Ўзбекистон | 16:40 / 24.02.2023
41510
3 дақиқада ўқилади

Президент Ўзбекистонда дронлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатма берди

Президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги Олий ҳарбий авиация билим юртига ташрифи чоғида мутасаддиларга дунёда кузатилаётган хавф-хатарлардан келиб чиқиб, ҳаво мудофаасини янги поғонага кўтариш, тажриба тариқасида учувчисиз қурилмалар йиғишни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги Олий ҳарбий авиация билим юрти фаолияти билан танишди.

Бу таълим муассасаси 1994 йилда Жиззахда ташкил этилган. Лекин у ерда бўлажак учувчилар амалиёт ўташи учун шароит етарли эмасди. Давлат раҳбари 2018 йилда Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий аэродромида бўлганида ҳарбий учувчилар тайёрлашда ушбу аэродром имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар билдирганди. Шу асосида, олий ҳарбий авиация билим юрти 2019 йилда Қарши шаҳрига кўчирилди. Ўқув ва машғулот бинолари замонавий тренажёрлар, ускуналар, ахборот технологиялари билан жиҳозланди.

Бу курсантларга Хонобод аэродромида ҳарбий ҳаво кемаларини бошқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича машғулотлар олиб бориш, бевосита ўқув полигонларида иштирок этиш имконини бермоқда. Парвозга тайёргарлик маркази ва ахборот-ресурс маркази, 4 та мутахассислик йўналишлари бўйича ўқув лабораториялари ҳарбий учувчиларнинг профессионаллик даражасини оширишга хизмат қилмоқда.

120 ўринли маданият маркази, 400 ўринли ётоқхона, ошхона, саф майдони ва спорт шаҳарчаси курсантлар ихтиёрида. Айни пайтда бу ерда 276 нафар курсант таълим олмоқда.

Президент муассасадаги шароитларни кўздан кечирди. Ёшлар билан суҳбатда ўз мутахассислигига қўшимча хорижий тиллар ва замонавий технологияларни пухта ўрганишнинг аҳамияти таъкидланди.

«Ҳар бир давлатнинг мудофааси унинг қудратини кўрсатади. Мудофаани эса сизга ўхшаган билимли, ақлли, иродали ҳарбийлар, муҳандис ва учувчилар таъминлайди. Бунга муносиб бўлиш учун доим ўқиб-ўрганиб, ўз устингизда ишлаб, ҳар томонлама баркамол бўлиб етишишингиз керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Олий Бош Қўмондон билим юрти ошхонасида курсантлар билан бирга тушлик қилди. Спорт ва ўқув машғулотларини кўрди. Ўқув юрти узра ҳужумчи, қирувчи, транспорт самолётлар, жанговар вертолётлар иштирокида ҳарбий авиация парвозлари намойиш этилди.

Мутасаддиларга дунёда кузатилаётган хавф-хатарлардан келиб чиқиб, ҳаво мудофаасини янги поғонага кўтариш, тажриба тариқасида учувчисиз қурилмалар йиғишни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди. Ушбу билим юрти фаолиятини ҳам шунга мувофиқ такомиллаштириш, хорижий муассасалар билан қўшма таълим дастурларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Мавзуга оид