Иқтисодиёт | 16:38 / 28.03.2023
31137
6 дақиқада ўқилади

Энергоинқироз оқибати: Помидор ҳосилининг катта қисми йўқотилган

Қаттиқ совуқда иссиқхоналарнинг газсиз қолиши ортидан, йил бошидан бери помидорнинг ўртача улгуржи нархи 2,4 баробарга қимматлашган. Мутахассисларнинг айтишича, агар арзонроқ нархларда импорт қилинмаса, яқин вақтларда Ўзбекистонда помидор нархи сезиларли арзонлашмайди.

Ўзбекистонда помидор нархи рекорд даражада қимматлашди. EastFruit маълумотларига кўра, жорий йилнинг 17 мартидан 24 мартига қадар Ўзбекистонда қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 28 минг сўмдан 36 минг сўмга, яъни бир ҳафта ичида 28,6 фоизга ошган. Шунингдек, жорий йил бошидан 24 мартга қадар мамлакатда ушбу маҳсулот улгуржи нархлари 2,4 баробарга қимматлаган.

2023 йилнинг 24 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 1,8 баробар ва 2020-2021 йилларнинг шу санасига нисбатан 2,4 баробар юқори бўлган.

2023 йилнинг 24 март ҳолатига кўра, қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи (1 кг учун АҚШ долларида):

  • Ўзбекистон — 3,16 доллар;
  • Польша — 2,79 доллар;
  • Украина — 2,60 доллар;
  • Тожикистон — 2,29 доллар;
  • Молдова — 1,61 доллар;
  • Грузия — 1,16 доллар.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, 27 март ҳолатига пойтахт марказий бозорларида 1 кг помидор ўртача 34-36 минг сўм оралиғида, озиқ-овқат маҳсулотлари сотишга ихтисослашган супермаркетларда эса 37 минг сўмдан 45 минг сўмгача сотилмоқда.

Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида Қўйлиқ деҳқон бозорида 1 кг қизил помидорнинг ўртача улгуржи нархи 15-18 минг сўм, 1 кг пушти помидорнинг ўртача улгуржи нархи эса 13-17,5 минг сўм атрофида бўлган.

Нега помидор кескин қимматлашди?

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистонда аномал совуқ об-ҳаво кузатилганди. Ушбу омил иссиқхона помидори нархининг кескин ошишида асосий катализатор ролини ўйнаган бўлиши мумкин.

Kun.uz суҳбатлашган иссиқхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлардан бирининг сўзларига кўра, аномал совуқ ҳаво туфайли кўплаб иссиқхоналар помидор ҳосилини бой берган.

“Ҳосилга об-ҳавонинг кескин совиб кетгани жиддий таъсир қилди. Кейинги масала, эрталаб соат 8:00 дан кечқурун 17:00 гача газ берилмади. Бунинг ортидан ҳосилдорлик тушиб кетди. Масалан, бир гектардан 90 ёки 100 тоннагача ҳосил олган бўлсак, бу йил 30-35 тонна ҳосил оляпмиз. Ўтган йиллар 1 туп помидор ўртача 30 ёки 40 дона ҳосил берарди, бу йилгиларида помидор ҳажми кичиклашиб кетган, шунинг ҳисобидан ҳам килограмм йўқ. Аксарият иссихоналардаги ҳосилни совуқ уриб кетди”, дейди тадбиркор.

Ўзбекистон мева-сабзавотларининг йирик экспортёрларидан бири – “GDF Export” компанияси тижорат директори Ҳусан Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, помидорнинг вегетация даври ҳисобга олинса, яқин орада ушбу маҳсулот нархи сезиларли даражада арзонлашмайди.

“Жорий йил январь ойининг иккинчи ўн кунлигида Ўзбекистонда кузатилган аномал совуқ ҳаво туфайли кўплаб иссиқхоначилар помидор ҳосилини бой берди. Совуқ пайтида кўплаб иссиқхона мажмуаларида газ босими кескин пасайди, чунки бу даврда бутун мамлакат бўйлаб табиий газ тақчиллиги мавжуд эди. Табиийки, ушбу иссиқхоналарда ҳарорат тушиб кетди, яъни ҳарорат помидор ўсимлиги учун зарур бўлган меъёрлардан сезиларли даражада паст бўлиб, бу экиннинг нобуд бўлишига олиб келди. Бизнинг тахминий ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда помидор ҳосилининг бой берилиши ўрта ҳисобда 50 фоиздан 70 фоизгачани ташкил этмоқда. Энг кўп зарар Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳамда Фарғона водийсидаги иссиқхоналарда кузатилган”, дейди эксперт.

“Турлари, навлари, етиштириш услуби ва шароитига қараб, бу экиннинг вегетация даври 85 дан 140 кунгача давом этади. Совуқдан кейинги нисбатан илиқ ҳарорат эса январь ойи охири ва февраль ойи бошларига келибгина кузатилди. Шу омилларни инобатга олсак, яқин келажакда Ўзбекистонда помидор нархи, албатта, агар арзонроқ нархларда импорт бўлмаса, сезиларли даражада пасайиши эҳтимоли кам”, дея хулоса қилади Ҳусан Ҳайдаров.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, аномал совуқдан кўра, нотўғри қарорлар иссиқхона экинлари нархларининг ошишига кўпроқ таъсир ўтказган.

“Ракета зарбалари остидаги Украинада ҳам, рус газидан узилган Польшада ҳам, бир грамм гази йўқ Тожикистонда ҳам помидор арзонроқ. Яъни муаммо аномал совуқда эмас. Аввал иссиқхоналардан газни узишди, кейин газни қайта улашди, баҳоргача узилмайди, деб кафолатлар беришди. Бир ҳафтадан кейин газ бўлмади. Ҳеч кимда газ бўлмади. Агар аввалбошдан газ узилган ҳолатда қолганида, иссиқхоналар экстремал чоралар кўришни бошлаган, кўмир ғамлаган, пропан ғамлаган ёки ҳечқурса харажатга тушиб помидор экишни тўхтатиб турган бўларди.

Муаммо газнинг қимматлиги эмас, муаммо – газнинг ва бозорнинг йўқлигида. Польша реверс ёки суюлтирилган газни 1000 доллардан олиб, Ўзбекистондан арзонроқ помидор етиштира оляпти. Туркия ёки Грузияни айтмай қўяверай. Ким газ, ким кўмир ёқишини бозор ва технологиялар белгилаши керак”, дейди иқтисодчи.

Иссиқхоналарни кўмирга ўтказиш амалиёти

Ўзбекистонда умумий майдони 2466,2 гектар бўлган 1145 та иссиқхонани газдан кўмирга ўтказиш белгиланган.

1 гектар замонавий иссиқхона (баландлиги 5-5,5 метр, иситиш қозонлари камхарж, замонавий бўлган тақдирда) кунига тахминан 2,5-3 тонна кўмир сарфлайди. Совуқ ва шимолий ҳудудларда бундан ҳам кўпроқ сарф қилинади. Қиш мавсумини ўртача 120 кун (октябрнинг ўртасидан март охиригача) деб олсак, бир йилга 740 минг тонна кўмир керак бўлади дегани. Бир вагонга 62 тонна кўмир кетишини ҳисобга олсак, бу 11 935 та вагон бўлади. Бунча кўмирни аввал мамлакатга, кейин вилоятларга ва иссиқхоналарга етказиш муаммоси мавжуд.

1 тонна кўмирнинг Ўзбекистонга кириб келиши 60 долларга тушади. Иссиқхоналарга етадиган кўмир импорти учун тахминан 44 млн доллар сарфлаш керак бўлади.

Мавзуга оид