Жаҳон | 15:59 / 20.03.2023
10728
3 дақиқада ўқилади

Си Жинпинг МАРда хитойликларга қилинган ҳужум учун жавобгарларни жазолашга чақирди

Дастлаб, Хитой фуқароларини ўлдириш бўйича гумон ҳукуматга қарши исёнчи «Ўзгаришлар учун ватанпарварлар коалицияси» (ЎВК)га қаратилди, у эса ўз навбатида ҳужумда «Вагнер» ХҲК жангариларини айблади.

Фото: Reuters

ХХР раиси Си Жинпинг Марказий Африка Республикаси (МАР)даги Чимболо олтин конида Хитой фуқароларига уюштирилган ҳужум учун жавобгарларни қаттиқ жазолашни талаб қилди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги 20 март, душанба куни Си Жинпинг «яраланганларни даволаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишни», барча оқибатларни зудлик билан бартараф этишни, «айбдорларни қонунга мувофиқ қаттиқ жазолашни ва Хитой фуқаролари хавфсизлигини таъминлашни» талаб қилгани тўғрисида хабар берди.

Мамлакат жанубидаги Бамбари шаҳри яқинидаги Чимболо конига ҳужум 19 март куни соат 05:00 (Тошкент вақти билан соат 07:00)лар атрофида содир бўлди. Бамбари мэри Абел Матипата қуролли шахслар қўриқчиларга ҳужум қилиб, ўт очганини айтди. Кон ҳужумдан бир неча кун олдин ишлай бошлаган эди. Тўққиз кишининг жасади 19 мартдан кечроқ пойтахт Бангига олиб келинган, яна икки нафар хитойлик яраланган. 

Шубҳа дастлаб ҳукуматга қарши исёнчи «Ўзгаришлар учун ватанпарварлар коалицияси» (ЎВК)га тушди, деб хабар беради AP. У минтақада фаол бўлиб, МАР қуролли кучларига мунтазам равишда ҳужум қилади. Исёнчилар гуруҳи иттифоқи собиқ президент Франсуа Бозизени қўллаб-қувватлайди. 

Айни пайтда, назорат-ўтказиш пунктининг ҳарбий вакили Мамаду Кура айбловлар ёлғон эканини айтди ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК)нинг россиялик ёлланма аскарларини айблади. Унинг сўзларига кўра, улар «руслар мамлакатнинг бу қисмида жойлашишидан анча олдин бу ерда бўлган хитойларни қўрқитиш учун» ҳужумни режалаштиришган. 

Марказий Африка Республикаси президенти Фостен-Арканж Туадера хавфсизлик ва ҳарбий тайёргарлик учун «Вагнер гуруҳига» мурожаат қилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кузатувчилари, ўз навбатида, ёлланма аскарларни инсон ҳуқуқларини бузиш ва қотилликда айблайди. 

2021 йил октябрь ойида Қўшма Штатлар ХҲКни Марказий Африка Республикаси, Мали, Судан ва бошқа ҳудудларнинг табиий ресурсларидан Россия ҳарбий операцияларини молиялаштириш учун фойдаланганликда айблаб чиқди. 

Марказий Африка Республикаси олтин ва олмос каби улкан фойдали қазилма захираларига қарамай, дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда. Ўтган ўн йил ичида кўплаб исёнчи гуруҳлар урушдан вайрон бўлган мамлакатда хориж компаниялари томонидан фойдали қазилмаларни қидириш ишларига тўсқинлик қилиб, жазосиз иш олиб борди. 

Мавзуга оид