Жаҳон | 22:22 / 16.03.2023
30535
9 дақиқада ўқилади

Россия Америка дронини денгиз тубидан олиб чиқишга уринмоқда. АҚШ энди унда ҳеч қандай қимматли нарса йўқлигини айтди

Россия ҳукумати ўз ҳарбийлари Қора денгизда америкаликларнинг шу кунларда қулаб тушган MQ-9 Reaper дрони қолдиқларини олиб чиқиш учун амалиётни давом эттираётганини тасдиқлади. АҚШ маъмурияти вакиллари эса буни амалга ошириш қийинлиги, у топилган тақдирда ҳам, ундаги барча қимматли маълумотлар масофадан туриб йўқ қилинганини таъкидламоқда.

MQ-9 Reaper / Reuters

14 март куни АҚШ ҳарбийлари Қора денгиз осмонининг батараф қисмида MQ-9 Reaper разведкачи дрони россияликларнинг Су-27 қирувчиси билан тўқнашув оқибатида сувга қулаганини маълум қилганди. Россия мудофаа вазирлиги тўқнашув фактини инкор этган ва дрон транспондёрини ўчирган ҳолда аннексия қилинган Қрим томон учганини маълум қилганди.

Чоршанба куни Қора денгиз устидаги ҳодиса муносабати билан Америка ва Россия ҳарбий идораларининг юқори мартабали вакиллари ўртасида икки бор телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Музокаралар икки мамлакат мудофаа вазирлари Ллойд Остин ва Сергей Шойгу, шунингдек штаб бошлиқлари Марк Милли ва Валерий Герасимов ўртасида ўтказилган.

Россия мудофаа вазирлиги Шойгу ва Остин Қора денгиз устида рўй берган ҳодисани муҳокама қилгани ҳақида хабар берган. Шу билан бирга, ТАСС нашри ёзишича, россиялик вазир бу ҳодиса РФ томонидан «махсус амалиёт» муносабати билан эълон қилинган парвозларни чеклаш ҳудудига риоя этилмагани, шунингдек, Россия манфаатларига қарши разведка фаолияти кучайтирилгани туфайли рўй берганини айтган. Шойгу АҚШ дронларининг Қрим соҳиллари яқинидаги парвозлари «провокация хусусиятига эга бўлиб, вазият кескинлашуви учун шароит яратиши»ни таъкидлаган.

Остин, ўзининг версиясига кўра, Шойгуга «АҚШ халқаро ҳуқуқ рухсат берадиган барча жойда парвоз қилишда ва ишлашда давом этиши, ўз ҳарбий самолётларини профессионал ва хавфсиз бошқариш эса - Россия зиммасидалиги»ни айтган (иқтибос Reuters агентлигиники).

Давлат департаменти расмийси Нед Прайс эса АҚШ бошқа мамлакатлар қатори Қрим Россия томонидан ноқонуний равишда аннексия қилинган деб билиши ва бу ҳудуд Украинаники деб тан олишини эслатиб ўтди.

Дрон парчаларини чиқариб олиш мумкинми?

Бу вақтда эса РФ ҳарбийлари MQ-9 Reaper қолдиқларини Қора денгиз тубидан чиқариб олишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Россия давлат телевидениесига берган интервюсида айтиб ўтган.

«Мен биз бунга эриша оламизми, йўқми, билмайман. Аммо буни қилиш керак ва бу билан албатта шуғулланамиз. Умид қиламанки, муваффақиятга эришамиз», деган Патрушев.

Аввалроқ россиялик ҳарбийлашган телеграм-каналларда қандайдир одамлар рус тилида қулаган дрон қолдиқларини қандай қилиб чиқариб олиш ҳақида гаплашаётгани аудиосини тарқатишди. Хусусан, «ички ёнув двигатели корпуси»ни чиқариб олишга муваффақ бўлингани ҳақида гап кетади. Бу маълумотлар расмий тасдиғини топмади.

Американинг ABC News телекомпанияси шахси сир қолишини истаган америкалик мулозимга таянган ҳолда россияликлар Қора денгизга қулаган MQ-9 Reaper қолдиқларини қўлга киритишга муваффақ бўлган бўлиши мумкинлигини ёзиб чиқди. Журналистлар бошқа тафсилотларни келтирмаган, жумладан дроннинг қайси қисмлари россиялик ҳарбийлар қўлига тушган бўлиши мумкинлигига аниқлик киритилмаган.

Аммо Пентагон вакили, генерал Патрик Райдер ундаги маълумотларга кўра, Россия томони дрон қолдиқларига ета олмагани ҳақида айтди.

Чоршанба куни АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари Марк Милли америкалик ҳарбийлар россияликлар аппарат қолдиқларини топган тақдирда ҳам ҳеч қандай махфий маълумотларни қўлга кирита олмаслиги учун дрон таъминот дастурини ўчириш бўйича барча зарур чораларни кўрганини айтди. «Тўла ишончимиз комилки, унда бўлган барча қийматли нарсалар энди қийматга эга эмас», деди Милли.

У аппарат сувга урилиши чоғида қисмларга бўлиниб кетгани, парчалар эса 4000-5000 фут (1200-1500 метр) чуқурликка чўкиб кетгани, шунинг учун уларни кўтариб олиш қийин бўлишини қўшимча қилган.

