Фан-техника | 22:58 / 09.02.2023
58988
2 дақиқада ўқилади

Google янги чат-боти хатосидан кейин 100 миллиард доллар йўқотди 

Bard чат-боти «Жеймс Уэбб» телескопи ҳақидаги саволга нотўғри жавоб бергач, Google 100 миллиард доллар йўқотди. 

Фото: REUTERS/Andrew Kelly

Сунъий интеллект элементларига эга Bard чат-ботининг хатоси туфайли Google’га эгалик қилувчи Alphabet компанияси акциялари қиймати қарийб 8 фоизга тушиб кетди ва капиталлашувнинг деярли 100 миллиард долларга камайишига олиб келди. 

Reuters хабарига кўра, 8 феврал куни Нью-Йорк фонд биржасидаги кунлик савдоларда акция нархи 99,37 долларгача пасайган. 

Бунга Google компанияси томонидан ишлаб чиқилган Bard чат-боти сохта кашфиётни «Жеймс Уэбб» телескопи билан боғлагани сабаб бўлгани айтилмоқда. Янги сунъий интеллект чат-ботининг жонли намойиши пайтида унга «Тўққиз ёшли боламга «Жеймс Уэбб»нинг қандай янги кашфиётлари ҳақида айтиб бера оламан?» деган савол берилган. Бот учта мисол келтирган, уларнинг иккитаси тўғри, биттаси нотўғри бўлган. Нотўғри жавоб тариқасида ушбу телескоп қуёш тизимидан ташқаридаги экзосайёралар ёки сайёраларнинг биринчи суратларини олгани айтилган.

NASA маълумотларига кўра, экзосайёраларнинг ҳақиқий биринчи суратлари анча олдин, 2004 йилда олинган. Расм муаллифи эса Европа жанубий обсерваториясининг Жуда катта телескопи (Very Large Telescope ёки VLT) эди. 

Агентлик бот хатосини Google компаниясининг OpenAI ва унинг ChatGPT каби боти билан рақобати фонида лойиҳани тақдим этишга шошаётгани билан изоҳлаган. 

Аввалроқ, Bard хизмати Google компаниясининг ўзига хос тил модели бўлган LaMDA асосида яратилгани ҳақида хабар қилинганди. Бир вақтнинг ўзида ChatGPT боти Microsoft компаниясининг Bing қидирув тизимига интеграция этилиши эълон қилинди. 

Мавзуга оид