Ўзбекистон | 18:15 / 10.03.2023
59875
10 дақиқада ўқилади

“Наркоз меъёридан кўпроқ берилиши ўлимга олиб келмайди” – анестезиолог

Хорижда фаолият юритаётган ҳамюртимиз, анестезиолог-реаниматолог Жаҳонгир Жўраевнинг таъкидлашича, операция пайтида беморга наркозни меъёридан кўпроқ бериш унинг ўлимига олиб келмайди. Шунингдек, у вайнер Фарҳод Манноповнинг ўлими юзасидан очиқ қолаётган саволларга ҳам муносабат билдирди.

– Асосий айбни шифокорларга юклашяпти ҳозир. Наркоз берувчи анестезиолог кўп бериб юборибди, деган миш-мишлар тарқалган. Бу фикрга қўшилмайман. Ўзим шу соҳада 20 йилдан кўпроқ тажрибага эгаман. 10 йил Ўзбекистонда ва салкам 10 йилдан буён чет элда ишлаб келяпман.

Анестезиолог сифатида айтаманки, наркозни кўпроқ бериб қўйса, бемор нобуд бўлади деган тушунча хато. Бунга юз фоиз жавоб бера оламан. Наркоз дориси белгиланган миқдордан кўпроқ бериб қўйилса, бемор кўпроқ ухлайди ва кечроқ уйғонади. Тамом. Наркозни кўп бериб қўйиш ўлимга олиб келмайди.

Халқимизда яна “Наркоз умрни беш йилга қисқартираркан” деган тушунча ҳам бор. Бу нотўғри фикр. Айрим одамлар бу нарсаларни билмасдан гапириб юбориши ҳар хил миш-мишлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Наркоз бериш вақтида беморнинг ҳаётий кўрсаткичларини ўлим билан бир линияга тушириб, шу линиядан тўғри олиб кетишингиз керак. Сал хато қилсангиз вазият ўлим билан якунланади. Шунинг учун барчасини ўртада олиб бориб, беморни яна қайта уйғотиб олиш керак бўлади. Бу ерда хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Тасаввур қилинг, бу – қандай стрессли иш.

Жаҳонгир Жўраев, анестезиолог-реаниматолог.
Фото: Kun.uz

Кези келганда айтиб ўтишим керакки, Ўзбекистонда анестезиологлар меҳнати қадрланмайди. Бу соҳа эгалари «саҳна ортида» ишлашгани учун уларнинг меҳнати кўринмайди. Биз беморларни оғриқсизлантириб, ухлатиб, операция жараёнида ҳаётига жавобгар сифатида ишлаймиз. Мазкур жараёнда унинг шифо топишида ҳиссамиз 50/50 бўлади. Аммо кимдир операциядан кейин тузалиб кетса, анестезиологларни эсламайди ҳам. Фалончи жарроҳ саъй-ҳаракатлари туфайли омон қолдим ёки шифо топдим дейди.

– Фарҳод Манноповнинг ўлимига ҳам малакасиз мутахассис жалб этилгани сабаб бўлган бўлиши мумкинми?

– Мен операцияда иштирок этган анестезиологни танимайман, шунинг учун бирор нима дейишим қийин. Мендаги маълумотларга кўра, у четда ишлаб келган, тажрибали мутахассис экан. Шунинг учун қўлимда аниқ далиллар бўлмай туриб унинг фаолиятига салбий баҳо беролмайман. Операция жараёнида йўл қўйилган қандайдир камчиликларини билганимда эди, хулоса берардим.

– Фарҳод бассейнда чўмилаётган пайтда бурни синган. Мана шундай ҳолатда шошилинч ринопластика бўйича жарроҳлик амалиёти қилиниши қанчалик тўғри? Бошдан зарб еган бемор аввал нейрохирург ёки травматолог кўригидан ўтиши керак эмасмиди? Реаниматолог сифатида операцияни маъқуллайсизми ёки йўқ?

– Жароҳат олган ҳолати ва касалхонадаги ҳолатни солиштирсак, бемор анча фаол, тўлиқ ҳушида эди. Бу билан бош мия жароҳатининг оғир ёки ўрта даражаси эмас, енгил даражаси бўлиши мумкин, яъни бош мия чайқалиши ҳолати бўлгани эҳтимоли бор.

Йўриқнома бўйича бундай жароҳатлар олинган бўлса, бемор шикоятлари бўлса, нейрохирург кўригидан ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу беморда текширув бўлган-бўлмагани бўйича эса менда маълумот йўқ.

Жаҳонгир Жўраев иш жараёнида.
Фото: Kun.uz

Дейлик, бир бемор авария бўлиб, мияси чайқалди ёки миясига қон қуйилган ҳолда шифохонага олиб келинди. Унга шошилинч наркоз бериб, операцияга оламиз. Яъни жароҳатга қараб наркозга олиш-олмаслик белгиланмаган. Қарши кўрсатма йўқ. Манноповда эса бурун сингани учун ёки режали равишда бўлган операция экани тўғрисида маълумот йўқ менда. Шунинг учун унинг ҳолатини таҳлил қилишим нотўғри бўлади.

Агар бурун сингани учун операция бўлиб, наркоз берилган бўлса, тўғри, деган бўлардим. Агар режали равишда қилинаётган операция бўлса, амалиётни тўхтатиб туриш ҳам мумкин эди. Лекин режали операция бўлган бўлса ҳам, бемор ўлимига бу сабаб бўлади деб билмайман. Чунки бу турдаги операция ҳаётга хавф соладиган даражада мураккаб эмас.

– Пластик жарроҳ Нодир Ибодов «Севимли» телеканали «Замон» информацион дастурига берган интервьюсида анестезияда ишлатиладиган наркотик дорилар синаб кўрилмаслиги, дунё бўйича дориларнинг организмга таъсири тўлиқ ўрганилмагани, исталган препарат исталган одамга ножўя таъсир қилиши мумкин, деган фикрларни айтган. Бу фикрда қанчалик жон бор?

– Тўлиқ қўшилмайман. Анестезиолог сифатида ишлатадиган дориларимиз мукаммал текширувдан ўтганини, дориларнинг салбий томонларини биламиз. Доим ножўя таъсирларни инобатга олиб наркоз берамиз.

Бир нарсани қўшимча қилмоқчиман. Менга айтишлари бўйича, операцияга кирган беморнинг тана ҳарорати маълум бир вақт ўтгач, 40 даражагача кўтарилиб кетган. Қаердадир яллиғланиш бўлса, организм иситма билан реакция билдиради. Операция жараёнида бирдан инфекция пайдо бўлиб қолмайди, демак, гап бошқа жойда.

Бемор ринопластика бўйича жарроҳлик амалиётида.
Фото: Zamon.uz

Баъзида наркозда ишлатиладиган дориларимиз беморда, инглизча айтганда, «Malignant hyperthermia» ҳолатини келтириб чиқаради. Статистик маълумотларга кўра, Британияда 10 мингдан 70 минггача бўлган операцияларда битта, Америкада 10 мингдан 50 минггача бўлган операциялар ичида битта ана шундай ҳолат кузатилади.

Масалан, наркозда дитилин номли дори кенг ишлатилади, у мушакларни бўшаштиради. Яна галотан, изофлуран, десфлуран каби таркибида хлор бўлган дорилар бор. Шу каби дорилар айрим беморларда «Malignant hyperthermia» ҳолатини юзага келтириши мумкин деб тиббиётга доир адабиётларда ёзиб ўтилган.

Лекин 20 йиллик фаолиятим давомида менда учрамаган бу ҳолат. 95 фоиз докторлар бу ҳолатни кўрмаслиги мумкин. Қаердадир ўқиб, эшитиб, эсдан чиқариб юборган бўлиши мумкин. Лекин бу нарса бор. Америкада бу ҳолат чуқур ўрганилган, 1960 йилда ушбу мавзуда илк илмий мақолалар чоп этилган.

Хавфли гипертермия.
Фото: Medical Centric

Нью Йоркда ана шундай ҳолатларни ўрганиб, жамоатчиликка бу ҳақда хабар бериб борадиган нодавлат ассоциация ҳам ташкил қилинган. У ерда кимда шу ҳолат учраган бўлса, улар доимий текширувлардан ўтиб туради. Бу генетик авлоддан авлодга ўтиб борувчи ҳолат. Бунга мойил одамлар бошқалардан ташқи кўриниши, юриш-туриши бўйича ажралиб турмайди. Барчага ўхшаш, соғлом одамлар бўлади. Фақатгина улар наркоз беришда ишлатиладиган айрим дорилардан эҳтиёт бўлишлари керак бўлади.

Бундай одамларни аниқлашнинг икки йўли бор: мускулдан намуна олиб текширилади; генетик тест орқали. Хорижда бундай одамлар алоҳида рўйхатда туради. Улар операцияга муҳтож бўлиб қолгудек бўлишса, наркоз дорилари реакция бермаслиги учун кераклиги эҳтиёт чоралари кўрилади. Аммо бизда бу нарса йўлга қўйилмаган.

Фақатгина иситма чиқиш эмас, бошқа симптомлари ҳам бор бу ҳолатнинг. Дорилар таъсирида организмдаги мускулларнинг кучли қисқариши кузатилади. Шу даражада кучли бўладики, мускуллар парчаланишигача олиб келади. Шу фонда ҳарорат кўтарилади, мускуллардаги моддалар чиқиб кетиши натижасида организмга салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳолатда беморнинг аҳволи жуда тез ёмонлашади. Бу ҳолатни унча-мунча анестезиологлар кўрмаган ҳам. Мен ҳам кўрмаганман. Фақат китобларда ўқиганимиз ва бу ҳақда маълумотга эга бўлганимиз учун бундай ҳолатларга тайёргарлик кўриб юрамиз ва бунга сабаб бўлувчи дорилардан узоқроқ бўлишга ҳаракат қиламиз.

Чет элдаги шифохоналарда дорилар қай ҳолатда ишлатиш-ишлатилмаслиги бўйича йўриқнома қилиб қўйилган. Биз шунга кўра иш кўрамиз. Ишлатилаётган дориларнинг муқобил вариантлари бўлиши керак. Бизда бор шундай дорилар, балки Ўзбекистонда уларнинг муқобили бўлмаслиги мумкин.

Хавфли гипертермияда беморда мушак қисқариши кузатилади, иситмаси кўтарилади, организмдаги калций ва калий моддалари қонга тушиб юрак тез ишлаб кетади ёки юрак фаолиятини тўхтатиб қўяди. Бундай ҳолатларнинг 70 фоизи ўлим билан тугайди. Ўз вақтида даво чоралари кўрилса, ўлим кўрсаткичи 5 фоизгача камайиши мумкин.

Хавфли гипертермия ҳолатидаги беморларни даволанишда «Dantrolene» дорисидан фойдаланилади, бу дори Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган. «Dantrolene»ни таъсир қилиши учун ярим соат вақт кетади, шунинг учун бошқача «Ryanodex» деган дори ишлаб чиқилган. Қисқа муддатда таъсир қилади ва бемор ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.

Хавфли гипертермия амалиётда жуда кам учрагани учун нархи 3000 доллар атрофидаги дорини топиш осонмас. Хорижда ҳам у дорихоналарда сотилмайди, барча шифохоналарда бўлмайди.

Ким қаерда сақлаб ўтиради? Қолаверса, ҳар бир дорининг яроқлилик муддати бор, уни ишлатмай узоқ вақт сақлаб ўтириб бўлмайди, яроқлилик муддати ўтиб кетади. Шунинг учун чет элда маълум бир жойда сақланади. Қаерда ҳолат кузатилса, қўнғироқ бўлади ва дори зудлик билан етказилади. Бизда ҳам мана шу тажриба йўлга қўйилиши керак.

Суҳбатни тўлиқ Kun.uz’нинг ютуб-каналида кўриш мумкин.

Жамшид Ниёзов, журналист
Тасвирчи ва монтажчи: Абдуқодир Тўлқинов

Мавзуга оид