БМТ: Денгиз сатҳи кўтарилгач, бутун давлатлар йўқ бўлиб кетиши мумкин
БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг сўзларига кўра, глобал исиш туфайли дунё океанининг кўтарилиши «катта миқёсидаги ўлимга» олиб келади.
Глобал исиш туфайли денгиз сатҳининг кўтарилиши «оммавий ўлимга» олиб келади. Бундай прогнозни 14 февраль, сешанба куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилиб, бошпана ва халқаро ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликка ўзгартириш киритишга чақирди.
Бирлашган миллатлар ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда сайёрада 900 миллион одам қирғоқбўйи паст ҳудудларда истиқомат қилади ва уларнинг барчаси алоҳида хавф остида. «Бутун давлатлар абадий йўқ бўлиб кетиши мумкин», деб огоҳлантирди Гутерриш. Музликларнинг эриши давом этаётгани фонида нафақат орол давлатлари, балки Бангладеш, Хитой, Ҳиндистон ва Нидерландия каби давлатлар ҳам хавф остида қолади, дея тушунтирди у.
Мутахассисларнинг фикрича, жаҳон океани сатҳининг кўтарилиши тез-тез бўронлар ва тошқинлар билан бирга кузатилади. Шу билан бирга, тупроқ ва сув туз туфайли ифлосланади, кўплаб ҳудудлар яшаш учун яроқсиз ҳолга келади.
Бирлашган миллатлар ташкилотининг иқлим бўйича экспертлари маълумотларига кўра, 1900-2018 йиллар оралиғида глобал денгиз сатҳи 15-25 сантиметрга кўтарилган. 2100 йилда Ер ҳавосининг ҳарорати саноатдан олдинги даврга нисбатан икки даражага иссиқроқ бўладиган сценарийга кўра, глобал денгиз сатҳи яна 43 сантиметрга кўтарилиши кутилмоқда. Ҳароратнинг 3-4 даража Цельсийга кўтарилиши билан бу кўрсаткич 84 сантиметргача етиши мумкин.
2023 йил январь ойи бошида Science журналида тадқиқот эълон қилинди, унга кўра, 2100 йилга келиб Ердаги глобал исишнинг ҳозирги суръатида музликларнинг 68 фоизи йўқ бўлиб кетиши мумкин.
Мавзуга оид
21:30 / 23.11.2024
COP29: Бой давлатлар иқлимни молиялаштиришни оширишга рози бўлди
17:39 / 23.11.2024
2024 йилда гуманитар ёрдам ходимлари ўлими бўйича рекорд ўрнатилди – БМТ
07:50 / 22.11.2024
БМТ РФнинг Днипрога баллистик ракета зарбасидан хавотирда
15:22 / 21.11.2024