Amnesty: Россия миллионлаб украиналикларни асосий ҳуқуқларидан маҳрум қилди
Amnesty International ташкилоти дунёда инсон ҳуқуқлари аҳволига оид янги ҳисоботини эълон қилди. DW Россия ва Украина бўйича хулосаларни кўриб чиқди.
28 март, сешанба куни Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти 2022-2023 йилларга мўлжалланган дунёда инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақидаги ҳисоботини эълон қилди. Ҳисобот 156 давлатни қамраб олади. Ҳуқуқ ҳимоячилари 2022 йил халқаро инқирозларнинг иқтисодий ва экологик оқибатлари ҳамда яшаш нархининг кескин ошиши туфайли дунёнинг энг қашшоқ одамлари зиммасига номутаносиб юк тушди, деган умумий хулосага келишди. Ижобий ўзгаришлар бўлса-да, асосий ҳуқуқларни, айниқса аёллар ва болаларни ҳурмат қилиш бўйича умумий вазият деярли ўзгармади, дейди Amnesty. Лекин, 2022 йил янги қуролли можаролар йили бўлди, деб ёзади ҳуқуқ ҳимоячилари. DW Украина ва Россияга бағишланган ҳисобот саҳифаларини ўрганиб чиқди.
Ўтган йили Россия учун асосий воқеа Украинага кенг кўламли босқиннинг бошланиши бўлганлиги ажабланарли эмас, бу Россиянинг ўзида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кескин ёмонлаштирди. Ўтган йилги воқеаларни қисқача тавсифлаб, AI ҳуқуқ ҳимоячилари бу борада Россиянинг 15 март куни Европа Кенгаши таркибидан чиқиши, сўнгра Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) қарорларини бажаришдан бош тортганини таъкидлади. Amnesty бир қатор қонунларнинг қатъийлаштирилганлигини ва Россия раҳбариятининг йўналиши билан келишмовчиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши куч ишлатишнинг анча қаттиқроқ ва шафқатсиз амалиётини эслатди.
Россияда фуқаролик жамиятига босим 2022 йилда янги даражага кўтарилди, дея хулоса қилди AI ҳуқуқ ҳимоячилари. Шу муносабат билан улар «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонуннинг янада қатъийлаштирилгани ва «чет эл агентлари» рўйхатига тобора кўп россияликлар киритилганини эслатишди. AI ҳисоботида колонияда тўрт йиллик муддатга ҳукм қилинган «Открытая Россия» жамоат ташкилоти собиқ раҳбари Андрей Пивоваровнинг таъқиб қилиниши, сиёсатчи Иля Яшиннинг Украинанинг Буча шаҳрида рус армиясининг жиноятлари ҳақида хабар бергани учун саккиз йилга қамалиши, шунингдек, Кремл сиёсатига қарши чиққан эколог ва фаол Аршак Макичяннинг Россия фуқаролигидан маҳрум этилиши эслатиб ўтилган.
AI ҳисоботида айтилишича, қийноқлар ва шафқатсиз муносабатнинг бошқа шакллари бугунги кунда Россиядаги пенитенциар тизимининг «ажралмас қисмидир». Шу муносабат билан Amnesty ҳуқуқ фаоллари россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалнийнинг тақдирини эслаб, унинг ЖИЗОда «ғайриинсоний» ва «таҳқирловчи» шароитда ўтказган 90 кунини, сиёсатчи бошқа ҳуқуқлардан, жумладан, оилавий ташрифлар, тўғри тиббий ёрдам кўрсатиш ҳуқуқларидан маҳрум этилганини эсга олди. AI адолатсиз суд жараёнларини шунга ўхшаш амалиёт деб атаб, 22 йилга қамалган журналист Иван Сафронов ишини мисол сифатида келтирган.
Украинадаги вазият бўйича, ҳуқуқ ҳимоячилари Россия армияси ҳарбий тажовузкорлигининг турли оқибатлари, биринчи навбатда, фуқаролик объектларига ҳужумлар ва бошқа жиноятлар, масалан, тинч аҳолига нисбатан қийноқлар ва жинсий зўравонликларни инсон ҳуқуқларининг асосий муаммоси сифатида тилга олган. Ҳисоботда тинч аҳоли жабр кўрган фожиали эпизодлар, масалан, Запорижжяда ҳуманитар карвонга қилинган ҳужум ёки Киев яқинида - Бучада судсиз қатл қилиш ҳолатлари танлаб олинган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, Украинага бағишланган бобда Россия расмийлари томонидан украиналикларни «фильтрлаш» деб аталган нарсаларни тасвирлаб, қийноқлар, ўлим таҳдидлари, оилаларни ажратиш ва болаларни ота-оналаридан олиб қўйиш борасида далилларга таянган. Буларнинг барчаси Россия армияси томонидан ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши бошқа жиноятлар содир этилганидан далолат беради, дея эслатади ҳисобот муаллифлари. Ҳисоботда инсон ҳуқуқлари фаоллари Россия томонининг ҳарбий жиноятлар учун жавобгарликни Украина зиммасига юклашга уринишларини ҳам эсга олган - масалан, Мариуполдаги театр вайрон қилингани воқеаси. Бунда, Россия самолётлари ўша пайтда юзлаб тинч аҳоли вакиллари яширинган театрга зарба бергани ҳақида ишончли далиллар бор, дейилади ҳисоботда.
Алоҳида боб ҳарбий асирларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ва қатл қилиш ҳолатларига бағишланган. Ҳисоботда, хусусан, камида 53 нафар украиналик ҳарбий асирнинг ҳаётига зомин бўлган Оленивкадаги колонияга қилинган ҳужум тасвирланган – фожиани тергов қилиш билан БМТ махсус комиссияси шуғулланган, бироқ кейинчалик у тарқатиб юборилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳисоботда украиналик ҳарбий асирларнинг қирғин қилиниши билан боғлиқ бошқа ҳолатларни, шунингдек, украиналик ҳарбийлар томонидан таслим бўлган ўн нафар рус аскарининг қатл этилганини ҳам эслатиб ўтди.
4 август куни AI «Украина уруши тактикаси тинч аҳолига хавф туғдиради» номли ҳисоботни чоп этди. Унда ҳуқуқ ҳимоячилари Украина Қуролли кучлари бўлинмалари ўз техникалари жойини бир неча бор ўзгартиргани ва турар жойлар, мактаблар ва касалхоналар ҳудудидаги позициялардан ўқ узгани, тинч аҳоли учун хавф туғдирганини таъкидлаган. Ҳисоботнинг ўзи, унинг усуллари ва хулосалари Украина президенти Володимир Зеленский томонидан кескин танқидга учради. У Amnesty International ташкилотини «террорчи давлатни амнистия қилиш ва жавобгарликни тажовузкордан жабрланувчига ўтказишга» уринишда айблади. Шунингдек, AI'нинг Украинадаги ваколатхонаси директори Оксана Покалчук ҳисобот эълон қилинганидан кейин ишдан бўшади.
Мавзуга оид
01:17
Россияда ота-она қаровисиз қолган уч нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди
23:30 / 26.11.2024
Кремл туғилиш кам бўлган ҳудудларнинг губернаторларини истеъфога чиқаришни бошлайди
21:56 / 26.11.2024
Россияда 174 минг нафар полициячи етишмаётгани маълум бўлди
20:12 / 22.11.2024