Жаҳон | 09:46 / 27.02.2023
5303
2 дақиқада ўқилади

Францияда қурғоқчилик кузатиляпти. Мамлакат сувни тежашни бошламоқчи

Кристоф Бешюнинг сўзларига кўра, Франция сувни тежашни бошлаши керак, чунки келгуси қишлоқ хўжалиги даврида ушбу ресурсни таъминлашнинг барча кўрсаткичлари «қўрқинчли даражада» бўлади.

2022 йилда қуриган Лоир дарёси / Фото: Getty Images

Франция келгуси қишлоқ хўжалиги даврида ушбу ресурсни таъминлашнинг барча кўрсаткичлари «қўрқинчли даражада» бўлиши сабабли сувни тежашни бошлаши керак. Бу ҳақда Франциянинг атроф-муҳитни ўзгартириш вазири Кристоф Бешю 25 февраль, шанба куни чоп этилган Le Journal du Dimanche нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди. Бешю 27 февраль куни ҳудудий префектлар билан учрашув ўтказишини айтди. «Агар бу ёзда зарур бўлган сув ресурсларини сақлашни таъминлаш учун ҳозирдан чеклов буйруғи чиқарилиши керак бўлса, буни қилинг», деди у.

Вазирнинг аниқлик киритишича, 2022 йилдаги қурғоқчилик туфайли ерости сувлари даражаси паст даражада сақланиб қолган. Февралгача ёмғир кам ёғди, кейин ёмғир одатдагидан камроқ бўлди. «Бу февраль 1959 йилдан бери энг қурғоқчил ойга айланди», - деди Бешю.

Март ойи бошида вазиятни назорат қилиш учун вазирликлараро ишчи гуруҳ тузилади. Тўртта департаментда сувдан фойдаланишга чекловлар жорий қилинган, яна ўнтасида махсус назорат ўрнатилган.

2022 йил декабрь ойи охирида Буюк Британия Миллий трести 2023 йилда иқлим ўзгариши сабабли бўронлар, қурғоқчилик ва жазирама тўлқинлари каби табиат ҳодисалари бир қатор ҳудудларда одатий ҳолга айланиши ҳақида огоҳлантирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид