Жаҳон | 11:04 / 17.02.2023
8392
3 дақиқада ўқилади

Молдовада янги ҳукумат тузилди

Молдованинг янги ҳукуматига президентнинг хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси раҳбарлик қилади. Унинг кабинетида тўртта янги вазир бор.

Дорин Речан / Фото: Reuters

Молдовада янги ҳукумат тузилди. Унга президент Майя Сандунинг хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Дорин Речан раҳбарлик қилади. 16 февраль куни янги бош вазир номзодини мамлакатдаги ҳукмрон, президентга хайрихоҳ «Ҳаракат ва адолат» партияси (Partidul «Actiunea si solidaritate» - PAS) депутатлари қўллаб-қувватлади. Речан 101 овоздан 62 та овоз олди. Коммунистлар ва социалистлар блоки (КСБ) фракциялари ва «Шор» партияси овоз беришда қатнашмади. Мухолифат одамларни парламент биноси олдига намойишга олиб келди. Речандан олдинги вазирлар маҳкамаси раиси Наталя Гаврилица 10 февраль куни истеъфога чиқишини эълон қилди.

Парламент йиғилишида ўз дастурини тақдим этар экан, Речан ҳукуматнинг устувор йўналишларини эълон қилди. Бу адлия ва таълим соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш, давлат ҳокимияти тузилмаларида тартибни мустаҳкамлаш, Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни бошлаш ва Европа интеграцияси жараёнини тезлаштиришдир. Янги вазирлар маҳкамасининг яна бир устувор йўналиши - мамлакатда тинчлик ва осойишталикни сақлаш.

«Биз нотинч замонда яшаяпмиз ва барча қийинчиликларни биргаликда енгишимиз, мудофаа қобилиятимизни кучайтиришимиз ва жамоат тартибини таъминлашимиз керак», деди Речан.

Дорин Речан яқин вақтгача президент Майя Сандунинг мудофаа ва миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, мамлакат Олий хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб ишлаган. 2012 йилдан 2015 йилгача у мамлакатнинг ички ишлар вазири бўлган.

Ҳукуматнинг янги таркиби аввалгисига нисбатан унчалик ўзгармади. 13 нафар вазирдан 11 нафари ўз лавозимини сақлаб қолди. Иқтисодий ривожланиш ва рақамлаштириш вазири Думитру Алайба ва қишлоқ хўжалиги вазири Владимир Боля бош вазир ўринбосари лавозимига кўтарилди.

Речандан олдинги бош вазир Наталя Гаврилица 10 февраль куни истеъфога чиқишини эълон қилди. У Кишинёвдаги матбуот анжуманида: «агар Молдова ҳукумати ўз уйида ЕИда, Брюсселда бўлгани каби қўллаб-қувватлаганида эди, биз бундан ҳам кўпроқ нарсага эришган бўлардик», деди. Собиқ бош вазир сўзларига кўра, унинг ҳукуматининг асосий ютуғи - Молдова ЕИга номзод мақомига эга бўлиши.

Истеъфо сабаблари ҳақида на унинг ўзи, на ҳокимиятнинг бошқа вакиллари расмий баёнот бермаган. Гаврилица вазирлар маҳкамасини 2021 йил августидан бери бошқариб келган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид