Нуқтайи назар | 17:15 / 21.02.2023
262852
3 дақиқада ўқилади

Янги сиёсий консенсус излаб

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатнинг барча собиқ президентларини БААда йиғиб, учрашибди. Ҳатто Атамбаевни қамоқдан чиқариб, Беларусдаги Бакиевни ҳам чақириб келибди. Учрашувда яна Асқар Акаев, Роза Ўтунбоева, Жеэнбеков ҳам бўлган. Бу воқеа Қирғизистон сиёсий майдони учун кутилмаган воқеа бўлган, жамоатчилик жунбишга келган. Жапаров нима ҳақида ўйлаяпти, нияти нима?

Коллаж: Kun.uz

Қирғизистон – Марказий Осиёда, қолаверса, пост-совет ҳудудида ҳокимият энг кўп алмашган давлат. Алмашганда ҳам, кўпроқ рангли инқилоблар ва муддатидан аввалги ҳокимият йиқитишлари орқали алмашди. 2005 йилда Асқар Акаев, 2010 йилда Қурманбек Бакиев, 2020 йилда Сооронбай Жеэнбеков йиқитилди. Қолаверса, бу беш президентнинг ўзаро муносабатлари жуда оғир ва зиддиятли. Ўзаро гаплашмайди, танқид қилади, ўч олишни ўйлаб юради.

Қирғизистонда сиёсий тарқоқлик ҳали ҳам кучли, ижтимоий-иқтисодий вазият оғир. Ковид Украинадаги урушга боғланиб кетди. Жамиятнинг кайфияти ҳеч ерда яхши эмас. Бўлиб ҳам, Қирғизистондаги ижтимоий кайфият янада оғирроқ...

Жапаров битта мақсадни кўзлаяпти. Янги сиёсий консенсус излаяпти. У ўтган йилларда давлат Конституциясини ўзгартирди. Президентлик бошқарувини қайтарди. Парламент бошқарувини бекор қилди. Бир мандатлик президентлик муддатини икки мандатлик муддатга алмаштирди.

Мана шу фонда, Жапаров сиёсий элитага юзланиб, янги сиёсий келишув таклиф қилмоқда. Маъноси оддий. “Илтимос, бўлди, тинч яшайлик. Ярашайлик! Мени йиқитманглар. Тўғри, иқтисодда, ижтимоий ҳаётда ҳаммаси оғир. Лекин, келишайлик, нима қилиб берай?”

Яъни Жапаров Қирғизистон сиёсий элитасига мурожаат қилиб, марказлашган давлат бошқарувини легитимлаштирмоқчи, рангли инқилоблар занжирини узмоқчи. Сиёсий элитани ўз атрофида бирлаштирмоқчи.

Ҳокимиятда хавотир учун асос, етарлидан ортиқ. Қирғизистонда ижтимоий барқарорлик учун ресурс мавжуд эмас. Рангли инқилоблар ғояси ҳам қадрсизланган. Жамият фрустрацияга юз тутганда, ҳеч ким халқни тинчлантира олмайди. Лекин, ижтимоий бўҳронлар ҳар доим сиёсий элита ичида пайдо бўлади ва кейингина кўчаларга чиқади.

Жапаров ҳокимиятдан йиқилган кейинги президент бўлишни истамаяпти. Шунинг учун, собиқ президентларни бир стол атрофига йиғиб, “ярашайлик, энди йиқитари йўқ!” дея келишиб олмоқчи. Собиқ президентларнинг учрашуви, сиёсий элитадаги зўриқишларни бироз пасайтиради, гиналарни қисман аритади.

Лекин рангли инқилоблар ёки ҳокимиятни йиқитишлар тўхтамайди. Сабаби, қирғиз жамиятидаги ҳокимият талашувнинг бошқа формуласи йўқ. Ресурслар чекланган, сиёсий маданият шаклланган. Бу давлатнинг энг катта нуқсони – ундаги эркинлик сиёсий консенсус ва жамиятнинг хавфсизлигига асосланмаганлиги. Яъни сиёсий ўйин қоидаси шаклланиб бўлди: ким вазиятдан фойдаланиб, халқни кўчага олиб чиқа олса, ҳокимият ўшаники бўлади. Айнан шу йўл билан ҳокимиятга келган Жапаров, шу ўйин қоидасини ўзгартирмоқчи...

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзуга оид