Фан-техника | 00:55 / 05.02.2023
65458
3 дақиқада ўқилади

Дунёда биринчи марта судья нейротармоқ ёрдамида ҳукм чиқарди

Юқори технологиялар адлия соҳасига ҳам кириб келмоқда.

Фото: AFP

Колумбиянинг Картахена шаҳридаги судья Хуан Мануэл Падиля Гарсия ҳукм чиқаришда ChatGPT нейротармоғидан фойдаланганини тан олди. У буни вақтни тежаш зарурати билан изоҳлади.

Иш аутист болани даволаш учун зарур бўлган суғурта тўловлари билан боғлиқ эди. Судья суғурта компанияси барча транспорт ва тиббий харажатларини қоплаши керак деган ҳукм чиқарди. 

Маълумот учун, ChatGPT — сунъий интеллектга эга, кўпвазифали чат-бот ҳисобланади. У суҳбат олиб бориши, шеър, сценарий ёзиши ва бошқа кўплаб вазифаларни бажариши мумкин.

Судья сўзларига кўра, у ChatGPT орқали Конституциявий суд шунга ўхшаш ишлар бўйича ижобий қарор қабул қилгани ёки йўқлигини излаган. Падилянинг таъкидлашича, у чат-ботдан кўр-кўрона фойдаланмаган, жавобларни текширган ва ўзининг ҳуқуқий далиллари билан тенг равишда қўллаган. Унинг фикрича, нейротармоқ судьянинг ўрнини боса олмайди, лекин ҳужжатларни тайёрлашни осонлаштиради.

«Сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланишдан мақсад — ҳеч қандай ҳолатда судьянинг алмаштирилишини англатмайди. Аслида, биз ҳужжатларни тайёрлашга сарфланган вақтни оптималлаштиришга интиламиз. СИ жавобларидан маълумотлар тасдиқлангандан кейин фойдаланилди», дейилади қарорда.

Падиля Radio Blu эфирида суд жараёнларида замонавий технологияларни жорий этиш мажбуриятини юклаган қонунни эслаб ўтди.

«Судьялар одил судлов ва технология соҳасидаги ўзгаришлардан хабардор бўлиши керак. Колумбиядаги пандемиядан кейин биз суд тизимида инновацияларни бошладик. Бугун бу ChatGPT бўлиши мумкин, аммо кейинроқ судьяларга ёрдам бериш учун кўпроқ воситалар пайдо бўлиши мумкин. Бу сунъий интеллект бизга тушунарли сўзлар билан жуда аниқ жумлалар тузишга ёрдам беради», деди у.

Аввалроқ, ChatGPT тарихдаги энг тез ривожланаётган сервис-иловага айланиб, атиги икки ой ичида обуначилари сонини 100 миллиондан оширгани ва TikTok платформасидан ўзиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. ChatGPT сервиси ҳали ҳамма мамлакатларда ишламайди ва фақат инглиз тилини қўллаб-қувватлайди.

Мавзуга оид