Жаҳон | 13:46 / 28.02.2023
22496
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги нефт базасига дронлар ёрдамида ҳужум уюштирилди

Краснодар ўлкаси Туапсе шаҳридаги нефт базасида ёнғин рўй берди. Россия нашрлари нефт базага дронлар ҳужум қилишга урингани ҳақида ёзди. Сешанбага ўтар кечаси Россиянинг бошқа регионларидан ҳам шунга ўхшаш хабарлар келган.

Фото: tuapse

Краснодар ўлкасининг Туапсе шаҳрида нефть базасида ёнғин содир бўлди, деб хабар қилди шаҳар маъмурияти 28 февраль, сешанба куни. Ёнғин тунги соат 2 ларда, очиқ маълумотларга кўра, «Роснефт» компаниясининг нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган Индустриалная кўчасида бошланган

Маҳаллий аҳоли нефть базаси ҳудудида бир неча сония оралиқда иккита портлаш овозини эшитган, деб ёзади 93.ru. Astra нашрининг таъкидлашича, ҳудудга «иккита номаълум учиш аппарати» ҳужум қилган, қозонхона шикастланган ва бино ёнидан бир ярим метрлик иккита чуқур топилган. Baza ва Shot Telegram-каналлари нефть омборига портловчи моддалар билан тўлдирилган учувчисиз учоқлар томонидан ҳужум қилингани, улар нефть омборидан 100 метр узоқликда қулаганини даъво қилмоқда. Расмийлар бу маълумотга изоҳ бермади. 

Шаҳар расмийларининг айтишича, ёнғин хўжалик биносида келиб чиққан ва камида 200 квадрат метр майдонни қамраб олган. Ёнғин ўчирилди. Шу билан бирга, Туапсе мэрияси шаҳар аҳолисини «фейк маълумот тарқатмасликка» чақирди, чунки «қонунга кўра, бу жазоланади». Ҳокимлик «фавқулодда вазият вақтида ҳеч ким жабрланмагани, нефть тўкилмагани»ни таъкидлади. 

Astra нашрининг ёзишича, портлашлар содир бўлган жойдан 30 метр узоқликда Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари бўлган казарма жойлашган. Бошқа манбалар бу маълумотни тасдиқламади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид