Нурафшон шаҳрида 10 гектар ерни ярим миллион доллардан зиёдроққа пуллаган мансабдорлар қўлга олинди
Бош прокуратурага кўра, бу жиноятда Нурафшон шаҳар қурилиш бўлими собиқ бошлиғи Х.Х., кадастр агентлиги Пискент туман бўлими бошлиғи А.Қ., Нурафшон шаҳар ҳокимлиги умумий бўлими собиқ бошлиғи А.Х. ва бошқаларнинг қўли бор.
Бош прокуратура ахборот хизматига кўра, қонунбузарлик Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган текширувда аниқланган. Вилоят прокуратураси 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори ижросини ўрганиш чоғида бир қатор қонунбузилишларни фош этган.
Жумладан, Тошкент вилоятининг маъмурий маркази – Нурафшон шаҳри Бирлик маҳалласида жойлашган, шаҳар ҳокимлиги захирасига олинган 10,0 гектар бўш ер майдонини гўёки шаҳар бош режасига кўра “U.B.S.” МЧЖга юкларни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш омборхоналари, музлаткич ва терминал бино иншоотларини лойиҳалаштириш ва қуриш учун ажратиш тўғрисида Нурафшон шаҳар ҳокимининг сохта қарори чиқарилади. Кейинчалик сохта ҳужжатлар асосида ушбу ер майдони “D.E.S.” МЧЖга 510 минг долларга сотиб юборилади.
Бош прокуратура ахборотида ҳокимнинг ҳужжатини сохталаштириб, давлат захирасидаги ерни сотиб юборганларнинг кимлигига ҳам қисман ойдинлик киритилган. Қайд этилишича, бу жиноятда Нурафшон шаҳар қурилиш бўлимининг собиқ бошлиғи Х.Х., кадастр агентлигининг Пискент туман бўлими бошлиғи А.Қ., Нурафшон шаҳар ҳокимлиги умумий бўлими собиқ бошлиғи А.Х. ва бошқаларнинг қўли бор.
Жиноятга алоқадор бошқа шахсларнинг кимлиги очиқланмаган. Шунингдек, вилоят прокуратураси томонидан “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори ижросини ўрганиш чоғида аниқланган бошқа қонунбузилишлар ҳақида ҳам маълумот берилмаган.
Туман захирасидаги ерни ярим миллион доллардан кўпроққа пуллаган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва бошқа тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Сирдарёда 5 гектар ерни 40 минг долларга сотмоқчи бўлган қишлоқ хўжалиги бўлими ходими, Бухорода ҳокимлик захирасидаги 1,12 гектар ерни 120 минг долларга пулламоқчи бўлган фирибгар, Сурхондарёда ўзига тегишли 1 гектар ерни 100 минг долларга сотмоқчи бўлган фермер, Бўстонлиқда 11 гектар ерни 550 минг долларга пулламоқчи бўлган олғирлар, Зангиотада 4,5 гектар ерни 240 минг долларга сотишни режалаштирган шахслар ушланганди.
Мавзуга оид
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
10:19 / 08.11.2024
“Таниш-билиш ўтмайди” – Кадастр агентлиги директори ерга эгалик ҳуқуқини олишда фирибгарларга алданмасликка чақирди
20:28 / 01.11.2024
Фермер энди ерга ижара ҳуқуқини сотиши мумкин – саволларга жавоблар
14:20 / 24.10.2024