“Саҳнага ҳар гал таҳорат ва тиловат билан чиқаман” — Эркин Комилов билан суҳбат
Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловнинг Ўзбек миллий академик драма театридаги фаолиятига бу йил 56 йил тўлади. Ярим асрдан ортиқ вақт давомида нафақат театрда, балки кинода ҳам юзлаб роллар ижро этган актёр ҳали ҳам саҳнада ижод билан банд. У истаган ролларини ижро эта олдими, бугунги ижодий жараёнлардан кўнгли тўладими? Kun.uz маҳоратли актёр билан шулар ҳақида суҳбатлашди.
— Қарийб 60 йиллик ижодий фаолиятингиз давомида сиз ҳақингизда тайёрланган ёки сиз иштирок этган кўрсатувлар, интервьюлар сони ҳам юздан ошгандир. Худди берилмаган савол ҳам қолмагандай туюлади. Лекин сиздай хазинага айланаётган одамлар билан суҳбат қиларканмиз, биз учун ҳам асраб қўйган жавоҳири бор, ҳеч кимга айтмаган битта гапини бизга айтади, деган умидимиз йўқ эмас, албатта. Айни пайтда ижодкор сифатида нималар билан бандсиз?
— Яқинда «Судья» деган сериалда рол ижро этдим. Яқин кунларда томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. Пандемия ва яна бошқа сабаблар билан театрда кўп асарлар қолиб кетди. «Алишер Навоий», «Мирзо Улуғбек» каби оммавий саҳналари бор асарлар қўйилмади. «Мирзо Улуғбек»да Абдулатиф ролини ижро этадиган Фатҳулла Маъсудов вафот этди, Гавҳаршодбегим ролини ўйнайдиган Яйра Абдуллаева ҳам оламдан ўтди. Ўйлаб қарасам, бу спектакл икки йилдан бери қўйилмаяпти экан. Театрдагиларга айтдим, энди «Мирзо Улуғбек» спектаклини тиклаймиз. Қўчқор Норқобилнинг «Тақдир синовлари» деган асари бор, уни ҳам қайта тиклаймиз. Ҳозирча режаларим шу.
— Ҳаёт ва ижод йўлингиз билан танишар эканман, битта маълумот мени ҳайратга солди. Яъни Эркин Комилов 22 нафар фарзанднинг ўн тўққизинчиси. Ёки бу маълумотда муболаға борми?
— Муболаға йўқ. Ростдан 19-фарзандман. Мендан кейин иккита синглим, битта укам бор – 22 фарзандмиз. Лекин бирорта акам ҳам, опам ҳам йўқ. Менгача бўлган ака-опаларим ўтиб кетган, тиббиёт ривожланмаган давр бўлгани учун ҳар хил касалликлар сабаб ўтиб кетишган. Исмимни Тангриберди деб қўйишган, лекин қишлоқда қисқартириб айтишади, деб Эркин қўйишган кейин.
Отам жуда зиёли, илмли одам бўлган. Комил қори дейишган, Қуръонни ёд билганлар.
— Болалигингиз урушдан кейинги қийин даврларга тўғри келади. Андижоннинг Курфа қишлоғида катта бўлаётган кичкинагина Эркин. У мактабда қандай ўқирди? Қандай бола эди? Шўхми, жиддийми ёки қитмирроқ?
— Ўша даврларда қишлоқ болаларга раҳм-шафқат қилмас эди, йўқ! Дадам раҳматли ер чоп, дерди – чопардим, кейин кесагини майдалаб қўй, дерди – кесагини майдалардим. Сўнг картошка, сабзи, яна бошқа нарсалар экардик. Сув қўярдик. Молга ўт олиб келардик. Ишлардан кейин дарс қилардик.
Болалик Худога яқин пайт бўлади. Қачон катта бўламиз, дердик. Катта ҳам бўлдик, шаҳаргаям келдик. Отам доим: «Ёмондан йироқ бўл. Бировнинг ҳақини чўнтагингга солмагин, ўз ҳақингни талаб қиладиган йигит бўлгин, деб ўқитяпман, Эркинбой» дерди. Лекин шаҳарга келиб, ўқиб юрганимда ўша болаликка қайтгим келарди. Шаҳардаги майда-чуйда ғуборлар менга юқмасмикан, деб қўрққанман. Барибир юққан... Ҳозир ўзимни пок деб билмайман. Умуман, бизнинг ёшдагиларнинг ҳаммаси гуноҳкор бандалар. Беайб – Парвардигор.
Ёшлигимда ҳаддан ташқари бақувват йигит эдим. Темирларни букиб қўярдим... Бир воқеани айтиб бермасам бўлмас. Ўш шаҳри бизга жуда яқин эди. Андижон маркази 34 чақирим бўлса, Ўш маркази 4 чақирим эди, пиёда ҳам бориб келардик. Шунинг учун байрам-ҳайитларда фақат Ўшга борардик. Биринчи курсни битириб, таътилга боргач, аммамнинг ўғли, катта опамнинг ўғли, мен – учаламиз Ўшга бордик. Дарё бор эди, соҳилида боғ, ўша ерда чойхоналар бўларди. Кираверишда, ўнг қўл тарафда полвонлар курашадиган майдон бор эди. Томоша қилардик. Ўшанда номи чиққан, марҳаматлик машҳур бир полвонни айтиб, фалончи полвон билан ким курашади, деди. Мен курашаман, дедим. Аммамнинг ўғли – Исмоил акамнинг тўхтанг дейишига қарамай, майдонга чиққанман.
Курашиб, марҳаматлик полвонни айлантириб ерга урганман. Томошабинлар қийқириб юборган. Чопонни қайириб айланадиган одат бор эди, одамлар пул ташларди. Роса пулга тўлиб кетдим. Пулдан Исмоил акамгаям берганман, жиянимгаям берганман. Ўзимдаги пулни қаерга қўйишни билмайман ҳеч. Ота-онамга кўрсатсам, қаердан олдинг, деб уришади. Кўрпанинг қатига тиқиб қўйганман охири. Дадам ҳеч менга каттиқ гапирган эмас. Бир куни ёнига чақирди-да, тўнининг енги билан бир урди. «Ўшга бориб курашибсан. Майиб бўлиб қолсанг нима бўлади? Энди бунақа қилмагин», дедилар, хўп дедим. Демоқчиманки, шунақа бақувват йигит бўлганман. Институтга келганимда ҳам кимдир мени ҳақорат қилса, жим турмасдим, ҳамма мендан чўчиб турарди.
— Пойтахтга келаётганда ўша пайтда Тошкент давлат театр ва рассомлик институтига кираман, деб қатъий қарор билан келганмисиз? Ёки бошқа режалар бўлганми?
— Ўқишга кириш учун келганман фақат. 1950-51 йилларда онам мени Ўшга олиб борган. Бир жойга кирганмиз, ўша ерда «Равшан ва Зулхумор» деган спектакл бўлаётган экан – билмаганман мен нима эканини. Уйга келиб онамдан қаерга олиб бордингиз, деб сўраганман. Кейин онам театрга олиб бордим, деганлар. Театр деган сўзни илк бор онамнинг оғзидан эшитганман. Қайта-қайта айтиб ёдлаб олганман шу сўзни. Театрга бораман деб йиғлаганларим ҳам эсимда. Ҳозир ўйласам, онам раҳматли юрагимга учқун ташлаган экан. Бу учқун аланга олиб кетишини хаёлимга ҳам келтирмаганман. У пайтлар актёрлардан фақат Шукур Бурҳоновни билардим. Кейин Олим Хўжаевни, Наби Раҳимов, Сора Эшонтўраеваларни эшитганман. Қанақа одамлар экан булар, деб ўйлаб юрардим.
Ўқишга 244 киши ҳужжат топширганмиз, шундан 11 кишини олишган. Гулчеҳра Жамилова, Гулия Муҳаммедова, Ҳожиакбар Нурматов, Неъматулла Эгамбердиев – ҳаммаси гўзал йигит-қизлар, мен эса қишлоқдан келганман. Шунда Прем Чанднинг «Нирмала» романидан монолог ёдлаб ўқиб берганман, ҳамма ҳайрон қолган. Имтиҳоннинг биринчи босқичида 244 кишидан 33 киши қолган. Фамилиямни кўриб йиғлаб юборганман. Иккинчи босқичда эса 11 киши ичида 7-ўрин билан ўқишга кирганман.
Нина Ивановна Тимофеева дарс берган бизга. Ассистентлари Турсунбой Исроилов, Иза Исаева, Назира Алиевалар эди. Буюк устозлар қўлида таълим олганмиз. Ҳамза театри директори Тожхўжа Хўжаев мени, Гулчеҳра Жамиловани, Ҳожиакбар Нурматовни театрга олиб келган. 3-курсда ўқирдик у пайт. Ўқишни битирганимдан кейин Комил Яшиннинг «Йўлчи юлдуз» драмасидан Аваз ролини беришган. «Агар шу ролни яхши ўйнасангиз, театрда олиб қоламан. Ёмон ўйнасангиз, Андижонга кетаверасиз», деган Тошхўжа ака, ҳеч эсимдан чиқмайди. Зикир Муҳаммаджонов билан дублёр бўлганман. Ролим туркман йигит эди. Институтимиздаги туркман йигитлардан 17 кун туркманча талаффузни ўрганганман. Шундай қилиб, 1966 йилда мени театрга қабул қилишган.
— Театрга меҳр қўйишингизга онангиз сабабчи бўлган экан. Улар ўзлари билан сизни бир неча бор театрга олиб борганда уйғонган ҳавас сизни йиллар ўтиб актёр қилди. Ютуқларингизни онангиз кўришга улгурдиларми? Ота-онангиз саҳнада роллар ижро этганингизни кўриб қувонишганми?
— Отам кўролмади, аммо онамга насиб қилди. Онам келиб кўп спектаклларни кўрган. 1979-80 йилларда Ўктам Усмоновнинг «Гирдоб» деган видеофильмида Азиз Қосимов ролини ўйнаганман. Фильм жуда катта шов-шув бўлиб кетган. Ўша шов-шувларни онам кўрган. Жуда хурсанд бўларди. «Бутунлай бошқачасиз-да саҳнада, болам. Ўзингиздан чиқиб кетасиз. Юрагингизни эҳтиёт қилинг, болам» дер эди.
Отам раҳматликка одамлар ўғлингизни телевизорда кўрдик, дейишар экан (бизнинг уйда телевизор йўқ эди). «Телевизорларга чиқаётган эмишсан, қишлоқ одамларидан эшитяпман...» дерди отам. У пайтлар кичик-кичик ролларни ўйнаб юрардим.
Бизнинг бахтимиз шунда эдики, биз буюк устоз санъаткорларнинг қўлига тушганмиз. Шукур Бурҳоновдек буюк санъаткор мени шогирдим деб қабул қилган. Биз келгандан кейин мана 44 та буюк санъаткор ўтиб кетибди. Улар бизга бир сўз айтмаган бўлса ҳам, саҳнада ўзини тутишини кўриб, кўп нарсаларни ўрганганмиз.
— Театр дарғаларидан бири Шукур Бурҳоновнинг шогирдисиз. Бу бахт ўзбек театр тарихида ҳаммага ҳам насиб этмаган. Ижодий муваффақиятларингиз замирида шу омил ётибди қайсидир маънода. Шукур Бурҳонов саҳнада устозмиди сизга ёки улардан ўрганганларингиз ҳаётда ҳам асқатганми?
— Ҳаётдаям кўп нарсани ўрганганман. Шукур акам жуда ҳокисор одам эди. Характерли ролларда устозим Обид Юнусов бўлган. «Олтин девор»даги ролимни Обид акам тайёрлаб ўйнатган менга. У киши ҳам жуда бир ҳокисор одам эди. Шукур акамнинг бир характери бор эди: каттароқ лавозимдаги одам келса, «анави келибди-да» деб ўтиб кетаверарди. Агар оддийроқ, ҳокисор одам бўлса, бориб кўришиб, сўрашарди.
«Қиёмат қарз» спектакли чиқишидан аввалроқ эди: бозорга тушдик. Бир аёл тиланиб ўтирган экан. Анави аёл нима қилиб ўтирибди, деб сўрадилар мендан, тиланиб ўтирибди, Шукур ака, дедим. Чўнтагидан 25 сўм пул олиб, олиб бориб бер, деди. 75 сўм ойлик оламиз ўзимиз, чой 5 тийин, нон 10 тийин пайтлар. Ўн дақиқача Шукур акамни дуо қилган.
Мени 3 йиллик армиядан олиб қолган Шукур акам. У пайтлар армиядан олиб қолиш мумкин эмасди ўзи. «Шоҳ Эдип»да ролим бор эди. Тайёрланиб энди кетаётганимда, Шукур акам кўриб, «Эдип» нима бўлади, деган-да, Искандар Мусапеевичнинг олдига олиб кириб: «Бу болани армияга олиб кетишяпти экан, 3 йил бекорга ўтиб кетади, олиб қолинг» деган. Искандар ака бунақа масалаларга аралаша олмайман, дегач, қайси райондансан, деб сўради. Октябр райониданман, дедим менам. «Генерал-майор Ботир Бобоевдамисан? Ботирни ит тишлаётганда мен ажратиб олганман, юр бу ёққа» деди Шукур акам. Бир оғиз гапи билан олиб қолган. У пайт бундай қилиш «утопия» эди. Уйланишимгаям ёрдам берган.
Шукур акамнинг менга қилган яхшиликлари – битта китоб. Шундай одамлар ҳозир бормикан... Масалан, менинг қўлимдан келадими Шукур ака қилган ишлар? Йўқ. Қилолмайман, қўлимдан келса ҳам, эринаман.
— 56 йилдан бери битта театрдасиз. Ваҳоланки, бу театрдан ҳам кўплар вақтида кетган. Баъзиларининг кетиши зиддиятлар билан боғлиқ, оғриқли бўлган. Миллий театр саҳнасида қолиш ҳам осон иш эмас деб эшитганмиз... Сизнинг ҳам ҳеч кетишингизга тўғри келган пайтлар бўлганми?
— Кўплари кинода омади келганда, театрни ташлаб кетган. Театр биз учун бойлик. Бу ерда олганларимизни бориб кинода сарфлаймиз. Бир ой саҳнага чиқмасангиз, саҳна сизни ютиб юборади. Камида бир ойда икки-уч марта саҳнага чиқиб туриш керак.
Бирим икки бўлди бу ерда. Қаерга кетаман? Одамлар ҳурмат қилаётган бўлса, шу театрнинг чангини ялаганимдан. 40 сотихлик боғим бор.
— Шахсий ҳаётда жуда кўп синовларни бошингиздан ўтказгансиз. Эркин ака, касбингизнинг оилавий ҳаётингизга салбий таъсири бўлганми, яъни турмушдаги оғриқларингизнинг ижодингизга боғлиқ томонлари борми? Балки фаолиятингиз туфайли яқинларингизга камроқ вақт ажратгандирсиз? Бу борада афсусланадиган томонларингиз борми?
— Баъзида актёрликка етимхонадан чиққан бўлиш керак экан дейман. Аллоҳ суйган бандаларига ғамлар, андуҳлар юбориб туради. Бандамиз-да, ичимизга ютамиз, уйда йиғласак ҳам, кўчада кулиб турамиз. Уйда бирор юмуш чиқса, съёмкада ё гастролда бўламан. Уйда бир кун бўлиб қолсам ҳам, асарлардаги шеърий матнларни ёдлайман. Шукур ака «Ёдлаган сўзни гапирмагин. Ўша сўзнинг тагидаги маънони, фалсафани гапир, ундан кейин томошабин қарайди сенга. Кўчиб кетган ҳовлига ўхшаб чиқма саҳнага. Шундай маҳорат билан ўйнагинки, ҳар дақиқада йўталиб турадиган касал одам сени кўриб, йўтали эсидан чиқиб қолсин» дер эди. Майкл Жексон айланиб шляпа кийиш ҳаракатини минг марталаб репетиция қилган экан. Ҳозирги актёр-актрисалар минг марта репетиция қиладими? Қайтарса 10-11 марта қайтаради.
Эл-юртга шунчаки танилмайсиз. Фидойилик қилганингиз учун таниласиз. Демак, меҳнат қилиш, ўқиш керак. Агар шу меҳнатларингиз шахсий ҳаётга таъсир қилса, шахсий ҳаётни бир четга суриб қўйишга мажбурсиз. Чунки биз халқнинг олдида турамиз. Бир марта назардан қолдингизми, кейинам қолиб кетаверасиз.
— Саҳнада юздан ортиқ ролларингиз бор. Улар орасида бошқача тилга олинадигани – Мирзо Улуғбек образи. Вақтида Шукур Бурҳон ижро этган, кейин Турғун Азизов. Устозлардан кейин ўз талқинингизни яратиш сизни чўчитмаганми ўшанда?
— Шукур ака телефон қилиб, уйга кел, дерди. Ишим борми-йўқми, фарқи йўқ эди, чақирарди – борардим. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғофур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Назир Сафаров, Шароф Рашидовларни Шукур аканинг уйида кўрганман. Бир куни Шукур ака Мақсуд Шайхзодага: «Мақсуджон, Улуғбекнинг онасига айтган «Сиз онасиз, эмассиз ҳокима» деган жойини ўзгартириб берасиз. Улуғ астроном олим онасини бундай силтаб ташламайди» дедилар. Мақсуд Шайхзода анча жим турди-да: «Ёзиб бермайман, сиз буюк актёрсиз, йўлини топинг» деди. Орадан ўн кун ўтгач, спектакл қўйилаётганда, ложага чиқиб қараб тур, дедилар. Шукур акам ўша сўзларни айтаётганда йиғлаб юборди, томошабинлар дув қарсак чалди. Спектакл тугагач: «Қалай, кўрдингми?» деди Шукур акам. «Ҳа, даҳшат, қарсакларни қаранг» дедим. «Ҳаа, Мақсуд ҳам бало-да. Агар шу саҳнани қайта ёзиб берганда, мана шу қарсаклар бўлмасди» деб кулиб қўйдилар.
Насиб қилса, шу Улуғбекни сенга ўйнатаман, деб қолди бир куни. Шукур аканинг ролини қандай мен ўйнайман, деб ҳайрон бўлганман. Шукур ака даврида Аббос ролини ўйнардим. Улуғбекка ханжар урадиган жойида қўлим титраган биринчи марта.
— Мирзо Улуғбек ролини ижро этишга қийналганингизни айтгансиз. Қабрига бориб Қуръон тиловат қилган экансиз. Барча тарихий образларни яратишдан аввал шундай йўл тутасизми ёки фақат Мирзо Улуғбек ролида шундай бўлганми?
— Самарқандда юқоридагилар бу ерда Улуғбек сиймоси борми, деб сўраган. Йўқ дейишгач, қўйилсин дейишган. Олимжон Салимовни юборишган Самарқандга. У ерда Улуғбекни ўйнайдиган актёр йўқ деб қайтиб келган, эшитишимча. Кейин мени айтишган ва ўша ерда ўйнасин деб жўнатишган. Самарқандга борганимдан кейин уч кун уйқу бўлмади. Репетиция бўлади – қулоғимга ҳеч нарса кирмайди, шок бўлиб қолганман. Аёлимга телефон қилиб, Тошкентга қайтяпман, театрда ишламайман, деганман. Йиғлаганман. Жон дадаси, бундай қилманг, деган аёлим... Саҳар тонгда деразадан Гўри Амир мақбарасининг гумбази кўриниб турган экан, бордим. Уч кун қатнадим. Учинчи куни Амриддин деган йигит шунақа юрганимни билиб, мени пастга қабр олдига олиб тушди. Қабрни ушлаб, ўзимни босолмай қаттиқ йиғладим. Ярим соатдан ошиқ қолиб кетдим. Уч кун қатнадим яна. Кейин режиссёрнинг гаплариям қулоғимга кира бошлади, сўзлар ҳам. 20 кунда 44 варақ шеърий матнни ёдлаб, бешта премьера ўйнаб қайтганман.
