Ўзбекистон | 17:37 / 16.03.2023
16527
10 дақиқада ўқилади

Президент баёноти, “нейтрал” позиция ва Россия билан алоқалардаги марказий ҳиссиёт — сиёсатшунослар билан интервью

Kun.uz мухбири Ўзбекистоннинг "нейтрал" позицияси, бу позицияга халқаро доирадаги муносабат ва мамлакатнинг Россия билан алоқалари борасида сиёсий таҳлилчилар – Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов билан интервю ўтказди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 13 март куни Сурхондарё вилоятига қилган ишчи ташрифи бир қатор воқеаларга бой бўлди. Масалан, ўтган 2 ярим ой давомида вилоятда ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида ишлаган Улуғбек Қосимов ҳокимликка тайинланди, Бойсун-Денов йўналишидаги йўл сифатини президент ўзи автомобил бошқарган ҳолда текшириб кўрди, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Сурхондарё вилоятидаги взводларидан бирига ташриф буюрилди.

Аммо улар орасида ҳам энг эътиборлиси, шов-шувга сабаб бўлгани президент Шавкат Мирзиёевнинг томон танлаш ҳақидаги мана бу фикрлари бўлди.

«Ҳозир катта-катта давлатлар: «Ўзбекистон, сен ким тарафда. Бўлди энди, нейтрал бўлиб юришинг бўлди, ё у томонга ўтгин, ё бу томонга ўтгин», дея қаттиқ-қаттиқ айтиб, вакиллари ҳам келиб шунга даъват қиляпти. «Ўрта Осиёда Ўзбекистон бизга керак, 36 миллион бўлди, 3-4 йилда 40 миллион бўлади, катта давлат бўлади, ким тарафсан?» – деяпти. Қаранг, шундай оғир саволга қандай жавоб бериш керак? Жавоб битта: бир томонман, миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бераман», деди Шавкат Мирзиёев. 

Kun.uz мухбири президентнинг ушбу сўзлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг «нейтрал позицияси» ҳақида сиёсий таҳлилчилар – Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов билан интервью ўтказди.

— Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарёда томон танлаш ҳақида айтганлари, хўш, бу баёнотдан нималарни тушуниш керак, у қандай маъноларни англатади?

Фарҳод Толипов:

— Президентнинг томон танлаш ҳақидаги гапларини эшитиб, бир нечта хулосага келдим. Авваламбор, президент йирик давлатлар деб бир нечта давлатни назарда тутиб, Ўзбекистонга босим бўляпти, дегандек хабар берди. Бунда ҳам АҚШ, ҳам Россия назарда тутиляпти.

Охирги икки йилдаги ташрифларга қарайдиган бўлсак, АҚШдан ҳам кўра Россия вакиллари кўпроқ келган. Умуман, босим икки томондан ҳам бўляпти деб тушуниш керак. Ким тарафидасан, деган саволга Ўзбекистон манфаатларидан келиб чиқаман, деган фикрни айтди президент. Тўғри фикр бўлса-да, мавҳумлик бор у ерда, бундан қочиш ҳам имконсиз. Аслида, биз учун Ўзбекистон манфаатидан бошқа манфаат йўқ. Балки манфаат нейтралликни тақозо қилаётгандир, балки АҚШ ёки Россия тарафини олишни. Шундай мавҳумлик билан тугагани учун очиқ савол билан якунланган баёнот деб тушундим. Бундай геосиёсий муҳитда танлов қилиш жуда қийин.

Камолиддин Раббимов:

— Доим такрорлаганимдек, Ўзбекистон геосиёсий чорраҳада жойлашган: шарқда ХХР, шимолда Россия, ғарбда Коллектив Ғарб, АҚШ, жанубда мусулмон дунёси мамлакатлари. Президент баёноти Блинкен ташрифидан кейин янгради. Аммо айнан АҚШга қаратилган фикр эмас. Геосиёсий қуршов масаласи бор ва таҳдид ким томондан бўляпти, деган савол бўлиши керак. Кейинги бир йилдаги Украина уруши фонида Марказий Осиёдаги геосиёсий муносабатлар анча қалтислашган. Минтақа давлатлари яхши англайдики, минтақага таҳдид бўлаётган бўлса, айнан битта давлат томонидан бўляпти. Президентнинг муносабати муаммони кўрсатади, лекин ечим таклиф қилмайди. Ечим таклиф қилиш эса жуда мураккаб. Нейтраллигимизнинг бузилиши имконсиз, менинг назаримда.

— 2016 йилдан кейинги Ўзбекистоннинг геосиёсий фикрлаши қандай? Бугун, геосиёсий масалаларда, Ўзбекистон кимни энг ишончли, энг яқин дўст деб билади?

Фарҳод Толипов:

— Англиялик лорд Памерстоннинг «Англиянинг абадий дўсти ҳам, абадий душмани ҳам йўқ. Унинг абадий манфаатлари бор» деган машҳур гапи бор. Шу гапни Ўзбекистонга нисбатан ҳам ишлатса бўлади. Фикримча, абадий манфаат ҳам йўқ. Манфаат тарихий жараёнлар, муайян воқелик тақозоси билан ҳам ўзгариб бораверади. Дўст ёки душман деганда, уларга қандай маъно юклашимиз, мезонлар қўйишимиз ҳам муҳим. Шу нарсани аниқлаштирса ҳам, масала бир қадар равшанлашади.

Умумий глобал майдонда кимлар дўстимиз, дейдиган бўлсак. Мирзиёев президентлигининг дастлабки йилларида ташқи сиёсатда Марказий Осиё устувор бўлади, деган эди. Доимий манфаатларимиз айнан шу минтақа давлатлари билан кесишади. Бошқа минтақадаги дўстлар вақтинча бўлиши мумкин. 1997 йилда Марказий Осиё давлатлари абадий дўстлик тўғрисида шартнома ҳам имзолаган.

Фарҳод Толипов

Камолиддинов Раббимов:

— Бу саволни жамоатчиликка берсангиз, улар икки қутбга ажралади, яъни бир томон Россия дейди, иккинчи томон эса Россияни таҳдид деб билади. Яъни Россия энг яқин ҳамкоримиз, лекин энг катта таҳдид ҳам Россиядан, дейишади. Россия билан яхши иқтисодий алоқаларимиз геосиёсий дўстликни ифодаламайди.

Агар мезон сифатида АҚШ ва Россияни қўядиган бўлсак, бу ерда АҚШнинг мақсади Марказий Осиё давлатларининг мустақиллиги ва ўзаро интеграцияси. Чунки АҚШ Россия ва ХХРни ўзига рақиб деб билади ва шунинг учун макроҳудуд бўлган Марказий Осиё минтақаси мамлакатларининг икки давлат томонидан «ютилиши»ни истамайди. Бу нарса АҚШнинг стратегик манфаатларига тўғри келади.

Иқтисодий ҳамкорлик қанчалик кучли бўлмасин, геосиёсий мустақиллигимизга салбий таъсир кўрсатади. Чунки иқтисодий ҳамкорлик мустақилликни ҳам йўқотиши мумкин, тарихда кўплаб мисоллар бор. Бизнинг мустақилликка Коллектив Ғарб ёки АҚШ томонидан ҳеч қандай таҳдид бўлгани йўқ. Аксинча, сўнгги 10 йилликда расмий Вашингтон Марказий Осиё давлатлари мустақиллиги улар учун олий қадрият эканини таъкидлаяпти. Чунки АҚШ яхши биладики, баъзи давлатлар, хусусан, Россия давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги орқали геосиёсий босим ўтказиб келди шу пайтгача ва буни яширмаган.

Вазият ўта зиддиятли. Назаримда, сўнгги 6 йилда энг катта босимлар Россия томонидан бўлди. Биринчи сабаби Ўзбекистонни Евросиё иқтисодий иттифоқига киритиш. Ҳозирча кузатувчи мақомидамиз, лекин бу ташкилотга қизиқишимизни билдирмайди, балки Россияни тинчлантириш, вақтни чўзиш, менимча. Агар Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлса, кейинги қадам КХШТга аъзо қилиш ва шу орқали Ўзбекистонни ҳар томондан назорат қилиш бўлади.

Фарҳод Толипов:

— Россия демократияни четга сурган ҳолда муносабатлар қуриши манфаатларига тўғри келади. Хусусан, иқтисодий лойиҳалар, бошқа турли таклиф этилаётган лойиҳаларни ошириб, минтақадаги таъсирини ҳам кучайтириб олиши муҳим Россия томони учун. Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари демоктарияни асосий йўл деб танлаганми, шу йўлдан боравериш керак. Бошқа давлатларнинг талаблари иккинчи даражали масала.

— Хитой ҳам, Россия ҳам авторитар давлатлар. Аниқроғи, иккаласи ҳам инсон ҳуқуқлари ва демократик масалаларда, “қулай” давлатлар: Марказий Осиё давлатларидан демократик ўзгаришлар талаб қилмайди. Аксинча, сиёсий консерватизм ва барқарорлик тарафдори. Хўш, ушбу омил, геосиёсий яқинликни англатиши мумкинми?

Камолиддин Раббимов

Камолиддин Раббимов:

— Қисман асос бўлолади. Марказий Осиё давлатларининг Россияга муносабати пойдеворида Россиянинг авторитарлиги, инсон ҳуқуқларини талаб қилмаслиги эмас, империалистик сиёсати. Марказий Осиё давлатлари ҳокимиятлари учун энг катта қадрият ўзларининг ҳокимияти. Яъни ҳеч бир элита ўз ҳокимиятини қўлдан беришни истамайди. Масалан, неча йиллардан бери Россия ва Беларус ўртасида интеграция масаласи кўтарилади, лекин Лукашенко буни истамайди, яъни реал ҳокимиятини бериб қўйгиси йўқ. Шу сабаблардан ҳам вазият зиддиятли. Хитой ва Россия инсон ҳуқуқлари, демоктария борасида реал босимлар кўрсатмайди. Ва кейинги пайтларда АҚШ ҳам босимлар қилмаяпти, чунки кучли босим қилса, Россия ёки Хитойга оғиш бўлишини билади.

Шахсий фикрим шундайки, Ўзбекистон ва Россия муносабатлари қўрқув асосида шаклланган. Марказий Осиё давлатлари аслида Россияни ишончли давлат деб билмайди. Чунки бугун расмий Кремл мутлақо ўзгача хокимият, бир нарсани гапиради, бошқа нарсани ўйлайди. Уларнинг баёнотлари реал қийматга эга эмас. Ҳамма биладики, Путиннинг энг катта лойиҳаси постсовет ҳудуди интеграцияси ва шу орқали Москва назоратини ўрнатиш. Сўнгги вақтларда уруш фонида бу информацион ва сиёсий компания борган сари очиқлашяпти. Марказий Осиё давлатлари Россияни ишончли ҳамкор деб биладими ёки қўрқадими, деган саволга 100 фоиз ишонч билан қўрқади деб жавоб бераман. Қўрқиш учун асослар бор, ишониш учун эса йўқ, менинг назаримда.

Фарҳод Толипов:

— Мен Россия ва Марказий Осиё муносабатларини ишончга айланган хавфсираш деб атаган бўлардим. Хавфсираш шунчалик кўпайиб, чуқур илдиз отганки, ишончдек кўрина бошлади. Олдинги суҳбатларда заиф давлат комплекси шаклланиб қолган, деган эдим. Амалий синовдан ўтмай туриб, биз ожизмиз деган қараш бор. Шу нарсадан келиб чиққан ҳолда сиёсий қарорлар бўлади, муносабат қурилади. Шу комплексдан қутулмасак, бу хавфсираш давом этаверади ва қўштирноқ ичидаги ишонч мустаҳкамланиб боради. 

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид