Ўзбекистон | 10:55 / 27.02.2023
7289
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар учун янги дастур қабул қилади

Фото: Fotolia

Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳудудларда қурилиш материаллари саноатида ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2023-2026 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар учун «Саноат ипотекаси» дастури тасдиқланади. Бунда, «Саноат ипотекаси» дастури доирасида 7 йиллик, 2 йил имтиёзли давр билан (миллий валютада Ўзбекистон Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 баробаридан кам бўлмаган ҳамда хорижий валютадаги кредит линияси шартидан келиб чиқиб 3 фоиздан кам бўлмаган банк маржаси остида) кредитлар берилиши белгиланади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кластерларини ташқи инфратузилма билан таъминлаш учун зарур маблағларни ажратиш бўйича 2024 йилда тасдиқланадиган бюджет параметрларида ҳисобга олинишини таъминлайди.

Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилояти ҳокимликлари, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси, Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича Кенгаш тегишли идоралар билан биргаликда 2023-2024 йилларда каолиндан кластер усулида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича камида 200 миллион АҚШ долларлик 10 та лойиҳа амалга оширилишини таъминлайди.

Марказий банк ва тижорат банкларига қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун ажратилган кредитлар тўлов муддатлари қайта кўрилганда кредитлар сифатини паст тоифада таснифламаслик ва улар бўйича захира яратмаслик шарти билан узайтириш тавсия этилади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича Кенгаш, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси тегишли идоралар билан биргаликда 2023 йилда қурилиш материаллари саноат корхоналари жами экспортини 1,0 млрд долларга етказиш ва бунинг учун янги ишга туширилган корхоналарни экспортга жалб қилиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини 35 трлн сўмга етказилиб, хориж бозорларига талаби юқори бўлган қурилиш материаллари бўйича экспорт ҳажмини ошириш чораларини кўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид