-CNY рақамли ҳамёнига эга бўлди ва ундаги транзакциялар 62 миллиард юандан (9 миллиард доллар) ошди. Технологик жиҳатдан ривожланган Пекин, катта эҳтимол билан, платформанинг ишлаши учун ўз шартлари ва қоидаларни қўяди, Москва эса иккинчи даражали ролга ўтади.

Стратегик қуллик

Россия раҳбарияти Россия ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик ҳақида гапиришни яхши кўради ва ўзаро ҳамкорликнинг чегараси йўқлигини таъкидлайди. Аслида эса, бу ҳамкорлик тобора кучайиб бораётган иқтисодий қарамликка айланмоқда.

Россия Хитой товарлари учун анча ликвид бозор ва Ғарб санкциялари туфайли Хитой Россиянинг асосий савдо шеригига айланди. Хитой фирмалари параллел импорт дастурларига қўшилиб, Россияни тарк этган Ғарб компаниялари ўрнини эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Мисол учун, Россия автомобил бозорида ҳозирда фақатгина 14 та бренд қолган ва улардан 11 таси Хитойники.

Хитойнинг UnionPay тўлов тизими россияликлар учун чет элда карта билан тўлов қилишнинг ягона йўлидир. 2022 йил охирига келиб Хитой Россия товар импортининг 40 фоиздан ортиғини таъминлай бошлади. Хитойдан етказиб бериладиган таъминотга қарамлик кўлами бўйича Россия Шимолий Кореядан кейин иккинчи ўринга чиқди.

Россия расмийларининг Хитой Москвага санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам беради, деган умидлари амалга ошмади. Хитой санкцияларга қўшилмади, лекин жорий қилинган чекловларга эҳтиёткорлик билан амал қилди. Бу пайтда Россиянинг Хитойга иқтисодий қарамлиги янада кучайиб бормоқда. Демак, Кремль ўзининг «Шарққа бурилиши» сиёсатида ҳатто ўз режаларига зарар етказган тақдирда ҳам Хитойнинг геоиқтисодий манфаатларини ҳисобга олишга мажбур бўлади.

Мавзуга оид