Ўшанда Улуғбек руҳияти мени ушлаб турган экан. Бир одатим бор: қайси ролни ўйнамай, саҳнага чиқиш олди устозлар руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қиламан. Саҳна покликни яхши кўради, фақат таҳорат билан чиқамиз. Агар шунчаки беписанд бўлганимда, Эркин Комилов бўлмасдим.
— Сиз фожиавий, драматик, комик ролларниям маҳорат билан ижро эта оласиз. Бу томондан ўзингиз орзу қилган рол, образни яратиш имконияти кўпроқ бошқаларга нисбатан. Шундан келиб чиққан ҳолда бугунги кунгача ўзингиз истаган, мана бу менинг ташриф қоғозим деб фахрланиб айтадиган ролингизни яратиб улгурдингизми? Хоҳ кинода, хоҳ театрда.
— Йўқ, яратмадим. Москвага борганимда Михаил Ульяновнинг «Ричард»ини кўрганман. Тошкентга қайтиб менам ўйнайман, бундан яхшироқ бўлади, деганман. Аммо режиссёр тополмадим. Эллик ёшдан ошганимда бир режиссёр «Ричард» қўяман деб қолди. Энди Ричард эмасман, дедим. У 24 ёшли йигит. Ҳозирги кунда эса ҳақиқий ўзбек, кетмонда қўллари метин бўлган, иймони бут – юкли рол ўйнамоқчиман. Кинодами, театрдами – фарқи йўқ. Аммо унақаси йўқ. Актёрда юк, дард бўлиши керак саҳнада. Томошабинлар нафас ололмай ўтириши керак. Қани драматурглар? Нима қилишяпти?
Драматурглар келиб сабр билан бизнинг пьесаларни кўриши керак. Театрни кўрмай пьеса ёзиш мумкин эмас! Келиб, ҳаммасини кўриб, ундан кейин қўл уриш керак.
— Сиз роль ижро этган «Шайтанат» видеофильми бир нечта телеканалда намойиш этилганди, аммо шундай давр бўлдики, ушбу фильм 20 йил мобайнида ТВда намойиш этилмади. Аввал берган интервьюларингиздан бирида «Шайтанат»ни ким тақиқ қилганини биламиз дегансиз. Бугун ўша шахс ким эканини очиқлай оласизми?
Умуман, сизнингча, бу фильм нима учун «запрет»га тушган? Бу айрим амалдорларнинг шахсий амбицияси натижаси бўлганми ёки юқоридагиларнинг топшириғи?
— Йўқ, айтиб бўлмайди. Буни Ёдгор билан мен биламан фақат. Юқоридан эмас, шахсий ғараз бўлган. Билишимча, бу ғараз Тоҳир Маликка нисбатан бўлган.
— Ёдгор Саъдиев 2019 йилда берган интервьюсида «Шайтанат»нинг 21-қисми якуний қисм бўлишини маълум қилган эди. Айтишларича, сўнгги қисмда Нозим Тўлахўжаев ва Улуғбек Қодиров каби актёрлар ҳам рол ижро этишган. «Шайтанат» сериалининг шу пайтгача намойиш этилмаган қисмлари 2020 йили «Зўр ТВ» телеканалида эфирга узатилиши режалаштирилганди. Аммо премьера қолдирилди. Нима сабаб бўлганди бунга?
— Олинди, лекин ўтмади.
Буям бир «касаллик» экан. Худо асрасин бундан. Шундай инсонлар бор экан, бу «запрет» қўйиш деган нарсалар йўқолмайди. Уни йўқотса, ўрнига бошқаси келади.
— Охирги марта кино ва театрда мазза қилиб ўйнаган ролингиз қайси?
— «Баракасини берсин» деган кинода маза қилиб ўйнадим. Ҳеч қандай сиёсатга алоқаси йўқ, фақат виждон масаласи бор унда. Кейин Эркин Аъзамнинг «Сув ёқалаб» асари асосида Жаҳонгир Қосимов ишлаган кинода ҳам маза қилиб ўйнадим. Ўша рол учун Нью-Йоркда Роберт Де-Ниро клубида «Энг яхши эркак роли» номинациясини олдим 34 мамлакат ичида.
— Жамиятни кузатар эканмиз, одамлар икки тоифага бўлиниб қолганини кўрамиз. Ҳаёти ва турмушидан розилар ва норозилар. Ҳаётнинг ҳар қандай аччиқ-чучугини тотган, кўп қийинчиликларни бошидан кечирган одам сифатида ҳаётидан, умуман, тузумдан норози одамларга нималарни маслаҳат берган бўлар эдингиз?
— Шариатга риоя қилиш, тариқат одобини сақлаш, сабрли бўлишни маслаҳат берардим. Ҳамманинг ташвиши бор ўзига яраша. Замон – Худонинг оти. Замонни ёмонлаш нотўғри. Урушдан кейинги йилларда қорнимиз нонга тўймаган пайтларда ҳам нолимаганмиз, ота-онам нолиганини ҳам эслолмайман. Отам очарчилик даврида омборчи бўлганда, онам озроқ ун олиб чиқинг, болаларга атала қилайлик, деб айтганига кўнмаган экан.
Ҳозир нимага нолиймиз, тушунмайман. Қишлоқларда юрдим. Нураб кетган деворини суваб қўймаган одамларни ҳам кўрдим. Маблағ йўқ дейди, лой билан сомонга маблағ кетмайди-ку. Шунчаликка бориб қолдикми, деб қўяман. Ҳозир ўғирликдан, бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган одамлар кўпайяпти.
— Президентимиз Шавкат Мирзиеёв ҳақида нималар дея оласиз? Ижодкор сифатида у кишининг фаолиятини қандай баҳолаган бўлар эдингиз?
— Ислом Каримов даврида 13 йил вазир бўлиб ишлади. У пайт ҳам нопок одамлар бўлган прокуратурада, судда. Лекин гапиролмаган у пайт, мана, вақти келди, гапиряпти. Бировнинг ҳақини еганларнинг танобини тортяпти секин-секин. Шавкат Миромоновичнинг сиёсатини қўллаб-қувватлайман мен. Бошқаси келганда, яхши бўлиб кетармиди? Шунга шукр қилмаймизми. Иймонни йўқотиш ёмон. Мўмин киши сабр қилади. Ҳаромга, бировнинг ҳақига қарамаймиз биз, чунки шундай тарбия олганмиз.
— Эркин Комилов. Ўзбекистон халқ артисти. «Меҳнат шуҳрати», «Фидокорона хизматлари учун» орденлари соҳиби. Ижодда маълум бир чўққини забт этишга эришган инсон бундан кейин саҳнада ва ҳаётда ниманинг орзуси билан яшаяпти?
— Орзу бошқа, ҳаёт бошқа. Ниятлар, умидлар бор. Қачонки инсон ер юзидан кетар экан, умид ҳам ўзи билан кетади. Сиз тирикмисиз, демак, ҳаётдан умидингиз бор. Худо умр берса, соғлиқ берса, қиладиган ишларимиз кўп. Эл назаридан қолмасдан, яхши-яхши роллар билан халқимизнинг тилидан, дилидан жой олишга ҳаракат қиламиз.
Мақсуда Абдуқаюмова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Мирвоҳид Мирраҳимов.
Мавзуга оид
20:24 / 22.11.2024
2025 йилда маданият ва санъат, ахборот-кутубхона ва музейлар соҳаси ходимлари иш ҳақи оширилади
18:29 / 12.11.2024
Италияда 2 мингдан зиёд сохта санъат асарлари мусодара қилинди
14:50 / 16.09.2024
Буюк Британияда “Лазги” спектакли намойиш этилди
11:53 / 18.08.2024