«Уйқудаги аждарҳо»: Тожикистондаги Сарез кўли Марказий Осиё минтақаси учун қанчалик хавфли?
Сарез кўли Тожикистонда, Помир тоғлари орасида денгиз сатҳидан 3 255 метр баландликда жойлашган. Кўл 1911 йилда содир бўлган зилзилада Бартанг дарёси оқими табиий тўғон билан ёпилиб қолиши ортидан пайдо бўлган. Ўшандан буён унинг чуқурлиги 505 метрга етди. Сарез сейсмик ҳудудда жойлашган бўлиб, унинг атрофида тез-тез зилзила содир бўлади. Ана шу ҳолат анча йиллардан буён кўплаб хавотирларни юзага келтирмоқда.
2023 йил 23 феврал куни Тожикистонда бир нечта зилзила содир бўлди. Зилзила эпицентри Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Мурғоб тумани марказидан 67 километр ғарбда, Сарез кўлидан 30 километр шарқда жойлашгани айтилди.
Шу куни тушгача ер яна бир неча марта силкинди. Қайд этилган магнитудалар 4,5 – 5 балл бўлди. Содир бўлган зилзилалар эпицентри Сарез кўлига яқин жойда бўлгани кўпчиликда хавотир уйғотди.
Бироқ Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот котиби Умида Юсуфий хавотирларга ўрин йўқлигини айтиб чиқди.
«Сарез кўлида кузатув ва эрта огоҳлантириш тизими меъёрида ишламоқда. Ўзгарувчанлик ва ўзгаришлар қайд этилмаган. Кўлга сув келиши ва унинг оқими ўзгаришсиз қолди», деди у.
Баланд тоғлар орасида жойлашган Сарез кўли атрофида тез-тез зилзила содир бўлиб туради. Аксарият олимлар уни «Уйқудаги аждарҳо» деб аташади ва кўл билан боғлиқ хавотирлар тез-тез айтилиб турилади.
Жумладан, 2020 йил 6 ноябр куни Британиянинг Daily Mail нашри Тожикистондаги Сарез кўли ҳақида мақола эълон қилганди. Унда мазкур кўл «Аста-секинлик билан ҳаракатга келувчи табиий бомба» деб аталган. Шунингдек, Сарез кўлида юз бериши мумкин бўлган фалокат тарихдаги энг ёмон табиий офатга олиб келиши мумкинлиги айтилган.
Мақолада ёзилишича, Марказий Осиё мамлакатлари нафақат бой табиати, балки табиий ҳолда шаклланган бир қатор жиддий хавотирли муаммолари билан ҳам ажралиб туради.
«Тожикистон ҳудудидаги Помир тоғларида жойлашган Сарез кўли нафақат бу мамлакат, бошқа Марказий Осиё мамлакатлари учун катта хавф туғдиради. Кўчки натижасида табиий тўғон билан ўралган мазкур кўл табиий мўъжиза бўлиш билан бирга аста-секинлик билан ҳаракатга келадиган бомбага ўхшайди. Агар Сарезда фалокат содир бўлиб, суви оқиб кетадиган бўлса, тарихдаги энг ёмон табиий офатни келтириб чиқариши мумкин. Миллионлаб тонна сув, шағал ва чўкиндилар Бартанг, Панж ва Амударё бўйлаб оқиб, эҳтимол Орол денгизигача етиб бориши мумкин. Фалокат оқибатида Марказий Осиёда миллионлаб гектар ерларни, шунингдек,Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистонда кўплаб аҳоли манзилларини сув босиши мумкин» деб ёзади, нашр БМТ томонидан турли йилларда берилган баёнотларига асосланиб.
Мақолада Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари, БМТ ва Жаҳон банки Сарез кўли билан боғлиқ вазиятни синчковлик билан кузатишда давом этаётганини таъкидланади.
Сарез кўли ҳақида маълумотлар
Сарез кўли – Тожикистон таркибига кирувчи Тоғли Бадахшон автоном вилояти ҳудудида жойлашган тоғ кўли. У тоғ жинсларининг кўчиши натижасида табиий пайдо бўлган кўл ҳисобланади.
Кўлнинг:
- Денгиз сатҳидан баландлиги – 3 255 метр;
- Узунлиги – 70-75 км;
- Эни ўртача – 3,3 км;
- Энг чуқур жойи – 505 метр;
- Ўртача чуқурлиги – 185 метр;
- Кўл эгаллаган майдон – 15 755 м²;
- Кўл сувининг умумий ҳажми 17 км³
Кўлнинг пайдо бўлиши
1911 йил 3 март куни Тоғли Бадахшондаги Оқсув дарёсининг ирмоқларидан бири бўлган Бартанг дарёси оқадиган дара қаттиқ зилзила туфайли тўсилиб қолади. Натижада дарёнинг йўли ёпилиб, табиий тўғон пайдо бўлади.
Шундан сўнг Бартанг дарёси мазкур табиий тўғонда йиғила бошлайди. 1925 йилгача кўлнинг суви ҳар йили 9 метр кўтарилиб боради. 1925-1938 йиллар оралиғида 1,2 метрдан ўсиб борган. Ундан кейин ҳозиргача йилига 0,2 метрдан кўтариляпти.
1938 йилга келиб кўлнинг чуқурлиги 480 метрга етади. Ҳозир ўлчанган энг чуқур жойи 505 метрни ташкил этади.
Сарез кўли ҳақида хавотирлар
1999 йилда БМТ Сарез кўли масаласида ўз тадқиқотларини эълон қилади. Унда кўл ҳақидаги умумий маълумотлардан ташқари кўлда содир бўлиши мумкин бўлган фалокатнинг тахминий кўламлари ҳақида ҳам ёзилган.
2000 йилда Жаҳон банки назорати остида Сарез кўлида халқаро лойиҳа бошланади. Кўлда уни доимий равишда кузатадиган замонавий мониторинг ва огоҳлантириш тизими ўрнатилади. Ўшандан буён кўлдаги ҳолат доимий равишда кузатиб борилмоқда.
Кўлдаги табиий тўғоннинг ўзида огоҳлантириш сигналини берувчи ускуналар ўрнатилган. Бу ерда навбатчилик қиладиган операторлар 24 соат давомида кузатув пунктларида ўтириб сувдаги ўзгаришларни ва бошқа параметрларни кузатади. Сув сатҳида кескин ўзгаришлар юз берганда, улар дарҳол огоҳлантириш сигналини беради.
Сарез кўли ҳақида кўплаб экспертлар ўз фикрини билдирган. Жумладан, 2015 йилда Сарез кўли яқинида магнитудаси 7,2 баллга тенг зилзила содир бўлганда россиялик мутахассис Андрей Захватов ўз хавотирларини билдиради.
Сарез кўли билан боғлиқ хавотирлар ўзбекистонлик мутахассислар томонидан ҳам билдирилган. Жумладан ўзбекистонлик мутахассис Равшан Қодиров 2016 йилда Сарез кўли бугунги кунда Марказий Осиёнинг бир неча республикаларига жиддий хавф туғдираётганини айтиб чиққанди.
Унинг сўзларига кўра, собиқ иттифоқ парчаланмасдан аввал ҳам Сарез кўлини ўрганиш учун илмий экспедициялар ташкил этилган. Тадқиқотчилар, 500 метрлик тўғонни олиб ташлашнинг имкони йўқ деб баҳолашган.
Инсон қўли билан қурилмаган ва кўзга кўринмас жойлари қандай аҳволдалиги номаълум бўлган тўғоннинг кучлироқ табиий офатга бардош бериш даражаси қандай эканини баҳолаш мушкул. Бироқ ҳолатни математик моделлаш мумкин деб ҳисоблайди Р.Қодиров.
Нафақат Р.Қодиров, бошқа мутахассислар томонидан, шунингдек БМТ ҳисоботларида Сарез тўғони ёрилгудай бўлса Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг катта ҳудуди вайрон бўлиши, ушбу республикалардаги миллионлаб инсонлар азият чекиши мумкинлиги айтилади.
Ўзбек мутахассисига кўра Сарездан оқиб тушадиган лойқа сув йўлида учраган нарсаларни ювиб кетиб, Қорақалпоғистонга етиб борганида унинг баландлиги бир метр бўлиши мумкин.
2021 йил 19-21 май кунларида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё, Бухоро вилоятларида Тожикистон ҳудудидаги Сарез кўли дамбасининг ёрилиши натижасида сув тошқини хавфи юзага келганда аҳолини шартли эвакуация қилиш бўйича ўқув машқлари ўтказилиши маълум қилинганди.
Тожикистон: хавотирлар асоссиз
Сарез кўлида зилзила туфайли фалокат юз бериши мумкин деган хавотирлар Тожикистоннинг тегишли тузилмалари ва олимлари томонидан бир неча бор асоссиз деб топилган.
2020 йилда Сарез кўли яқинида зилзила содир бўлган ва турли хавотирлар билдирилганди. Ўшанда Тожикистон Фанлар академияси Геофизика хизмати раҳбари Собит Негматуллаев Сарез кўли ҳудуди мутахассисларнинг доимий назорати остида эканини айтиб чиққанди.
Олим, Усой тўғонининг вайрон бўлиши мумкинлигидан хавотирга ўрин йўқлигини таъкидлаганди.
Тожикистон Фанлар академияси президенти Фарҳод Раҳимийнинг сўзларига кўра, сўнгги 80 йил ичида Сарез кўли олдида жиддий зилзилалар кузатилмаган.
Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раҳбари Рустам Назарзода эса Сарез кўли мутахассисларнинг доимий назоратида экани ва ортиқча хавотирга ўрин йўқлигини маълум қилганди.
«Сизга шуни таъкидламоқчиманки, ҳеч нарсадан хавотирланмай ухлайверинг. Сарез кўлида жиддий ўзгаришлар кузатилмаяпти», - дейди Рустам Назарзода.
2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстона алоқалар қайта тиклангандан сўнг икки мамлакат ўртасида Сарез кўлидаги сувдан ҳамкорликда фойдаланиш режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилинди.
Жумладан Шавкат Мирзиёвнинг 2018 йил август ойида Тожикистонга қилган ташрифи давомида бу мамлакат президенти Эмомали Раҳмон келажакда Ўзбекистон билан ҳамкорликда Сарез кўлидаги сувдан фойдаланиш режалаштирилаётгани ҳақида гапирганди.
«Биз бугун Сарез юқори тоғли кўлининг тоза сув ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини ўрганишни бошлаш ҳақида келишиб олдик ва бу борада тегишли вазирлик ҳамда институтларга топшириқ бердик. Келажакда биз ушбу лойиҳа минтақамиз аҳолисини сув билан таъминлашга улкан ҳисса қўшишига ишонамиз», - деганди Тожикистон раҳбари.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
17:22 / 19.11.2024
«Марказий Осиё – Хитой» қувури орқали 14 йилда етказилган табиий газ миқдори маълум қилинди
16:34 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани ёш болалар хивчин билан савалангани акс этган видеога муносабат билдирди
17:25 / 15.11.2024
2050 йилга бориб Марказий Осиё музликларининг учдан бир қисми эриб кетиши мумкин
12:26 / 15.11.2024