Жаҳон | 23:25 / 04.02.2023
31359
3 дақиқада ўқилади

«Титаник» филмидаги Жекнинг тирик қолиш имконияти бўлгани айтилди 

Филм режиссёри Жеймс Кэмерон Жекнинг тирик қолиши учун бир имконияти бўлганини тан олди. 

Фото: «Титаник» филмидан кадр

Машҳур «Титаник» филмининг режиссёри Жеймс Кэмерон жуда кўплаб томошабинларнинг баҳс-мунозараларидан сўнг, бош қаҳрамонлар Роуз ва Жекнинг иккаласи ҳам тирик қолиши мумкинлигини текшириш бўйича тадқиқот ўтказди. 

Филм мухлислари Жек денгиздаги эшик бўлаги устида бўлган Роуз ёнига чиқиб олганида, тирик қолган бўлишини таъкидлаб, режиссёрга кўплаб эътирозларни билдиришган эди. 

2022 йил декабр ойида Жеймс Кэмерон тўлиқ илмий тадқиқот ўтказганини ва Роуз билан Жекда бирга тирик қолиш имконияти бўлмаганини аниқлаганини айтди. 

Изланишлар давомида режиссёр Жек ва Роузга ўхшаш гавдага эга бўлган каскадёрлар ёрдамида иккала қаҳрамон ҳақиқатдан ҳам эшикка сиғмаслигини исботлади – у иккаласининг вазнига дош беролмай, сувга ғарқ бўлар эди. 

Бироқ, режиссёр бу сўзлари билан муғомбирлик қилгани маълум бўлди. Аслида, Жекда тирик қолиш учун бир имконият бўлган. National Geographic канали бу ҳақда махсус кўрсатув ишлаган ва унда Жекнинг тирик қолиш йўли намойиш этилади. 

Қайд қилинишича, агар Роуз ўзининг қутқарув нимчасини Жекка берганида, у қайиқлар етиб келгунча бир неча соат давомида сув юзасида жон сақлаши мумкин эди. Ҳатто муздек сув шароитида ҳам. Буни синаб кўриш учун Кэмерон каскадёрлар иштирокида синов ўтказган. Унинг натижалари Жекда имконият бўлганини кўрсатган. 

«Қутқарувчи қайиқ етиб келгунига қадар у чидай оларди. Жек омон қолиши мумкин эди, лекин баъзи истиҳолалар бор. Менимча, Жек нимчани олмаган бўларди. «Мен Роузни хавф остига қўядиган ҳеч нарса қилмайман», деган бўларди у. Бу унинг характерига 100 фоиз мос келади», деди Кэмерон. 

Оддий қилиб айтганда, агар Жек Доусон ўзининг қутқарув нимчасига эга бўлганида, «Титаник» филмининг якуни унчалик қайғули бўлмасди. 

«Титаник: 25 йилдан кейин Жеймс Кэмерон билан» номли ушбу махсус филм 5 феврал куни National Geographic каналида намойиш этилади. 

Мавзуга оид