Жаҳон | 17:27 / 02.12.2024
22488
7 дақиқада ўқилади

ОИТВга қарши янги дори — деярли 100 фоиз самарали, аммо жуда қиммат

АҚШда ишлаб чиқарилган ленакапавир препарати синовлари ОИТВ юқишидан ҳимоялашда катта натижа кўрсатди. Уни йилига атиги икки марта қабул қилиш кифоя. Аммо ҳозирча унга кўпчиликнинг қурби етмаяпти.

Фото: AP

2024 йилнинг июлида ОИТС бўйича Бутунжаҳон конференциясида тақдим этилган ленакапавир (lenacapavir) дориси синовларининг натижалари мутахассисларни лол қолдирди: ушбу препарат билан ОИТСга қарши курашда ҳал қилувчи ютуқларга эришиш мумкин.

“Қаттиқ ҳаяжондаман. Бу маълумотлар тақдим этилганда, залдагиларнинг руҳи шу қадар кўтарилдики, бундай ҳолатни илгари камдан кам кўрганман”, — деган Кёлн университети клиникасининг юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш маркази раҳбари, профессор Клара Леман.

Ленакапавирнинг ўзига хос хусусияти нимада?

Ушбу антиретровирус препарати ОИТВ инфекциясининг олдини олиш ва даволашда деярли 100 фоиз самара кўрсатди. Бундан ташқари, уни йилига фақат икки марта қўллаш кифоя. Таққослаш учун, бошқа профилактика воситалари, масалан, каботегравир (CAB) инъекцияси ҳар 1-2 ойда қилинади, трувада таблеткаларини эса ҳар куни қабул қилиш лозим.

Гап фақат қулайликда эмас. Инъекцияларни жуда кам — ярим йилда бир марта олиш вазиятни сезиларли даражада енгиллаштириши мумкин. Бу айниқса даволаниш қийин бўлган ёки оилавий вазият ва стигматизация сабабли ҳар куни дори қабул қилиш имконсиз бўлган ҳолларда муҳим, дейди Гейделберг глобал соғлиқни сақлаш институтининг илмий ходими Астрид Бернер-Родореда.

Унинг айтишича, дори аввало аёллар ва ёш қизларга фойда келтиради. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИТВ/ОИТС бўйича Қўшма дастури маълумотларига кўра, айнан улар орасида ОИТВ билан касалланиш даражаси ҳамон юқорилигича қолмоқда.

Ленакапавир қачон бозорга чиқади?

АҚШнинг Gilead Sciences фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган дори Европа Иттифоқида ОИВ билан касалланган беморларни даволаш учун аллақачон рухсат этилган. Бироқ у ҳали сотувда йўқ. Компания ўз маҳсулотидан ОИВнинг контакт олди профилактикаси учун фойдаланишга рухсат берилишини кутаётган бўлиши мумкин. Рухсатнома яқин орада берилиши кутилмоқда.

Шуни айтиш керакки, ҳозирча ленакапавир ОИТСга қарши курашда узоқ кутилган бурилиш нуқтаси бўладими ёки йўқ, номаълум — ҳаммаси уни кенг миқёсда қўллаш бошланганидан кейин аниқ бўлади. Бунинг учун эса дори нархи арзон бўлиши керак.

Янги дори қанча туради?

Ҳозирча ленакапавир анча қимматга тушмоқда: Gilead компанияси бир киши учун йиллик даволаниш харажатини 40 000 доллардан ортиқ этиб белгилаган. Ҳолбуки, ОИТВнинг олдини олиш учун бошқа дори воситалари ойига ўртача 50-60 евро, яъни йилига 600-700 евро атрофида туради.

Gilead бундай нархни кўп йиллик такомиллаштириш харажатларига боғламоқда. Аммо ОИТС билан курашиш бўйича мутахассислар ва фаоллар бу баҳонани қабул қилмайди. Астрид Бернер-Родореда ленакапавирни ишлаб чиқариш бўйича Ливерпул университетининг британиялик фармакологи Эндрю Ҳилл томонидан ҳисобланган ҳақиқий суммани мисол қилиб келтирди.

Ҳиллнинг фикрича, ҳатто рентабеллик 30 фоиз бўлган тақдирда ҳам, дори нархи йилига атиги 40 долларни ташкил этиши керак, яъни бу Gilead компанияси белгилаган нархнинг мингдан бир қисмига тенг.

Ленакапавир қайси мамлакатларга татбиқ этилади?

Gilead келажакда қуйи даромадли мамлакатларда дорини арзонроққа ишлаб чиқариш ва сотиш мақсадида бир нечта ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар олиб бормоқда.

Лицензия амал қиладиган ҳудуд 120 та мамлакатни, жумладан Саҳройи Кабирдан жанубдаги баъзи Африка мамлакатларини ҳам қамраб олади. Бироқ Аргентина, Бразилия, Мексика ва Перу каби ўрта даромадли айрим мамлакатлар рўйхатга киритилмаслиги мумкин, ваҳоланки Gilead аллақачон ушбу мамлакатларда ҳам препаратни синовдан ўтказган. Бернер-Родореда бу ахлоқий ва ҳуқуқий масалаларни келтириб чиқаришини таъкидламоқда.

ЮНЕЙДС бош директори ўринбосари Кристин Стеглинг ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлади. “Бундай инқилобий янгиликлар барча ундан фойдаланиш имконига эга бўлган тақдирдагина янги касалланиш ҳолатларини камайитиради”, — деди у ташкилот йиллик ҳисоботи тақдимотида.

Ленакапавир қандай таъсир қилади?

Ленакапавир — капсид ингибитори: унинг таъсир қилувчи моддаси ОИТВ геноми атрофидаги конуссимон оқсил қобиғини блоклайди ва вируснинг кўпайишини тўхтатади.

Аксарият антиретровирус препаратлардан фарқли ўлароқ, у инсон иммунитет танқислиги вируси ривожланишининг бир неча босқичларига таъсир кўрсатади.

Дунёда ОИТВга чалиниш хавфи қанчалик юқори?

Халқаро ҳамжамият 2030 йилгача ОИТВ эпидемиясига барҳам беришга интилмоқда. Бироқ бу мақсадга эришиш эҳтимоли ҳали кам: бутун дунё бўйлаб 40 миллиондан ортиқ киши ҳамон вирус ташувчиси ҳисобланади. Тахминан 30 миллион киши даволаняпти. Қолган тўртдан бир қисми эса (умумий ташувчилар сонининг чорак қисми) вируснинг қондаги миқдорини минимал даражага тушириши мумкин бўлган антиретровирус терапиясини олаётгани йўқ.

2010 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда дунёда ОИТВ билан касалланишнинг янги ҳолатлари сони 22 фоизга камайди. Шундай бўлса-да, ЮНЕЙДС сўнгги ҳисоботига кўра, 2023 йилда 1,3 миллионга яқин одам касалланган.

Кўрсаткичларнинг энг катта пасайиши Африка ва Жанубий Осиё мамлакатларида кузатилган. Шу билан бирга, Марказий ва Шарқий Европа, Марказий Осиё, Шимолий Африка ва Яқин Шарқ минтақаларида тенденция ўсишда давом этмоқда.

“Профилактикада катта ютуқларга эриша олмаётганинизни тан олишимиз лозим. Агар чиндан 2030 йилга келиб ОИТС эпидемиясини тугатмоқчи бўлсак, келаси йилда янги касалланиш ҳолатларини 370 минггача қисқартиришимиз керак бўлади”, — деб таъкидлади Астрид Бернер-Родореда.

2010—2021 йиллар оралиғида ОИТВдан ўлим кўрсаткичи ҳам деярли 40 фоизга пасайган. Ўтган йили ОИТВ билан боғлиқ касалликлардан тахминан 630 минг киши вафот этди — бу 2004 йилдан буён энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Дорининг муқобиллари борми?

Интенсив тадқиқотларга қарамай, ҳали ҳам ОИВга қарши вакцина мавжуд эмас. Аммо ОИТВ юқишининг олдини оладиган бир нечта юқори самарали контакт олди профилактика воситалари мавжуд. Улардан фойдаланиш унчалик қулай бўлмаса-да, улар ёрдамида баъзи мамлакатларда вирус юқиш даражасини сезиларли даражада камайтиришга муваффақ бўлинди.

Бироқ бугунги кунга келиб, бу каби арзонроқ дорилар, асосан, бой мамлакатларда самара кўрсатмоқда. ОИТВ юқтириш даражаси юқори бўлган кўплаб камбағал мамлакатларда эса, дорилар имкон даражасидан анча қиммат. ЮНЕЙДС ҳисоботида таъкидланишича, “2023 йилда контактдан олдинги профилактика воситалари унга муҳтож одамларнинг атиги 15 фоизига етиб борган”. 

Мавзуга оид