АҚШ хитойликларнинг «жосус шари»ни Атлантика устида уриб туширди. Пекин норозилик билдирди
Хитой томони бу разведка учун эмас, балки метеомаълумотлар йиғиш учун учирилганини маълум қилган.
Америкалик ҳарбийлар Жанубий Каролина соҳиллари яқинида хитойликларнинг пайшанба куни Америка ҳаво кенгликларига кириб келган «жосус шари»ни уриб туширди.
Бу жараённи кузатиб турган Reuters агентлиги фотографининг хабар беришича, ҳаво шарига қирувчи самолёт ракета учирган, аммо у портламаган, шунчаки пастга қулай бошлаган. Шар Атлантика океанига қулаган, америкаликлар унинг қолдиқларини сувдан чиқариб олиб, ўрганиш учун топширишмоқчи.
АҚШ президенти Жо Байден шарни уриб туширган қирувчи самолёт учувчисини табриклади.
Бу вақтда расмий Пекин Вашингтонга Америка томони хитойликлар шарини уриб туширгани учун норозилик билдирди. ХХР ТИВ Қўшма штатларни ҳаддан ташқари жиддий реакция қилишда ва халқаро амалиётни бузишда айблаган. Шунингдек, Хитой Вашингтоннинг ҳаракатларига жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши қайд этилган.
Шанба куни Хитой АҚШни хотиржамлик сақлаш ва ҳодисани «совуққонлик» билан текширишга чақирди.
Америкада аввалбошдан ушбу номаълум учар объектни уриб туширишга чақириқлар янграган, аммо шар ҳарбийлар фуқаролик авиацияси фойдаланадиган ҳаво йўлакларидан анча юқорида ҳаракатланаётгани ва ҳавода ҳеч қандай таҳдид солмаётгани, шунингдек, қулаш туфайли унинг парчалари қуруқликда кимгадир зиён етказиши мумкинлиги туфайли уни уриб туширишни истамаётганди.
Шанба куни АҚШ Федерал фуқаролик авиацияси бошқармаси (FAA) хавфсизлик нуқтайи назаридан учта аэропортни, жумладан ҳаво оқимлари хитойликлар шарини олиб кирган Жанубий Каролина штатидаги Миртл-Бич халқаро аэропортини ҳам ёпишга қарор қилди.
FAA шунингдек Жанубий Каролина соҳиллари яқинидаги ҳаво кенглигини фуқаролик парвозлари учун ёпиб қўйди - бу ҳудудда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари ва соҳил хавфсизлиги хизмати навбатчилик қилишга киришганди.
Пайшанба куни АҚШ ҳаво кенглигида хитойликларнинг улкан «разведкачи ҳаво шари» аниқланганидан кейин АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен расмий Пекиннинг ҳаракатларини масъулиятсизлик деб баҳолаб, ушбу шаҳарга режалаштирилган расмий ташрифини бекор қилди.
Аммо бу ҳаммаси эмасди: кўп ўтмай Пентагон Лотин Америкаси осмонида хитойликларнинг яна бир «разведкачи шари» пайқалгани ҳақида хабар берди.
Америка томони маълумотларига кўра, хитойликларнинг биринчи учратилган учиш аппарати Аляска ва Канада ҳудуди устидан жуда баланддан учиб ўтган, шундан кейин Монтана осмонида пайдо бўлган - бу ерда америкаликларнинг ядровий жанговар каллакларни ташишга қодир бўлган баллистик ракеталарини учириш шахталари жойлашган.
Ҳодиса Америка раҳбариятининг ғазабини қўзғади, Энтони Блинкен АҚШ ҳудуди устида хитойликларнинг «разведкачи шари» пайдо бўлиши мамлакат суверенитети ва халқаро қонунчиликни очиқчасига бузиш, шунингдек бу ҳодиса унинг Пекинга ташрифи режалаштирилган кунлар арафасида рўй бергани (бу АҚШ давлат котибининг кўп йиллар давомида биринчи ташрифи бўлиши кутилаётганди) ҳисобга олинса, ўтакетган масъулиятсиз қадам бўлганини айтди.
Блинкен қатор масалаларни, жумладан хавфсизлик, Тайван ва ковид масалаларини муҳокама қилиш учун 5-6 феврал кунлари Пекинда бўлиши керак эди, аммо Америка устида хитойликларнинг «разведкачи шари» пайдо бўлгач, ташриф бекор қилинди.
Пекин эса бир муддат сукут сақлади, аммо жума куни Хитой ТИВ бу чиндан ҳам Хитой шари экани, аммо разведкачи эмас, балки тинч мақсадлардаги метеорологик зонд бўлиб, ёмон ҳаво туфайли курсдан оғиб кетганини билдирди.
«Унинг бошқарув имкониятлари чекланган ва ғарбий шамоллар таъсирида у режалаштирилган йўналишдан анча оғиб кетган. Хитой томони форс-мажор ҳолатлари туфайли учар аппаратнинг АҚШ ҳаво ҳудудига беихтиёр кирганидан афсусда», дейилган вазирлик баёнотида.
Шанба куни эса Хитой ТИВ Пекин «доимо барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилгани ва ҳеч қачон ҳеч кимнинг ҳаво ҳудудини қасддан бузиб кирмагани» тўғрисида баёнот берди.
Баёнотда шунингдек вазирликнинг юқори мартабали мулозими бу ҳодисани АҚШ давлат котиби билан муҳокама қилгани билдирилган ва «кутилмаган вазиятлар билан тўқнаш келинганда» барча даражадаги алоқа каналларини очиқ тутиш ва хотиржамлик сақлаб, соғлом ақлга таяниш зарурлиги эслатилган.
Бу вақтда эса Пентагон хитойликларнинг иккинчи «разведкачи ҳаво шари»ни аниқлади - бу сафар Лотин Америкаси устида. У ҳаракатланаётган жой тўғрисида аниқ маълумот берилмаган, аммо мавжуд маълумотларга кўра, шарни Коста-Рика ва Венесуэла осмонида кўришган.
Хитой ҳозирча бу ҳудудда иккинчи шар пайдо бўлгани бўйича муносабат билдирмади.
Мавзуга оид
19:45 / 22.11.2024
Норвегияда АҚШ элчихонаси қўриқчиси жосусликда гумонланиб қўлга олинди
13:22 / 13.11.2024
Пентагон ҳужжатларини ошкор этишда айбланган шахс 15 йилга қамалди
07:56 / 13.11.2024
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
20:42 / 09.11.2024