Жаҳон | 12:57 / 18.02.2023
5077
4 дақиқада ўқилади

Британияда Россия фойдасига жосуслик қилган элчихона собиқ қўриқчиси 13 йилга қамалди

Фото: PA

Буюк Британиянинг Берлиндаги элчихонасида қўриқчи бўлиб ишлаган Британия фуқароси Дэвид Баллантайн Смит Россия фойдасига жосуслик қилгани учун 13 йил-у икки ойга озодликдан маҳрум этилди.

Шотландияда туғилган ва Британия фуқароси бўлган Дэвид Баллантин Смит, 2016 йил 15 июндан бери Берлиндаги Британия элчихонасида қўриқчи бўлиб ишлаган ва махфий маълумотларга эга бўлган, кейинчалик Россия томонига ўтказиш учун махфий материалларни тўплаган. У 13 йил-у икки ойга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм 17 февраль, жума куни Лондондаги Олд Бейли марказий жиноий суди томонидан чиқарилди.

Смит 1911 ва 1920 йиллардаги Британиянинг расмий сирлари тўғрисидаги қонуни бўйича саккизта банд бўйича айбини тан олди, лекин у қасддан зарар етказмаганлигини таъкидлади. Эркак тушкунликка тушганини, спиртли ичимликлар истеъмол қилганини ва иш берувчиларни шарманда қилмоқчи бўлиб, махфий маълумотларни узатишни бошлаганини айтди.

Бироқ суд материаллар «Британия манфаатларига зарар етказиш» мақсадида тўпланган, маълумотлар эса «душман кучлари»га юборилган, деб ҳисоблади.

Смит жиноятларидан сўнг Берлиндаги Британия элчихонасини қўриқлаш харажатлари 820 минг фунт стерлингни (920 729 евро) ташкил этган. Эркак Буюк Британия ёки Германияда жазони ўташи мумкин.

Эркак томонидан тўпланган материаллар орасида 2020 йил 23 ноябрда Буюк Британиянинг ўша пайтдаги бош вазири Борис Жонсонга ташқи савдо вазири Лиз Трасс ҳамда бизнес, энергетика ва саноат стратегияси вазири Алок Шарма томонидан юборилган «махфий» остидаги хат ҳам бўлган.

Полиция шунингдек, хоналарнинг жойлашишини белгилаш учун «элчихона атрофида юриши» акс этган тўққизта видеони топди. Элчихона ходимлари ва алоқа воситаларига оид бир қанча суратлар топилган. Суддаги эшитувлар давомида судланувчининг аниқ Британияга қарши, путинпараст ва россияпараст қарашлари борлиги қайд этилди.

Смитнинг хатти-ҳаракатлари махфий операция давомида - Россия элчихонаси ҳарбий хизматчисига Буюк Британия дипломатик миссиясининг бир қатор ҳужжатлари ва у ерда ишлаётган ходимларнинг фотосуратлари билан юборилган хат ушланганидан сўнг фош бўлди. Эркак Германияда полиция томонидан ҳибсга олинган ва 2022 йил апрель ойида Буюк Британияга топширилган.

Судланувчи ўзининг хатти-ҳаракатлари иш берувчидан норозилиги билан боғлиқлигини таъкидлади. Бундан ташқари, у гўёки элчихонанинг хавфсизлик тизимидаги камчиликларни аниқламоқчи бўлган. Эркак Россия томонидан тўлов олганини рад этди.

2019 йилдан бошлаб элчихона ходимлари Смитнинг руҳий саломатлигидан хавотирда бўлган. 2021 йилда бир ҳамкасби Смит ўз жонига қасд қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берганидан сўнг, муаммони ҳал қилиш учун йиғилиш ташкил этилган.

Эркак Украина фуқароси бўлган аёлга уйланган, у рафиқаси Германияда яшашни ёқтирмагани ва ватанига қайтганини айтган. «Айбланувчи Украина ҳақида кўп гапирди ва у ерга сафарларни муҳокама қилди. У Германия ҳукуматига нисбатан душманона қарашларини билдирди», - деди прокурор. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид