Жаҳон | 19:38 / 02.03.2023
14658
13 дақиқада ўқилади

TikTok танқидчилари нимадан хавфсирамоқда ва уларнинг хавотири қанчалик асосли?

Хитой АҚШ ҳукуматини гўёки TikTok’нинг миллий хавфсизликка таҳдид солаётганини бўрттириб кўрсатаётганликда айблади. Бундан ташқари, расмий Пекиннинг фикрича, бу Хитой компаниясини бозордан сиқиб чиқариш учун атайлаб қилинмоқда.

Фото: Getty Images

АҚШнинг барча давлат муассасалари ходимларига бир ой ичида TikTok қайси қурилмаларда ўрнатилган бўлса, барчасидан ўчириб ташлаш буюрилди, чунки илова фойдаланувчи маълумотларини ҳимоя қилиш нуқтайи назаридан хавфли бўлиши мумкин.

Канада ва Европа Иттифоқи давлатлари ҳукуматлари ҳам АҚШдан ўрнак олишга қарор қилди ва барча давлат хизматчиларига TikTok’ни ўчириб ташлаш тўғрисида буйруқ берди. Бироқ, Ғарбдаги баъзи сиёсатчилар бу қадамни етарли эмас деб ҳисобламоқда. Улар бундан ҳам жиддийроқ қадам ташлаш ҳамда иловани давлат даражасида расман тақиқлашга чақирмоқда.

Хитой дипломатлари бунга жавобан фақат елка қисиб, айбсизлик презумпциясини эслатяпти.

«Европа Иттифоқи бозор қоидаларни ҳурмат қилиши ва миллий хавфсизлик масалаларини бундай кенг ва умумлаштирилган тарзда талқин қилишни тўхтатиши керак», деган Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нин.

Нин ўз навбатида жавоб айбловини ҳам илгари сурган. Унинг айтишича, Брюсселдагиларнинг сўзлари кўпинча қилаётган ишларига мос келмайди.

«Европа Иттифоқи ўзини дунёдаги энг очиқ бозор сифатида эътироф этади. Аммо яқин ўтмишда бу ерда хорижий компанияларга нисбатан чеклов чоралари бир неча бор киритилган ва бундай асоссиз зулм айнан миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан изоҳланган», дея Европа иттифоқини танқид қилган хитойлик дипломат.

Мао Ниннинг таъкидлашича, «миллий хавфсизликни таъминлаш йўлида хорижий компанияларнинг ҳаракатларига доимий чекловлар киритиш» фақатгина инвесторлар ишончига путур етказади ва жаҳон ҳамжамиятида бундай давлатлардаги бизнес муҳити бўйича саволлар туғдиради.

2020 йилда компания АҚШда тақиққа учрашига сал қолди, бу билан шахсан ўша пайтдаги президент Доналд Трамп шуғуллана бошлаганди. TikTok раҳбарияти ҳар куни илова ўз фойдаланувчиларига киберхавфсизлик нуқтайи назаридан хавф туғдириши бўйича юзлаб саволларга жавоб беришига тўғри келди.

Воқеалар ривожланиб, TikTok атрофидаги жамоатчилик муҳокамаси кўплаб суд жараёнларига уланиб кетди. Бироқ Трамп президентликдан кетгач, унинг ўрнига келган Жо Байден собиқ президентнинг бу борадаги ташаббусини давом эттирмади.

Ва мана ҳозир, орадан деярли уч йил ўтиб, тарих яна такрорланаётгандек — фақат бу сафар ундаги мақсадлар каттароқ.

Уч йил аввал ушбу иловадан бутун дунё бўйлаб жами 800 миллионга яқин одам фойдаланган. Ўшандан бери TikTok’ни юклаб олган фойдаланувчилар сони кескин ўсиб борди ва бугунги кунда улар тахминан 3,5 миллиардни ташкил этади.

Хитой ва Ғарб давлатлари ўртасида кучайиб бораётган геосиёсий зиддиятлар ҳисобга олинса, TikTok’нинг узоқ муддатли ривожланиш истиқболлари ниҳоятда ноаниқ.

Хитой компаниясига киберхавфсизлик борасида тақдим этилган учта шикоят нима ва компания раҳбарияти уларга қандай жавоб беради?

1. TikTok фойдаланувчилар ҳақида «жуда кўп маълумот» тўплайди

TikTok танқидчилари кўпинча иловани ўз фойдаланувчилари ҳақида ҳаддан ташқари кўп маълумот тўплашда айблайди. Ушбу даъвонинг исботи сифатида улар одатда Австралиянинг Internet 2.0 компаниясининг 2022 йил июл ойида эълон қилинган ва онлайн хавфсизлик масалаларига бағишланган ҳисоботига мурожаат қилади.

Илованинг асосий кодини ўрганиб чиққандан сўнг, Internet 2.0 мутахассислари TikTok ўз фойдаланувчилари ҳақида «ортиқча маълумот тўплаш» билан шуғулланади деган хулосага келган. Масалан, фойдаланувчи айнан қаерда жойлашгани, қайси қурилмадан тармоққа кириши ва ушбу қурилмада бошқа яна қандай иловалар ўрнатилгани каби.

Бироқ Citizen Lab компанияси томонидан ўтказилган шунга ўхшаш тадқиқот шуни кўрсатадики, «TikTok ўз фойдаланувчиларининг хатти-ҳаракатларини кузатиш учун бошқа машҳур ижтимоий медиа платформалариникига ўхшаш турдаги маълумотларни тўплайди».

2023 йилнинг январ ойида Жоржия технология институти тадқиқотчилари гуруҳи ҳам юқоридаги каби хулосага келди: «Асосий факт шуки, бошқа ижтимоий тармоқлар ва мобил иловаларнинг аксарияти айнан шу ишни (маълумотлар тўплаш) амалга оширади».

TikTok компаниясининг ахборот хизмати вакили BBC нашри журналистини фойдаланувчи маълумотларини йиғиш ижтимоий тармоқ саноати амалиётига мувофиқ эканига ишонтирган.

TikTok ByteDance интернет-гигантига тегишли, унинг асосий офиси Шанҳайда жойлашган

2. Хитой ҳукумати TikTok ёрдамида маълум бир фойдаланувчини кузатиши мумкин

TikTok компанияси вакили BBC нашрига компания бутунлай мустақил экани ҳамда «Хитой ҳукуматига ҳеч қандай маълумотлар бермагани ва агар сўралган тақдирда ҳам, бермаслиги»ни маълум қилган.

Киберхавфсизлик бўйича мутахассисларнинг доимий огоҳлантиришларига қарамай, кўпчилигимиз шахсий маълумотларнинг ошкор этилишига кўникиб қолдик. Бу биз ижтимоий тармоқлардан фойдаланишимиз учун муқаррар равишда тўловчи бадалдир.

Ижтимоий тармоқ компаниялари ўз хизматларини бепул тақдим этиш эвазига ўз фойдаланувчилари ҳақида маълумот тўплайди, бу тармоққа фойдаланувчига кўрсатиладиган рекламаларни аниқроқ танлаш имконини беради (бу рекламаларнинг самарадорлигини сезиларли даражада оширади).

Яна бир вариант ҳам бор – тўпланган фойдаланувчи маълумотлари уларга қизиққан бошқа компанияларга сотилади (улар ҳам бу маълумотлардан худди шу мақсадда фойдаланади).

Гап шундаки, TikTok – бошқа машҳур иловалардан фарқли ўлароқ, Хитойнинг ByteDance интернет гигантига тегишли. Худди шу турдаги тармоқлар: Facebook, Instagram, Snapchat, YouTube ва бошқа медиа платформалар ҳам биз ҳақимизда TikTok’дан кам маълумот тўпламайди, аммо уларнинг барчаси АҚШда жойлашган.

Шунинг учун ҳам бир неча йилдан бери АҚШ қонунчилари ва уларга эргашадиган деярли бутун дунё бу компаниялар томонидан тўпланган маълумотлар АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солиш учун ишлатилмайди дея ишониб келмоқда.

2020 йилда Доналд Трамп имзолаган фармонда айтилишича, TikTok иловаси томонидан тўпланган маълумотлар, назарий жиҳатдан, Хитой ҳукуматига «федерал ҳукумат идоралари ходимлари ва пудратчиларининг ҳаракатларини кузатиш, кейинчалик шантаж қилиш учун уларга нисбатан муросасиз далиллар тўплаш ва саноат жосуслиги билан шуғулланиш» имконини беради.

Бугунги кунда, бу таҳдид фақатгина назарий хусусиятга эга. Ҳар ҳолда, очиқ манбаларда бундай ҳолатлар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бироқ, бу борада жиддий хавотир пайдо бўлишига сабаб Хитойда 2017 йилда қабул қилинган қонун бўлиб, унинг матни жуда ноаниқ ва юристлар томонидан мақсадга қараб турлича талқин қилиниши мумкин.

Хитой Миллий разведка тўғрисидаги қонуннинг 7-моддаси мамлакатнинг барча фуқаролари ва унинг ҳудудида фаолият юритаётган барча ташкилотларга Хитой разведкасининг улар билан боғланган ҳар қандай вакилига «ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш ва у билан ҳамкорлик қилиш» мажбуриятини юклайди.

Бу моддани, нафақат TikTok’ка, балки бутун Хитой компанияларига шубҳа билан қарайдиган одамлар тез-тез эсга олади.

Бироқ, Жоржия Технология институти тадқиқотчилари бу гап умумий контекстдан юлиб олинганини таъкидлаб, қонунда фойдаланувчилар ва хусусий компанияларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бандлар ҳам борлигини айтган.

2020 йилдан бери TikTok раҳбарияти ўз аудиториясини компаниянинг хитойлик ходимлари Хитойдан ташқарида жойлашган фойдаланувчиларнинг маълумотларига кириш имконига эга эмаслигига ва ҳатто бундай рухсатга эга бўла олмаслигига бир неча бор ишонтиришга уриниб кўрди.

Бироқ, 2022 йил декабр ойида ByteDance матбуот хизмати компаниянинг Пекиндаги бир неча ходимлари камида иккита америкалик журналист, шунингдек, «маълум миқдордаги» бошқа одамларнинг маълумотларига кириш имконига эга эканини тан олди. Ушбу маълумотлар орқали уларнинг ҳаракатлари кузатилди. Яъни улар (журналистлар) оммавий ахборот воситаларига маълумот тарқатишда гумон қилинаётган TikTok ходимлари билан учрашгани ёки йўқлиги текширилади.

TikTok матбуот котиби ушбу маълумотларга кириш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар компаниядан ишдан бўшатилганини таъкидлаган.

TikTok маъмурияти фойдаланувчилар маълумотларига эга жисмоний серверлар АҚШ ва Сингапурда жойлашганини ва ҳеч қачон Хитойда бўлмаганини айтмоқда.

Компания раҳбарияти ҳозирда бошқа мамлакатларда ҳам сервер омборларини яратиш бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилган. Масалан, 2024 йилдан Буюк Британия ва Европа Иттифоқидан келаётган барча трафик тўлиқ Ирландияда сақланиши ва қайта ишланиши режалаштирилган.

TikTok’нинг хитойча версияси Douyin деб аталади, аммо бу икки илова ҳам бир хил базавий кодга эга

3. TikTok ёрдамида «мияни ювиш» мумкин

«Жамиятимиз тамойилларимизни ифодаловчи ҳужжат жамиятимизнинг ўзига ёки кенг жамоатчиликка зарар етказиши мумкин бўлган нотўғри маълумотни тарқатишни мутлақ тақиқлайди. Бошқа нарсалар қаторида, мувофиқлаштирилган носамимий хатти-ҳаракатлар (ижтимоий тармоқлардаги пулли троллар фаолияти шу ибора билан белгиланган) ҳам тақиқланади», дейди TikTok вакиллари.

«Хитой ҳукумати ... таъсир қилиш операцияларини ўтказиш учун ишлатилиши мумкин бўлган тавсиялар (ижтимоий тармоқдаги видеолар лентаси, «рекомендация») алгоритмини бошқариши мумкин» (яъни, илова маълум бир мавзу бўйича фойдаланувчиларнинг фикрига таъсир ўтказишга қодир)», деган эди 2022 йил ноябр ойида АҚШ Федерал қидирув бюроси директори Кристофер Рэй америкалик қонунчиларга.

Бу гумонларни TikTok бош компаниясининг фақат Хитойда юклаб олиш мумкин бўлган, Douyin деб номланган бошқа иловаси қаттиқ цензурага учрагани ва Хитой ҳукумати учун фойдали бўлган таълим курслари ва бошқа материалларни тарғиб қилиш учун оптималлаштирилгани янада кучайтирмоқда.

Хитойдаги барча ижтимоий тармоқлар цензорларнинг бутун бир армияси томонидан қаттиқ назорат қилинади. Улар ҳокимиятни танқид қилиши ёки сиёсий норозиликни ошириши мумкин бўлган ҳар қандай контентни ўчириб ташлайди.

TikTok жаҳон бозорига кириб келганидан бери платформада юқори даражадаги цензура ҳолатлари аниқланиши оқибатида бир неча бор можаро марказида қолди. Энг машҳур мисоллардан бири Пекиннинг Шинжондаги мусулмонларга нисбатан муносабатини муҳокама қилгани учун АҚШ фойдаланувчиси аккаунти блокланиши бўлди.

Жамиятда кўтарилаётган норозилик тўлқини фонида TikTok раҳбарияти фойдаланувчилардан узр сўради ва америкалик фойдаланувчининг блокланган аккаунтга кириш ҳуқуқини тиклади.

Ўшандан бери яна бир нечта цензура ҳолатлари маълум бўлди. Ва бу модераторлар жамоасининг баҳсли қарорлари эмас эди (интернетда ишлайдиган барча медиа платформалар бу муаммога дуч келади).

TikTok ва Douyin’ни таққослаган Citizen Lab экспертлари Douyin’да кенг тарқалган сиёсий цензурани TikTok’да топиб бўлмайди деган хулосага келган.

«Ушбу платформада постлар учун аниқ цензура белгилари йўқ», дея ишонтирган тадқиқотчилар.

Жоржия технология институти таҳлилчилари TikTok’да «Тайван мустақиллиги» ёки Хитой раиси Си Жинпинг ҳақидаги турли кинояли гаплар ёрдамида видеоларни қидирган ва «ушбу тоифадаги видеоларни TikTok’да осонгина топиш мумкин ва уларнинг аксарияти машҳур ҳамда кенг тарқалган» деган хулосага келган.

Назарий хавф

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, умуман олганда, билдирилган хавфлар етарлича асоссиз: бугунги кунда ҳар қандай таҳдидлар назарий ва реал далилларга эга эмас.

Танқидчиларнинг таъкидлашича, TikTok Троя отига ўхшайди: фақат зарарсиз кўринади, лекин аслида у кучли қурол бўлиши мумкин, масалан, можаро пайтида.

Илова Ҳиндистонда аллақачон тақиқланган. Деҳли 2020 йилда нафақат TikTok , балки Хитойнинг бошқа ўнлаб платформаларига қарши ҳам чекловчи чораларни жорий қилганди.

Бироқ, АҚШда TikTok’ни тақиқлаш платформа учун ҳалокатли бўлиши мумкин, чунки Вашингтоннинг иттифоқчилари кўпинча бундай қарорларга қўшилади.

Бу АҚШ, худди шундай назарий хавфдан келиб чиқиб, Хитойнинг Huawei телекоммуникация гигантининг мамлакатга 5G инфратузилмасини жойлаштиришини блоклашга қарор қилганида яққол аниқ бўлди. Вашингтоннинг иттифоқчилари АҚШ ортидан худди шундай қарорлар қабул қилди.

Аммо шуни таъкидлаш керакки, юқорида айтилган барча хавфлар фақат АҚШ томонида мавжуд. Хитой АҚШ иловалари ҳақида ўйлаши шарт эмас: Хитой фуқароларига АҚШ тармоқларига кириш бир неча йилдан бери тақиқланган.

Муҳаммадқодир Собиров
Тайёрлаган Муҳаммадқодир Собиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид