Жаҳон | 00:00 / 15.02.2023
47380
4 дақиқада ўқилади

Сувсиз, овқатсиз 8 кун: навбатдаги қутқарув рекордлари

Туркияда вайроналар орасида қолганларни қидириш, жасадларни чиқариб олиш ҳаракатидаги қутқарувчилар ҳамон зилзиладан омон қолганларни топишмоқда. Вазиятни дақиқама-дақиқа ёритиб бораётган турк матбуоти бу ҳолатларни мўъжиза деб атаяпти.

Фото: Anadolu Agency

175 соатдан сўнг...

Фото: Anadolu Agency

Ҳатайда зилзиладан 175 соат ўтиб Наида Умай исмли аёл қутқарилди. Вайроналар остидан минг бир машаққат билан олиб чиқилган аёл олқишлар остида шифохонага етказилган. У 8 кун оч-наҳор қолган ва ҳолсизланган бўлса-да, қутқарувчилар ва тиббиёт ходимларининг саволларига жавоб бергани айтилмоқда.

176 соатдан сўнг...

Фото: Anadolu Agency

Ҳатай вилоятининг маъмурий маркази Антакя шаҳридаги турар жой мажмуаси вайроналаридан улуғ ёшдаги Серап Дўнмас исмли аёл қутқарилган. Гувоҳларга кўра, қутқарув операциясида қатнашганлар қувончдан йиғлаган, аёл ташқарига олиб чиқилгач оломон орасидан “Онажон” деган ҳайқириқлар эшитилган.

177 соатдан сўнг...

Фото: Anadolu Agency

Вайроналар орасидан келган овозни пайқаган қутқарувчилар Антакяда яна бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишди. Қўрқмас турар жой мажмуасида яшаган Дарё Оқдўған ҳаёт учун 177 соатлик курашдан сўнг омон қолди.

178 соатдан сўнг...

Фото: Anadolu Agency

Адияманда қулаган бино вайроналари орасидан 6 ёшдаги Мирай исмли бола омон чиқди.

Шунингдек, Антакя шаҳрининг Жаброил маҳалласида уч қаватли бинода яшаган 70 яшар Нурай Гюрбуз қутқарилди.

Фото: Anadolu Agency

182 соатдан сўнг...

Фото: Anadolu Agency

Антакяда яна бир қутқарув рекорди қайд этилди. 12 яшар Каан исмли ўсмир зилзиладан 182 соат ўтиб вайроналар орасидан олиб чиқилди.

198 соатдан сўнг...

Фото: Anadolu Agency

Турк ҳарбийларидан иборат қутқарув гуруҳи Адияманда қулаган 7 қаватли бино харобалари орасидан 18 яшар Муҳаммад Четинни қутқаришга муваффақ бўлди.

Худди шунча вақтдан сўнг вайроналар орасида тузоққа тушиб қолган икки ака-ука – 17 ёшдаги Муҳаммад Энес Енинар ҳамда 21 яшар Боқи Енинар ҳам қутқарилди.

Уларни олиб чиқиш учун бетон плиталар тешилиб, 5 метрли туйнук очилди. Ака-уканинг тирик эканини билдириш учун мунтазам деворни уриб туришган. Тунда бошланган қутқарув операцияси тонггача давом этган.

205 соатдан сўнг...

Фото: Anadolu Agency

Қаҳрамонмарашда 35 яшар Ойшагул Байир 6 февралдаги зилзиладан 205 соат ўтиб қутқарилди.

207 соатдан сўнг...

Фото: turkiyegazetesi.com.tr

Адиямандаги вайроналар орасидан 12 яшар Берат Южал зилзиладан 207 соат ўтиб тирик ҳолда топилди. Олқишлар остида қутқарилган болакай тиббиёт ходимларига топширилган.

Anadolu ахборот агентлиги хабарига кўра, унинг отаси, ака ва опаларини қидирув ишлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид