Ўзбекистон | 14:52 / 15.03.2023
10302
2 дақиқада ўқилади

Чинозда поезднинг юк вагони устига чиқиб олган 2 болани ток урди

Чиноз темирйўл бекатида икки нафар бола билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса юз берди.

“Ўзбекистон темирйўллари” хабарига кўра, жорий йилнинг 14 март куни соат 15:18 да вояга етмаган икки нафар бола поезднинг юк вагони устига чиқиб олишган.

Хавфли ҳаракатлар натижасида болалар - М.И. (2013 йилда туғилган) ва Б.Б. (2012 йилда туғилган) контакт тармоғининг электр таъминоти кучланишида тан жароҳатлари олишган. 

Маълумотда айтилишича, иккала ёш бола ҳам зудлик билан касалхонага ётқизилган. Улардан бирининг танаси 20 фоизга, иккинчисининг танаси 80 фоизга куйган.

“Ҳурматли фуқаролар! Фарзандларингиз билан қатор хавфсизлик мавзуларида тез-тез суҳбат қуришингизни илтимос қиламиз! Шу жумладан, улар билан темирйўл линиялари яқинида ҳаракатланиш ва улардан ўтиш қоидалари ҳақида тушунтириш суҳбатлари олиб боришни, вагонларга чиқиш қанчалик хавфли эканлиги ҳақида батафсил тушунтиришни сўраб қоламиз. Буларнинг барчаси турли хил жароҳатларга, шу жумладан оқибати оғир ҳолатлар ва ўлимга олиб келиши мумкин”, дейилади хабарда.

“Ўзбекистон темирйўллари” маълумотида рўй берган бахтсиз ҳодисада болалар машҳур ижтимоий тармоқлар учун видеога тушиш ва кўпроқ “лайк” олишни мақсад қилгани айтилади.

Мавзуга оид