Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қонликўлда қурилаётган кўпқават уйнинг зинапояси қулаб тушди
Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманидаги Янги Ўзбекистон массивида қурилаётган уйлардан бирининг зинаси қулаган. Воқеадан кейин бошқа кириш йўлакларидаги зинапоялар ҳам олиб ташланган, чунки улар ҳам ёрилишни бошлаган. Прокуратура терговга қадар текширув ўтказмоқда.
Интернетда Қорақалпоғистоннинг Қонликўл тумани Янги Ўзбекистон массивида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирининг зинапояси қулаб тушгани акс этган видео тарқалди. Ҳолатни тасвирга олган эркак зинапоянинг қулашида қурувчиларнинг айби йўқлиги, зинапоя қурилишида арматура ишлатилмагани учун шу ҳодиса рўй берганини таъкидлайди.
Видео муаллифи, шунингдек, кўп қаватли уйни қураётган қурилиш фирмаси номи ва раҳбарининг кимлигини ҳам очиқлаган. Тасвирларда зинапояларнинг қулаши натижасида кўп қаватли уй деворларининг бир қисми ҳам қулаб тушгани, бутун қолган деворлар ҳам дарз кетгани кўринади.
Ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирган Қонликўл тумани ҳокимлиги 5 қаватли бинонинг 4-қаватдаги зинапоя носозлик сабаб қулаб тушгани, ушбу жараёнда ҳеч ким жабрланмаганини билдирган.

Ҳокимликка кўра, Янги Ўзбекистон массивида қурилиш ишлари “Имарат қурилис конструкция” МЧЖга топширилган, махсус зинапоялар (қулаб тушган зинапоялар ҳам) эса “Тақиятас Тау-Кита” темир-бетон томонидан шартнома асосида етказиб берилган.
“Имарат қурилис конструкция” МЧЖ раҳбари Мақсет Бекимбетовнинг таъкидлашича, зиналарни етказиб берган корхона раҳбарларини чақириб, ҳолат кўрсатилган, Бошқа подъездларга ҳам шу зинапоялар қўйилгани ва улар ҳам ёрилишни бошлагани учун барча зинапоялар олиб ташланган. Пудратчига кўра, у кўп қаватли уйнинг 9 та зинапояси янгидан қўйиб берилади.

Зинапоянинг қулаши сабабларини ўрганаётган Қорақалпоғистон прокуратураси 19 февралда ҳодиса жойини кўздан кечириб, терговга қадар текшириш ҳаракатларига киришган.
“Ҳозирда бинонинг қурилиш жараёнида қонунчилик талабларига риоя этилиш ҳолати юзасидан қурилиш экспертизаси тайинланиб, текшириш ҳаракатлари амалга оширилмоқда. Терговга қадар текширув устидан қатъий назорат ўрнатилган”, – дейилади расмий муносабатда.
Аввалроқ қалин қор ёғгани сабабли «Чилонзор буюм савдо комплекси» ҳудудидаги соябонлар, кучли шамол туфайли Бойсун туман ҳокимлиги биносининг томи қулаб тушганди.
Бухородаги мактабда хонанинг шифти, Зангиотада янги қурилган боғчанинг деворлари бир йилда қулаб тушганди.
Мавзуга оид
20:00 / 22.02.2025
Тошкентдаги ноқонуний қурилиш майдонида эркак зинадан йиқилиб вафот этди
16:14 / 23.01.2025
2030 йилгача камида 100 та «Янги Ўзбекистон» массиви қурилади
13:18 / 22.01.2024
1 апрелдан айрим қурилиш объектларини фойдаланишга қабул қилишга рухсатнома берилмайди
15:04 / 09.01.2024