Жаҳон | 09:13 / 21.02.2023
3774
2 дақиқада ўқилади

Эрон уранни 84 фоизгача бойитганини рад этди

Bloomberg агентлигининг хабар беришича, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик инспекторлари Эронда 84 фоиз бойитилган уранни аниқлаган. Теҳрон буни «фактларни бузиб кўрсатиш» деб атади. Европа Иттифоқи АЭХА ҳисоботини кутмоқда.

Фото: AFP

Эрон мамлакатда уран бойитиш даражаси 84 фоизга етгани ҳақидаги даъволарни рад этди. Бундай хабарлар «фактларни нотўғри кўрсатишдир», деди 20 февраль, душанба куни Ислом Республикаси Атом энергияси ташкилоти матбуот котиби Беҳруз Камолвандий. Теҳрон ҳалигача уранни 60 фоиздан кўпроқ бойитишга урингани йўқ, дея хабар беради IRNA Эрон давлат ахборот агентлиги Камолвандийга таянган ҳолда.

Bloomberg агентлиги номи ошкор этилмаган дипломатларга таяниб хабар беришича, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА ) инспекторлари февраль ойи бошида Эронда ядровий қурол яратиш учун зарур бўлган даражада бойитилган уранни аниқлаган. АЭХА Теҳрон уранни шу даражада атайлаб бойитганми ёки йўқ, шуни аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Европа Иттифоқи 26 февралгача АЭХАдан тегишли ҳисоботни олади, деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел матбуот анжуманида. Агентлик Эрон ядро дастурида нималар содир бўлаётганини кузатиш учун барча техник имкониятларга эга, деди Боррел. 

Бир кун аввал Европа дипломатияси раҳбари Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян билан телефон суҳбатида Теҳронга Брюссел уран бойитиш ҳақидаги хабарлардан хавотирда эканини билдирган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид