Жаҳон | 13:41 / 10.02.2023
7265
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи ноқонуний муҳожирлардан ҳимоя бўйича иккита лойиҳа тайёрлади

ЕИда бошпана сўраб мурожаат қилганлар сони кескин ортиши фонида Европа Иттифоқи давлатлари ноқонуний миграцияни чеклаш ниятида.

Фото: AP

Европа Иттифоқи ташқи чегараларни ноқонуний муҳожирлар оқимидан ҳимоя қилиш учун иккита лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ЕИнинг Брюсселдаги саммити якунида Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен маълум қилди, деб хабар беради dpa 10 февраль, жума куни.

Биринчи лойиҳа Болгария ва Туркия ўртасидаги чегарани транспорт воситалари, бошқариладиган йўллар, видеокузатув камералари ва кузатув миноралари ёрдамида ҳимоя қилишни ўз ичига олади. Лойиҳа Европа Иттифоқи маблағлари, Болгариянинг ўзи бюджети ва бошқа Европа Иттифоқи давлатларининг бадаллари ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин. 

Фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, бу чегарада аллақачон чегара девори қурилган, аммо бу кутилган натижани бермайди. Европа Иттифоқида узоқ вақтдан бери ЕИ ташқи чегаралари бўйлаб девор ва тўсиқлар қурилиши Европа Иттифоқи бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши кераклиги ҳақида баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Греция ва Австрия буни кескин талаб қилмоқда, Германия, Люксембург ва Европа комиссияси эса бунга қарши. Саммит иштирокчиларининг якуний баёнотида девор ва тўсиқларни молиялаштириш ҳақида айтилмаган - гап фақат Европа Иттифоқи маблағларини жалб қилиш кераклиги, шу жумладан чегараларда инфратузилмани яратиш мўлжаллангани ҳақида борган. 

Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, иккинчи лойиҳа муҳожирларни рўйхатга олиш, бошпана сўровлари бўйича тезроқ қарор қабул қилиш ва рад этилган қочқинларни чиқариб юбориш учун Европа Иттифоқининг ташқи чегараларига қайтариш билан боғлиқ. Бу лойиҳа айнан қаерда амалга оширилишига Еврокомиссия раҳбари аниқлик киритмади. 

Январь ойида ЕИ комиссияси Европа Иттифоқида ўсиб бораётган ноқонуний муҳожирлар оқими билан янги депортация стратегияси орқали курашиш ниятида эканлигини эълон қилди. «Халқаро ҳимояга муҳтож бўлмаганлар ўз ватанига қайтишлари керак», деди Европа комиссари Илва Йоханссон. Унинг сўзларига кўра, 2022 йилда Европа Иттифоқига 300 мингдан ортиқ ноқонуний муҳожир келган. Уларнинг аксарияти бошпана олиш учун қонуний ҳуқуққа эга эмас. 

Умуман олганда, 2022 йилда Европа Иттифоқи мамлакатларида бошпана сўраб мурожаат қилганлар сони 2021 йилга нисбатан қарийб бир ярим бараварга ошган – 924 мингта ариза. 

2022 йилда Германия бошпана сўраб мурожаат қилганлар сони бўйича Европа Иттифоқи давлатлари орасида етакчи бўлди. Германияда 190 000 дан ортиқ одам бошпана сўраган - бир йил олдингига нисбатан 57 фоизга кўп. Мурожаатномалар сони бўйича иккинчи ўринда - Франция (115 мингдан ортиқ), кейинги ўринлардан - Испания (111 минг), Австрия (106 минг) ва Италия (78 минг). 

Бу статистика Украина фуқароларини ўз ичига олмайди, чунки улар учун Россиянинг мамлакатга ҳарбий ҳужуми туфайли Европа Иттифоқининг махсус қоидалари амал қилади. Украиналик қочқинлар автоматик равишда Европа Иттифоқида вақтинчалик яшаш, ижтимоий ёрдам, соғлиқни сақлаш, шунингдек, таълим ва меҳнат бозоридан фойдаланиш ҳуқуқини олади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид