Жаҳон | 16:38 / 15.03.2023
7024
2 дақиқада ўқилади

Германияда Туркия ва Ироқдан одамларни ноқонуний олиб келаётган гуруҳга нисбатан рейд ўтказилди

Фото: AP

Полиция амалиёти доирасида Берлин ва Ҳалледаги 20 дан ортиқ хонадон тинтув қилинди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Туркия ва Ироқдан одамларни ноқонуний олиб келиш билан шуғулланган шахсларни қидиряпти.

Берлин ва Саксония-Анхалт федерал ерларида полиция 15 март, чоршанба куни одамларни Германияга ноқонуний ташиш билан шуғулланаётган жиноий гуруҳга қарши кенг кўламли операция ўтказди. 20 дан ортиқ хонадонда тинтувлар ўтказилди ва беш нафар гумонланувчи қўлга олинди – тўрт нафари Берлинда ва биттаси Ҳалледа. Умуман олганда, 18 кишига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея хабар қилди федерал полиция вакили. 

Тергов материалларига кўра, Туркия ва Ироқдан Германияга одамларни олиб ўтиш билан яхши ташкил этилган жиноий гуруҳ шуғулланган. Тўлов бир киши учун 10 минг еврогача бўлган. Истанбулдан муҳожирлар самолётда Босния ва Ҳерцеговина пойтахти Сараевога, у ердан автомобилда Болқон йўналиши деб аталадиган йўл бўйлаб Германияга олиб кетилган. Полиция маълумотларига кўра, шу йўл билан жиноий гуруҳ камида 90 кишини Германияга келтиришга муваффақ бўлган. Гумонланувчиларнинг аксарияти Туркия ва Германия фуқароларидир. Улардан беш нафари ҳибсга олинган. 

Полиция амалиётида федерал хизмат ва Берлин полициясининг 400 дан ортиқ ходимлари, полициянинг GSG-9 махсус кучлари, Берлин давлат жиноят бошқармаси ва прокуратураси ходимлари иштирок этди. Бир қатор хонадонларда ноқонуний муҳожирлар борлигида гумон қилинганлар топилган. Ҳозирда уларнинг ҳужжатлари текширилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид