Ўзбекистон | 10:21 / 28.03.2023
19150
2 дақиқада ўқилади

Бухорода эркакларга ОИТС юқтирган андижонлик 21 ёшли аёл қамоққа олинди

Марҳамат туманида яшовчи аёл 2018 йилнинг май ойидан бери Андижон, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳудудларида юриб, турли шахслар билан бетартиб жинсий алоқага киришган.       

Видеодан кадр

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2002 йилда туғилган аёл 2018 йилнинг 18 март куни Андижон вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс сифатида рўйхатга олинган. У касалликни бошқа шахсга юқтирган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган. 

Аммо енгил ҳаётга ўрганиб қолган аёл 2018 йилнинг май ойидан бугунга қадар Андижон, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳамда Қирғизистон Республикасининг чегара туманлари ҳудудларида юриб, турли шахслар билан бетартиб жинсий алоқа қилган. У шу тартибда касалликни бошқаларга қасддан юқтириб келган.

Шунингдек, Бухоро шаҳрида вақтинча ижарада яшаган аёл 2023 йилнинг 12-13 март кунлари Ромитан туманининг чўл ҳудудида туманнинг Боғисайдон маҳалласида яшовчи 2001, 2002 ва 2005 йилда туғилган йигитлар билан бир неча бор жинсий алоқада бўлган. 

Аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 113-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда унга нисбатан қамоққа олиш тартибидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда Бухоро вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан тезкор-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодекси 113-моддасининг 4-қисмига кўра, била туриб, бошқа шахсни ОИТСни юқтириш хавфи остида қолдириш ёки унга ОИТСни юқтириш 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мавзуга оид