Жаҳон | 08:52 / 17.03.2023
4057
2 дақиқада ўқилади

Таиланд қидирувга берилган россияликларни экстрадиция қилади

Руслар Украинадаги уруш оқибатларини бартараф этиш учун «Таиландга сув тошқини каби оқиб келишди», деб ёзади Таиланднинг The Nation Thailand интернет-нашри.

Фото: Shutterstock

Таиланд ҳукумати ушбу мамлакат ва Россия ўртасида экстрадиция тўғрисидаги шартнома лойиҳасини маъқуллади, деб хабар берди The Nation Thailand интернет-нашри 16 март, пайшанба куни. Унда таъкидланишича, бу 14 март куни россияликлар Украинадаги уруш оқибатларидан қочиш учун Таиландга «сув тошқини каби оқиб келишгани» фонида қабул қилинган.

Таиланд ҳукумати матбуот котиби Рачада Дҳнадирекнинг сўзларига кўра, Россия билан тузилган шартнома жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади ва Бангкок бошқа давлатлар билан тузган экстрадиция келишувларига мос келади. Ҳужжат Таиланд ҳудуди, иқтисодиёти, жамияти, савдоси ва сармоясига таъсир қилмагани учун парламентнинг маъқулланишини талаб қилмайди, дея қўшимча қилди Дҳнадирек.

Февраль ойи охирида Al Jazeera телеканали 2022 йил ноябридан 2023 йил январигача Пхукетга 233 мингдан ортиқ россиялик келганини маълум қилди. Хабарда айтилишича, Россия қўшни давлатга бостириб кириши бошланганидан кейин бир йил ичида ўн минглаб руслар армияга чақирилмаслик ва Украинадаги урушнинг иқтисодий оқибатларидан қочиш учун қиролликка йўл олган.

10 февраль куни Россия президенти Владимир Путин Россия ҳукуматининг Таиланд билан қидирувдаги ва жиноий таъқиб этилаётган шахсларни ўзаро экстрадиция қилиш тўғрисидаги битимни имзолаш ҳақидаги таклифини маъқуллади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид