Ўзбекистон | 16:38 / 03.04.2023
36713
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бўйлаб яна кучли ёмғир бўлиши кутилмоқда

Ўзбекистон бўйлаб 3 апрел куни кечки соатларда жала ёмғирлари кузатилиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзгидромет» директори Шерзод Ҳабибуллаев хабар берди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Унинг сўзларига кўра, бугун, 3 апрел куни соат 20:00 дан 23:00 га қадар жала ёмғирлари бўлиши кутилмоқда.

Шерзод Ҳабибуллаевнинг хабар беришича, фақат Нукус, Урганч ва Андижон шаҳарларида ёғингарчилик кузатилмайди.

2 апрел, якшанба куни Тошкент шаҳрида момақалдироқлар кузатилиб, кучли ёмғир ёғганди. Бунинг оқибатида кўчаларни сув босди, туннеллар ва метро бекатларига сув кириб кетди. 

Аввалроқ «Ўзгидромет» 3 апрел куни кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берганди.
 
Тошкент шаҳрида ҳаво ўзгариб туради, куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади, дўл ёғиши мумкин. Шамол шарқдан 5–10 метр/сония тезликда эсади, 12–14 метр/сониягача кучайиши мумкин. 

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгариб туради, вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади, момақалдироқ бўлиши мумкин, айрим жойларда дўл ёғиши мумкин. Баланд тоғли ҳудудларда қорга айланиши мумкин. Шамол шарқдан 7–12 метр/сония тезликда эсади, баъзи жойларда 15–20 метр/сониягача кучайиши мумкин. 

Мавзуга оид