Қора денгизда максимал чуқурлик 2210 метрни ташкил этади. Дрон қулаган жойнинг аниқ координаталари ошкор этилмаган, аммо, АҚШ Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари бошқармаси маълумотига кўра, Қримдан жанубдаги ҳудуд чуқурлиги (томонлар ҳодиса шу ҳудудда рўй берганини маълум қилишган) минг метрдан ошади.

Бу ҳатто кучли махсус жиҳозларга эга бўлган ғаввос бардош бера оладиган даражадан ҳам анча чуқурроқдир. Таққослаш учун, «Курск» сувости кемаси 108 метр чуқурликда ётган ва уни кўтариб олиш учун махсус оғир техника талаб этиларди, бунақаси эса Россияда ўша вақтда - 2001 йилда - бўлмаган.

Американинг NBC News телекомпаниясининг уч манбасига кўра, АҚШ ҳукумати ҳам MQ-9 Reaper қолдиқларига етиб бора олиши даргумон.

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, денгиз тубидан йирик дронни кўтариб олиш учун одатда ҳарбий кемалар ёки фуқаролик кемалари қўлланади - бундай ҳолат 2018 йилда кузатилганди, ўшанда Испания соҳилларида USNS Arctic кемаси ёрдамида сув остидан RQ-4 Global Hawk дрони чиқариб олинганди. Аммо Россиянинг Украинага босқинидан кўп ўтмай Туркия Босфор ва Дарданелл бўғозларини ҳарбий кемалар учун тўсиб қўйган.

Дрон билан айнан нима содир бўлган?

Бу вақтда АҚШ ва Россия MQ-9 Reaper қандай қилиб ҳалокатга учрагани борасида баҳслашишда давом этмоқда. Вашингтондагилар россияликлар қирувчиси дроннинг паррагига урилиб кетганини, ундан олдинроқ эса унинг устига ёнилғи тўкиб юборганини айтган; Москвадагилар эса америкаликлар аппарати ўзи бошқарувни йўқотиб қулаганини билдирган.

NBC News телекомпанияси АҚШ маъмуриятидаги манбаларига таянган ҳолда, Россия ҳарбий ҳаво кучларининг америкаликлар дронига қарши агрессив ҳаракатлари «Кремлда энг юқори даражада» маъқуллангани ҳақида хабар берди.

Суҳбатдошлар NBC News мухбирига айтишича, россияликлар қирувчи самолёти MQ-9 Reaper дрони устига авиация ёнилғисини тўкиб юборган - ва бу, Америка разведкаси фикрига кўра, дронни йўналишдан оғдириш ёки унинг сенсорларини «кўр қилиб қўйиш» мақсад қилинганини кўрсатади.

«Йўлни тўсиб чиқишдаги тажовуз Россия раҳбарияти ниятининг бир қисми бўлган», деган журналистларга шахси сир қолишини сўраган америкалик мулозим.

Америка маъмуриятидаги манбалардан бири NBC News нашрига хабар беришича, унда бу ҳаракат шахсан президент Владимир Путин томонидан маъқуллангани бўйича маълумот борлигини айтган. Бошқа манбалар эса тафсилотларга аниқлик киритишни истамаган ва фақат қарор «энг юқори даражада» қабул қилинганини айтиш билан чекланган.

NBC News манбалари сўзларига кўра, россияликлар қирувчиси америкаликлар дрони паррагига (пропеллер) тегиш ниятида бўлмаган (Россия томони жисмоний тўқнашув фактини инкор этмоқда). Журналистлар гаплашган ва ҳодиса видеоёзувини кўрганини айтган америкалик мансабдорлар тўқнашув учувчи хатоси туфайли бўлган деган хулосага келишган.

Бу версияни Прайс ҳам тасдиқлади. «Мен ўйлайманки, ҳозирда энг яхши баҳо - бу улар буни қасддан қилмаганини айтиш. Катта эҳтимол билан, бу россиялик учувчилардан бири ёки ҳар иккисининг ўта лаёқатсизлиги оқибати бўлган», деган у Пентагонда мавжуд бўлган видеокузатув кадрларига ишора қилган ҳолда.

Россия мудофаа вазирлиги воқеани қуйидагича таърифлаган: «Қоидабузарни аниқлаш мақсадида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг навбатчи қирувчилари ҳавога кўтарилди. Кескин манёврлар натижасида соат 09:30 да (Москва вақти) МQ-9 дрони баландликни йўқотган ҳолда назоратсиз парвозга ўтди ва сув юзасига тўқнашди. Россия қирувчилари ҳаво-десант қуролларидан фойдаланмади, дрон билан алоқа қилмади ва ўз аэродромига қайтди».

Пайшанба куни Пентагон Россия самолёти Қора денгизда АҚШ дрони устига ёнилғи тўкиб кетгани акс этган видеони намойиш қилди.

Тасвирнинг давомийлиги таҳрирланган, бироқ воқеалар кетма-кет кўрсатилган. 

Видеода қирувчилардан бири икки марта дрон устига ёнилғи ташлаб ўтганини кўриш мумкин. АҚШ томонига кўра, шундан сўнг самолёт дронга урилган ва унинг винтларидан бирига зарар етказган. Натижада АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари шикастланган дронни сувга чўктиришга мажбур бўлган. 

Мавзуга оид