Фан-техника | 17:34 / 18.02.2023
57838
17 дақиқада ўқилади

Тўқув дастгоҳлари ишлаб чиқаришдан автомобилсозликкача: жаҳонга машҳур Toyota қандай ривожланганди?

Япониянинг Toyota компанияси илк ташкил этилганда унинг номи Toyoda бўлган ва дастлаб тўқув дастгоҳлари ишлаб чиқарган. Кейинчалик компания автомобил саноатига кириб келади ва бу соҳада катта муваффақиятларга эришади. Сўнгги ўн йилликларда Toyota Motor Corporation ҳар йили ўн миллион дона (!) атрофида автомобил ишлаб чиқариб сотмоқда.

Бугун дунёда Toyota ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Бу корпорация асосан автомобилсозлик соҳаси билан танилган бўлса-да, у кўплаб бошқа техника ва транспорт турларини ишлаб чиқаради. Улар орасида тўқимачилик дастгоҳлари, ҳарбий техникалар ва планетаходларгача бор. Бугун улар Toyota Group концернига бирлашган.

Компания илк ташкил этилган вақтда тўқимачилик дастгоҳлари ишлаб чиқарган. Кейинчалик автомобил саноатига ўтган. Toyota бир неча ўн йиллардан буён дунё автомбил саноатида энг кўп машина ишлаб чиқариш бўйича юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.

Японияда Toyota тарихи ҳақида гап очилса, энг аввал унинг биринчи президенти Киичиро Тойода эмас, компания асосчиси Сакичи Тойода эсланади.

Сакичи Тойода

Сакичи нафақат Toyota компанияси, балки Японияда автоматик ускуналар ишлаб чиқариш соҳасининг ҳам асосчиси деб тан олинган. У ихтиро қилган тўқув дастгоҳлари Японияда ишлаб чиқариш соҳаси ривожланишига катта туртки бўлган.

1867 йилда дурадгорлар оиласида туғилган Сакичи Тойода 1890 йилда ўзининг илк тўқув дастгоҳини ихтиро қилади. Ўша йили у дастгоҳни Токиодаги миллий саноат кўргазмасида оммага тақдим этади ва унга патент олади.

1896 йилда Сакичи Японияда биринчилардан бўлиб ярим автомат тўқув дастгоҳини ихтиро қилади.

1910 йилда Сакичи АҚШ ва Европа мамлакатларида бўлиб тўқимачилик ускуналарини ўрганади. Японияга қайтгач тўлиқ автоматик тарзда ишловчи тўқув дастгоҳи яратиш устида ишлай бошлайди.

Ниҳоят бир неча йиллик меҳнатдан сўнг 1924 йилда Сакичи Тойода дунёда биринчи бўлиб тўлиқ автомат тарзда ишлайдиган тўқув дастгоҳини ихтиро қилади.

Сакичи ихтиро қилган автомат тўқув дастгоҳи

Ўша пайтларда тўқимачилик соҳасида фаолият олиб борувчи компаниялар бу ихтирони кутилгандан анча яхшироқ қарши олишади. Шу боис ҳам Toyoda дастгоҳлари жуда тез фурсатда танила бошлайди.

1926 йилда Сакичи Тойода Toyoda Automatic Loom Works компаниясини ташкил этади ва тўқув дастгоҳларини серияли тарзда ишлаб чиқара бошлайди.

Автомобил саноатига ўтиш

Гарчи Сакичи автоматик тўқув дастгоҳларини муваффақият билан сотаётган бўлса-да, у автосаноат тез суръатларда ривожланаётганини кўриб, автомобилсозлик компанияси очишни режа қилади. Бироқ бу учун катта маблағ керак эди.

Сакичи 1929 йилда автомат тўқув дастгоҳи учун олган патентини Британия компаниясига сотади. 1930 йилда ўғли Киичирони автомобил саноатини ўрганиш учун Европа ва Америкага юборади. Ўша йили кузда Тойода Сакичи пневмониядан вафот этади.

Киичиро сафардан қайтгач бензинда ҳаракатланувчи двигател яратиш устида иш бошлайди.

1933 йилда Киичиро Тойода тўқув дастгоҳлари ишлаб чиқарувчи Toyoda Automatic Loom Works компанияси таркибида автомобил ишлаб чиқарувчи бўлим ташкил этади.

Киичиро Тойода

1934 йилда компания енгил ва юк автомобиллари учун икки хил двигател ишлаб чиқара бошлайди. Ниҳоят, 1935 йилда компания ўзининг биринчи A1 енгил автомобили ва G1 юк автомобилини оммага тақдим этади. 1936 йилда Тойода йўловчи ташувчи автомобилни ҳам чиқара бошлайди.

1937 йилда Тойода автомобил ишлаб чиқарувчи бўлимни Toyota Motor Co., Ltd номи билан алоҳида рўйхатдан ўтказади. Ўшанда Киичиро Toyoda’ни жарангдорроқ талаффуз қилинадиган Toyota сўзига алмаштиради.

Toyota иккинчи жаҳон уруши йилларида

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач вазият ўзгариб кетади. Компания ҳукумат босими билан енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни тўхтатади ва асосан Япония армияси учун юк автомобиллари ишлаб чиқара бошлайди.

Toyota компанияси ишлаб чиқарган илк машина - A1

Ўша йилларда компания учун оғир дамларни ўтказади. Урушнинг сўнгги йилларига бориб Япония мағлубиятга учрай бошлайди. Шундан сўнг компанияга хориждан айрим эҳтиёт қисмларни олиб келиш қийинлашади. Оқибатда, компания тежамкорликка ўтади ва ҳатто юк автомобилларини битта ёритиш чироғи билан ишлаб чиқара бошлайди.

Япония урушда енгилар экан, АҚШ ҳарбий самолётлари бу давлатни бомбардимон қила бошлайди. Оқибатда, шаҳар ва қишлоқлар билан бирга кўплаб корхоналар ҳам вайрон бўлади ва ишлаб чиқаришни тўхтатади. Улар орасида Toyota Motor Co., Ltdʼнинг автомобилсозлик корхоналари ҳам бор эди.

Жумладан, компаниянинг Аити шаҳридаги асосий корхоналари АҚШликлар томонидан вайрон қилинади. Оқибатда компания автомобил ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур бўлади.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида ишлаб чиқарилган «бир кўзли» юк машинаси

Урушдан кейинги юксалиш

Иккинчи жаҳон уруши тугагач Япония АҚШ таъсир доирасига тушиб қолади. Шундан сўнг бу давлатдаги турли компаниялар АҚШликлардан рухсат олиб ўз корхоналарини қайта оча бошлайди.

1947 йилда Toyota Motor Co., Ltd ҳам ўз корхоналарини қайта ишга туширади ва SA русумли йўловчи ташувчи автомобилларни ишлаб чиқара бошлайди.

1950 йилда компания автомобиллар сотиш бўлимини алоҳида қилади. Ушбу бўлим Toyota Motor Sales Co. номи остида 1982 йилгача фаолият юритади.

Ўша пайтларда Toyota автомобиллари фақат Японияда ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида сотила бошланади. Шундан сўнг компания Toyopet номи остида ўзининг дилерлик тармоғини ташкил этади.

1952 йилда Toyota Motor Co., Ltd нинг биринчи раҳбари Киичиро Тойода вафот этади. Ўша йили компания Toyota Crown, Toyota Corona ва Toyota Publica моделлари оммага тақдим этади.

1957 йилда компания Toyota Crown автомобилини илк бор АҚШга экспорт қила бошлайди.

1957 йилда ишлаб чиқарилган Toyota Crown 

1959 йилда Toyota Motor Co., Ltdʼнинг асосий корхоналари ва бош офиси жойлашган Коромо шаҳрининг номи Toyota деб ўзгартирилади.

1960-йиллар бошида Toyota компанияси дунёнинг кўплаб мамлакатларига автомобил экспорт қиларди. Шундан сўнг компания хорижий давлатларда ўз корхоналарини очишни режалаштиради.

Илк хорижий корхона Австралиянинг Мелбурн шаҳрида қурилади ва 1963 йилда у ерда илк автомобил ишлаб чиқарилади. Шундан сўнг Toyota бошқа давлатларда ҳам ўз корхоналарини оча бошлайди.

Энг машҳур ва кўп сотилган автомобиллар

Toyota компанияси энг биринчи навбатда сифатга эътибор қаратади. Шу сабабли ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб бугунгача унинг кўплаб моделлари дунё бўйлаб машҳур бўлиб улгурган.

Компания автомобиллар ишлаб чиқаришни бошлагандан буён 80 га яқин моделда автомобил ишлаб чиқарган. Улар орасида энг машҳури Toyota Corolla ҳисобланади.

Компания ушбу моделни илк бор 1966 йилда ишлаб чиқарган. Кейинчалик унинг дизайни ўзгартириб борилган ва Toyota Corolla бугунгача ишлаб чиқарилмоқда.

1966 йилда ишлаб чиқарилган Toyota Corolla 

Компания ушбу моделдаги автомобилдан жами 37,5 млн дона ишлаб чиқариб сотган. Toyota Corolla автомобилсозлик тарихида энг кўп сотилган модел сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

1970-80 йилларда компания мисли кўрилмаган даражада ривожланади. Компания илк миллионинчи автомобилини ташкил этилганидан 25 йил ўтиб, 1960 йилда ишлаб чиқарган бўлса, 1972 йилда конвейердан ўн миллионинчи автомобил чиқарилади.

Ўша йилларда Toyota Mark, Toyota Selica, Toyota Carina, Toyota Sprinter ва Toyota Tercel моделлари ишлаб чиқарилади.

1982 йилда Toyota яна бир муваффақиятли сотилган моделлардан бири Toyota Camry автомобилини ишлаб чиқара бошлайди.

1982 йилда ишлаб чиқарилган Toyota Camry 

1983 йилда Toyota АҚШнинг General Motors концерни билан ҳамкорликни бошлайди. 1985 йилда компания ўзининг 50 миллионинчи автомобилини ишлаб чиқаради.

1989 йилда компания премиум синфига мансуб Lexus автомобилларини ишлаб чиқара бошлайди.

1990 йиллар бошида СССР парчаланиб кетгач Toyota учун Евросиёда янги бозорлар очилади. Компания Россияда автомобилларни йиғувчи корхоналарини очади.

1989 йилда ишлаб чиқарилган дастлабки Lexus

Дунёнинг энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчиси

21-аср бошларида компания дунёнинг энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчиси мақоми учун бошқа компаниялар билан рақобат олиб борарди. Бироқ АҚШнинг General Motors концернидан ўта олмасди.

2007 йилда Toyota илк марта General Motors’ни қувиб ўтади ва дунёдаги энг кўп автомобил ишлаб чиқарувчи компанияга айланади.

Бироқ 2008/2009 молиявий йилини компания зарар билан якунлайди. Toyota тарихида 1950 йилдан сўнг бундай ҳолат кузатилмаган эди. Компания 2010 йилда яна ўзини тиклаб олади.

Toyota 2012 йилдан буён жаҳон автомобилсозлик саноати лидери сифатида энг кўп автомобил ишлаб чиқарувчи компания мақомини ўзида сақлаб келяпти.

Бугун Toyotaʼга асосан ўзида ўнлаб брендларни бирлаштирган General Motors ва Германиянинг Volkswagen концернлари рақобат қилмоқда.

2022 йил маълумотларига кўра Toyota Motor Corporation компаниясининг шахсий капитали миқдори 228 млрд доллар, умумий айланма маблағи 272,9 млрд долларни ташкил этган. Шундан соф фойда 24,8 млрд доллар бўлган.

Toyota Motor Corporation бош офиси

Компаниянинг умумий активлари 589 млрд долларни, капитализацияси 232 млрд долларни ташкил этган. Бугун компанияга тегишли турли корхоналарда қарийб 400 минг киши меҳнат қилмоқда.

Бугун Toyota концернининг энг йирик ҳиссадорлари:

  • The Master Trust Bank of Japan – 11,71 фоиз улушга эгалик қилади;
  • Custody Bank of Japan – 9 фоиз улушга эгалик қилади;
  • Toyota Industries Corporation – 8,68 фоиз улушга эгалик қилади;
  •  Nippon Life – 4,58 фоиз улушга эгалик қилади;
  • JPMorgan Chase – 3,88 фоиз улушга эгалик қилади.

2013 йилдан буён компания бошқарув кенгаши раиси Такэси Утиямада (Takeshi Uchiyamada) ҳисобланади. У компанияда 1969 йилдан буён ишлаб келмоқда.

2009 йилдан буён компания президенти Акио Тойода (Akio Toyoda) ҳисобланади. У 1984 йилдан буён компанияда фаолият юритади.

2021/2022 молиявий йил ҳисоботларига кўра Toyota жами 10,5 млн дона автомобил ишлаб чиқариб сотган.

Компания ўз автомобилларини қуйидаги ҳудудларда ишлаб чиқарган:

  • Японияда – 1,92 миллион дона автомобил;
  • Шимолий Америкада – 2,39 миллион дона автомобил;
  • Осиёда – 1,54 миллион дона автомобил;
  • Европада – 1,02 миллион дона автомобил;

Бошқа ҳудудлар ( Марказий ва Жанубий Америка, Океания, Африка ҳамда Яқин Шарқ)да – 5 фоиз автомобил ишлаб чиқарилган.

Юқоридаги рўйхатдан ҳам кўриш мумкинки, Toyota энг кўп автомобилларни Шимолий Америкада ишлаб чиқаради ва асосан АҚШда сотади.

Бойлар учун ҳашаматли автомобил – Lexus

1980-йиллар бошида жаҳон автомобил саноатида кўплаб янги моделлар тақдим қилинади. Улар орасида бой одамлар учун ишлаб чиқариладиган ҳашаматли автомобиллар ҳам кўп эди.

Сўнгги русумдаги Lexus йўлтанламаси

1983 йилда Toyota раҳбари Эйзи Тойода дунёдаги энг зўр автомобил яратиш ғоясини илгари суради. Мақсад бошқалардан ортда қолмаслик ва замон билан ҳамнафас одимлаш эди.

Тойоданинг ғоясига кўра мазкур автомобил асосан пулдор мижозлар учун мўлжалланган ҳолда ишлаб чиқарилиши керак эди. Шундан сўнг F1 (Flagship One) лойиҳаси ишлаб чиқилади.

F1 лойиҳаси 1989 йилда тайёр бўлади. Унгача эса бу лойиҳа учун 60 нафар дизайнер, 1400 нафар муҳандис, 2300 нафар техник ходим, 220 нафар ёрдамчи меҳнат қилади. Улар 450 дан ортиқ дизайн устида иш олиб боради.

Илк автомобил тайёр бўлгач унга Lexus LS 400 деб ном беришади. Бу модел асосан АҚШ ва Европа бозори учун ишлаб чиқарилган эди. Кейинчалик компания Lexus автомобилларини ишлаб чиқарувчи компанияни алоҳида қилиб ажратади.

Lexus LS 400 илк бор 1989 йилда Детройтдаги халқаро автосалонда намойиш этилади. Тақдимотдан сўнг бу автомобилга дунё бўйлаб жуда кўп буюртма тушади.

1990 йилда Lexus LS 400 йилнинг энг яхши ўн автомобили қаторидан жой олади. Кейинроқ эса бу модел энг яхши автомобиллар рейтингида биринчи ўринга чиқади.

1991 йилда АҚШда Lexus LS 400 автомобилидан 71 206 дона сотилади ва премиум синфига мансуб автомобиллар орасида биринчи ўринни эгаллайди. Орадан кўп ўтмай Lexus — SC 400, кейинроқ Lexus – GS 300 русумли спорт автомобили ишлаб чиқарила бошланади.

1992 йилда АҚШда 92 890 дона Lexus автомобиллари сотилади. 1995 йилда ушбу модел бешинчи марта АҚШда энг кўп сотилган премиум синфига мансуб автомобил деб топилади.

1996 йилда Lexusʼнинг илк йўлтанламас автомобили Lexus LX 450 ишлаб чиқарилади. 1998 йилда шаҳар шароитида фойдаланиш қулай бўлган Lexus – RX 300 модели оммага тақдим этилади.

Ўшандан буён Lexus пренимум синфига мансуб автомобилларнинг янгидан янги моделларини ишлаб чиқармоқда. 2019 йилда Токио халқаро автосалонида келажак автомобили – ҳайдовчисиз бошқариладиган Lexus LF-30 Electrified тақдим этилади.

Ҳайдовчисиз бошқариладиган Lexus LF-30 Electrified 

Toyota Group

Бугун Toyota Motor Corporation йигирмага яқин турли компанияларни жамлаган Toyota Group концерни таркибига киради.

Концерн таркибида автомобиллар, уларнинг эҳтиёт қисмлари, тўқимачилик дастгоҳлари, ҳарбий техникалар ишлаб чиқарувчи компаниялардан тортиб, қурилиш компанияларигача бор:

  • Toyota Industries (1926 йилдан) — тўқимачилик дастгоҳлари ишлаб чиқаради;
  • Toyota Motor (1937 йилдан) — автомобиллар ишлаб чиқаради;
  • Aichi Steel (1940 йилдан, 30 улуши Toyota Industries ва Toyota Motor га тегишли) — автомобиллар учун кузовлар ва бошқа метал жиҳозлар ишлаб чиқаради;
  • JTEKT (2006 йилдан) — турли эҳтиёт қисмлар ва бошқа ускуналар ишлаб чиқаради;
  • Toyota Auto Body (1945 йилдан, 100 фоиз Toyota Motor га тегишли) — автомобиллар ва уларнинг кузовларини ишлаб чиқаради;
  • Toyota Tsusho (1946 йилдан) —Toyota Group концернини дунё бўйлаб тарғиб қилувчи савдо компанияси;
  • Aisin Seiki (1949 йилдан) — автомобил эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаради;
  • Denso (1949 йилдан) — автомобил эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаради;
  • Toyota Boshoku (1918 йилдан) — автомобил ва текстил саноати эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаради;
  • Towa Real Estate (1953 йилдан) — Кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи компания;
  • Toyota Central R&D Labs., Inc. (1960 йилдан) —Toyota Group таркибидаги турли компаниялар учун тадқиқот ишларини олиб боради;
  • Toyota Motor East Japan (2012 йилдан) — автомобиллар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаради;
  • Toyoda Gosei (1949 йилдан) — автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаради;
  • Hino Motors (1942 йилдан) — автобус ва юк автомобиллари ишлаб чиқаради;
  • Daihatsu (1907 йилдан) — компакт автомобиллар ишлаб чиқаради;
  • Toyota Housing Corporation (2003 йилдан) — уй-жой қурилиши ;
  • Toyota Motor Kyushu (1991 йилдан) — автомобиллар ва авто эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаради.
Toyota Group бош офиси

Toyota улушга эга бошқа компаниялар:

  • Kyoho kai group — Таркибида эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи 211 та компания бор.
  • Kyouei kai group (11 фоиз акцияси) — Таркибида 123 та логистика ва қурилиш компанияси бор.
  • Nagoya Broadcasting Network – Toyota 34,6 фоиз улушга эга.
  • Subaru Corporation – Toyota 20 фоиз улушга эга.
  • Mazda Motor Corporation – Toyota 5,05 фоиз улушга эга.
  • Suzuki Motor Corporation – Toyota 4,9 фоиз улушга эга.
  • Misawa Homes Holdings, Inc. – Toyota 13,4 фоиз улушга эга;
  • Primearth EV Energy Co — 1996 йилда Toyota ва Panasonic иштирокида ташкил этилган қўшма корхона;
  • Toyota Canada Inc. (TCI) — Toyota 51 фоиз улушга эга;
  • Yamaha Motor Company – Toyota 2,8 фоиз улушга эга;
  • Panasonic – Toyota 2,8 фоиз улушга эга;
  • Nippon Telegraph and Telephone – Toyota 2,09 фоиз улушга эга;
  • MS&AD суғурта гуруҳи – Toyota 8,88 фоиз улушга эга;
  • Fuji Pharma Co., Ltd. – Toyotaʼнинг улуши очиқланмаган;
  • Toyota Motor Manufacturing Canada (TMMC) —Toyota Motor North America (Toyotaʼнинг Шимолий Америкадаги бўлими. Унинг таркибига Онтарио провинциясидаги учта автомобил ишлаб чиқарувчи корхона киради.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид