Жаҳон | 11:34 / 06.03.2023
5817
2 дақиқада ўқилади

Испанияда аёлларнинг лавозимни эгаллашдаги тенг ҳуқуқлари тўғрисида қонун тайёрланяпти

Педро Санчес сиёсат, маъмурият, ассоциациялар ва йирик компаниялардаги муҳим лавозимларда аёллар учун тенг имкониятлар тўғрисидаги қонун тайёрланаётганини эълон қилди.

Фото: Shutterstock

Испания бош вазири Педро Санчес сиёсат, маъмурият, ассоциациялар ва йирик компаниялардаги муҳим лавозимларда аёллар учун тенг имкониятлар тўғрисидаги қонун тайёрланаётганини эълон қилди. Бош вазир бу ҳақда 4 март, шанба куни Мадриддаги Испания социалистик ишчилар партияси йиғилишида маълум қилди.

«Агар аёллар жамиятнинг ярмини ташкил этса, демак, улар сиёсий ва иқтисодий ҳокимиятнинг ярмини олиш ҳуқуқига эга», — деди Испания вазирлар кенгаши раиси.

Қонун лойиҳаси вазирлар маҳкамаси томонидан 7 март куни маъқулланиши кутилмоқда. Ҳужжат узоқ ўтиш даврини ва қонунчиликка ўзгартишларни қабул қилишни назарда тутади. 50 фоизлик квота бундан кейин ҳукумат таркиби ва мамлакатнинг икки палатали парламентига ҳам тегишли бўлади. Ҳозирги вазирлар маҳкамасида аёллар - 60 фоиз, парламентда эса уларнинг улуши 50 фоиздан анча паст.

Испанияда май ойида минтақавий ва муниципал сайловлар бўлиб ўтади. Бундан ташқари, парламент сайловлари декабрга белгиланган.

Январь ойида Мадридда ҳукумат сиёсатига қарши йирик норозилик намойиши бўлиб ўтди. Расмийларга кўра, унда 31 мингга яқин одам тўпланган. Ташкилотчилар намойишларда 500 мингга яқин одам қатнашганини маълум қилди. Намойишчилар Санчесни Каталония ва бошқа ҳудудлардаги айирмачилар билан иттифоқ тузишда айблади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид