Бокудаги COP29: иқлим ўзгаришига мослашиш харажатларини ким тўлайди?
Бу йил Бокуда ўтказилаётган COP29 иқлим конференциясида катта маблағлар масаласи кўтариляпти. Бундан ташқари, иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашда ривожланаётган мамлакатлар қандай ёрдам олаётгани ҳам муҳокама қилинмоқда.
“Қазиб олинадиган энергия ресурсларига бой мамлакат сифатида, биз бошқа давлатларнинг ҳам бундай ресурсларни қазиб олиш ва ушбу соҳага инвестиция киритиш ҳуқуқини ҳимоя қиламиз”, — деган эди Озарбойжон президенти Илҳом Алиев апрел ойида Берлинда ўтказилган иқлим масалалари бўйича Петерсберг мулоқотида. Шу тариқа Алиев иқлим муҳофазаси бўйича музокараларда Озарбойжон қайси йўналишдан боришини билдириб ўтган.
11 ноябрдан бери Бокуда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган 29-конференцияси (CОP29) ўтказилмоқда.
Қазилма ёқилғидан фойдаланиш иқлимга салбий таъсир кўрсатишига қарамай, Озарбойжон раҳбарияти уни қазиб олишдан воз кечишга унчалик шошилмаяпти. Бокунинг позициясини тушунса бўлади, чунки Озарбойжон қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга бўлса-да, нефт ва газ савдосидан келадиган фойда давлат даромадларининг 60 фоизини таъминлайди, деб ёзди Deutsche Welle нашри.
Иқлимни ҳимоя қилиш учун пул қаердан олинади?
Бу йилги халқаро иқлим анжуманида атмосферага карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтиришдан ташқари иштирокчилар олдида яна бир мураккаб вазифа турибди: давлат ва ҳукумат раҳбарлари ривожланаётган мамлакатларга иқлим ўзгаришининг тобора кучайиб бораётган оқибатларига қарши курашиш ва барқарор иқтисодиёт яратишга ўтиш учун қандай молиявий ёрдам кўрсатишни ҳал қилиши керак.
Бир неча йил олдин АҚШ, Япония ва Европа Иттифоқи давлатлари каби ривожланган мамлакатлар 2020 йилдан бошлаб иқлим ўзгаришига қарши курашда ривожланаётган мамлакатларга ёрдам бериш учун ҳар йили 100 миллиард доллар ажратиш мажбуриятини ўз зиммасига олганди. Бироқ бу мақсадга 2022 йилга келибгина эришилди. Маблағларнинг сезиларли қисми юқори фоизли қарзлар кўринишида таклиф этилгани кескин танқидларга сабаб бўлди. Юқоридаги давлатлар ваъдасини бажарилмаганликда айбланди.
Германиянинг “Янги иқлим институти” нодавлат ташкилоти вакили Никлас Хёне йилига 200 миллиард доллардан 700 миллиард долларгача бўлган маблағ ҳақида келишиб олиш мумкинлигини таъкидламоқда.
“Шунда иқлим ўзгариши учун ҳақиқатан ҳам масъул бўлган бой мамлакатлар ва биринчи навбатда бу ўзгаришлардан азият чекаётган камбағалроқ мамлакатлар ўртасида адолатли молиявий мувозанат ўрнатилади”, — деди у DW билан суҳбатда.
Ривожланаётган мамлакатлар уларга ажратиладиган маблағ миқдорини 10 бараварга ошириш таклифини бир неча бор илгари сурган. Саноати ривожланган давлатлар буни имконсиз деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, улар молиявий юкни нефтга бой Форс кўрфази мамлакатлари ва Хитой билан ҳам бўлишишни истамоқда.
Баҳсли савол: ҳисобни ким тўлайди?
Тарихан саноати бой мамлакатлар иқлим инқирозининг кучайишида катта жавобгарликни зиммасига олган бўлса-да, бугунги кунда иссиқхона газлари чиқиндиларининг энг кўп қисми Хитойга тўғри келмоқда. Бироқ расмий ҳужжатларда бу мамлакат ҳамон ривожланаётган давлат сифатида қайд этилади ва назарий жиҳатдан камбағал давлатларни қўллаб-қувватлаш ўрнига ўзи сармоя талаб қилади.
2023-йилги иқлим бўйича конференция ҳам нефт қазиб олинадиган мамлакатда ўтказилди. Унга Бирлашган Араб Амирликлари мезбонлик қилди. БАА ҳам ҳозирга қадар расман ривожланаётган мамлакатлар қаторида.
У камбағал мамлакатларга яшил энергияга ўтиш ва иқлим офатларидан сўнг тикланиш учун молиявий кўмак ваъда қилган. Буни кўрган кузатувчилар бадавлат, аммо расман ривожланаётган мамлакатлар энди кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олишига умид қилишни бошлади.
БМТнинг Дубай конференциясига аъзо мамлакатлар 2050 йилга бориб CО2 эмиссиясининг нол даражасига эришиш учун барча турдаги қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечиш бўйича тарихий келишувга эришганди. Иқлим саммитига оид аввалги ҳужжатларнинг ҳеч бирида нефт ва газдан воз кечиш ҳақида гапирилмаган.
Аммо баландпарвоз баёнотларга қарамай, сайёра исишда давом этмоқда. 2015 йилги Париж иқлим келишувида 197 мамлакат глобал исишни саноатгача бўлган даврга нисбатан Целсий бўйича 1,5 даражага чеклашни мақсад қилганди. Лекин унга эришиш ҳалигача имконсиз қолмоқда. Ҳозирги иқлим сиёсати шароитида аср охирига келиб глобал исиш 3,2 даражани ташкил этишини прогноз қиляпти.
Иқлим муҳофазаси — сўз ва амалиёт ўртасида
“Исишни Целсий бўйича 1,5 даражага чеклаш мақсадига эришилади, деган даъволар билан ҳақиқат ўртасида катта фарқ бор, чунки асосий вазифалардан бири ҳали ҳам ҳал этилмаган”, — деди халқаро иқлим сиёсати масалаларига ихтисослашган E3G таҳлил марказининг етакчи эксперти Алден Мейер.
БАА ҳам, Озарбойжон ҳам, келаси йили БМТ иқлим конференциясига мезбонлик қиладиган Бразилия ҳам ёқилғи қазиб олишни кенгайтирмоқчи, деб таъкидлади Мейер. Худди шундай тенденция АҚШ, Канада, Норвегия, Австралия ва Буюк Британияда ҳам кузатилмоқда.
Париж иқлим келишуви аъзолари келаси йили янги иқлим мақсадларини тақдим этиши керак, бироқ Никлас Хёнинг таъкидлашича, уларнинг аксариятида ҳали лойиҳанинг ўзи ҳам йўқ. Донор мамлакатлар, айниқса Европа Иттифоқи, ўзлари ажратган маблағ иқлимни муҳофаза қилиш чораларига йўналтирилишини кутмоқда.
АҚШдаги сайловлар, уруш ва пандемия оқибатлари
Бу йил иқлимни ҳимоя қилиш бўйича инвестиция муаммолари янада кучайди, чунки кўплаб мамлакатлар бюджетлари пандемия, иқтисодий беқарорлик ва бутун дунёда ҳарбий харажатларни сезиларли даражада оширган Украинадаги уруш туфайли юзага келган йўқотишлардан ҳали тўлиқ тиклангани йўқ.
АҚШдаги сайловларда Доналд Трампнинг ғалабаси иқлим лойиҳаларини молиялаштиришда ноаниқликни келтириб чиқармоқда. Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатида иқлим бўйича Париж келишувидан чиқишини эълон қилганди. Ҳозирда у АҚШда кўмир, нефт ва газ қазиб олиш ўзи учун устувор йўналиш бўлишини таъкидламоқда.
“Унинг ёқилғи қазиб олишни кўпайтиришга интилиши, халқаро келишувларга эътиборсизлиги ва иқлим ўзгаришига қарши курашни молиялаштиришни рад этиши инқирозни янада чуқурлаштиради”, — деб таъкидлади таниқли экологик фаол Харжит Сингҳ. Унинг фикрича Трамп сиёсати иқлим ўзгаришига қарши курашиш билан шуғулланувчи халқаро тизимларга бўлган ишончни заифлаштириши мумкин.
Мавзуга оид
13:24
COP29 иштирокчилари иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди
00:36 / 19.11.2024
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
22:55 / 16.11.2024
Ўзбекистон иқлим ўзгаришларига қарши курашда иштирокини давом эттиради — Танзила Норбоева
16:16 / 16.11.2024