Россия АҚШга Аляскани нега сотиб юборганди?
XIX асрнинг 60-йилларида Россиянинг чегаралари учта қитъа бўйлаб – Шимолий Америкагача чўзилиб кетган, уларни назорат қилиш осон эмасди. Ўшанда Россия олдида иккита – Аляскани ўз назорати остида ушлаб қолиш ёки Осиёдаги мавқейини мустаҳкамлаш танлови рўбарў бўлади. Руслар иккинчисини танлашади ва бундан 156 йил аввал Аляска АҚШга сотилади. Бугун кўпчилик россияликлар Чор Россиясининг ана шу қарори нотўғри бўлганини ва Аляска сувтекинга сотилганини айтади.
1867 йил 30 март. Вашингтон шаҳрида Россиянинг АҚШдаги элчиси бошчилигидаги рус делегацияси ва Америка ҳукумати ўртасида шартнома имзоланади.
Шартномага кўра, Шимолий Америкадаги 1,5 млн километр квадрат майдонда жойлашган улкан ҳудуд бир неча млн доллар эвазига Россиядан АҚШ тасарруфига ўтади.
Ўшанда америкаликлар русларга ҳар бир километр квадрат ер учун арзимаган центларда ҳақ тўлашади.
Гарчи сотиб юборилганига 150 йилдан ошган бўлса-да, бугун аксарият россияликлар бир нарсани афсус билан эслашади – Россия Аляскани сувтекинга сотиб юборган.
Алясканинг қўлдан кетганига афсусланадиганлар ва арзон сотиб юборилган дейдиганлар орасида оддий фуқаролардан тортиб, юқори лавозимли давлат амалдорларигача бор.
Путин ва унинг ён атрофидагилар ҳам жуда кўп марта Алясканинг сотиб юборилиши ҳақида фикр билдиришган ва уни қайтариб олиб бўлмаслигини айтишган.
Алясканинг руслар назоратига ўтиши
Колумб Американи кашф этганидан сўнг Ғарбий Европа давлатлари дунёнинг турли ҳудудларини ўз назоратига олиш учун рақобат олиб бораётган пайтда Россия аввалига Урал, сўнг Сибирни эгаллайди.
Кейинги навбатда руслар Узоқ Шарққа қуруқликдан ва денгиз орқали экспедициялар юбора бошлашади. Шу тахлитда XVIII аср бошларигача Узоқ Шарқнинг асосий қисми назоратга олинади.
Сўнг Беринг бўғозидан ўтиб Шимолий Америкага ўтишади. 1732 йилда Михаил Гвоздев ва Иван Федоров бошчилигидаги экспедиция Аляскага етиб боради.
Кейинроқ руслар қитъа ичкарисига кириб боришади ва жуда катта ҳудудга эга бўлишади. Ўша пайтда руслар 1,5 млн квадрат километрдан ортиқ ҳудудни ўз назоратларига олишга муваффақ бўлишади.
Аляскага аввалига рус денгизчилари борган бўлса, кейинчалик оддий аҳоли ҳам кўчиб бора бошлайди. Натижада руслар томонидан тикланган бир қанча аҳоли манзиллари пайдо бўлади.
1799 йилда Россия-Америка компанияси ташкил этилади ва Аляска шу компания ёрдамида бошқарилади. Бу компания инглизларнинг «Ост-Индия» компанияси каби тузилма бўлган. Ўз ишларини мустақил ташкил этса ҳам тўғридан тўғри Россия ҳукуматига бўйсунган.
Аляскани сотиш режаси
Масофанинг жуда узоқлиги ва совуқ об-ҳаво Аляскани ўзлаштиришда қийинчиликлар туғдирарди. Қолаверса, жуда катта ҳудудни назорат қилиш жуда қийин эди.
Аляскани сотиш масаласини илк бор 1853 йилда Шарқий Сибир генерал губернаторлиги раҳбари граф Николай Муравёв-Амурский кўтариб чиқади.
Унинг фикрига кўра Россия бир вақтнинг ўзида Аляскани ва Узоқ Шарқдаги ерларни назорат қилиш қийин эди. Шу сабабли граф Аляскани АҚШга сотиб юбориб, Узоқ Шарқдаги ҳудудларни британияликлардан асраб қолиш керак деб ҳисоблайди.
1853 йилда турклар билан Қрим уруши бошланади. Россия ўзининг барча ҳарбий ресурсларини шу урушга йўналтиради. Граф бундай шароитда Россия Аляскани назоратида ушлаб қололмайди деб ҳисоблаган.
Ўша пайтда британияликлар Шимолий Америкада ҳам русларга асосий рақобатчи бўлаётганди. Улар Канаданинг катта қисмини назорат қилар ва тўхтовсиз равишда ўз ҳудудини шимолга, Аляскага қараб кенгайтириб келаётганди.
Шу учун руслар Аляскани Британиянинг асосий душмани бўлган АҚШга сотишни режа қилишади. Шунингдек, АҚШ қитъа шимоли ўзининг асосий рақобатчиси британияликлар назоратига ўтиб кетмаслиги учун ҳар нарсага тайёр эди.
1860-йиллар бошида Британия флоти Россия-Америка компанияси кемаларига ҳужум қила бошлайди. Шундан сўнг РАК Сан-Францискода ташкил этилган Россия-Америка савдо компанияси билан сохта битим имзолайди ва ўз кемаларини унинг таркибига ўтказади.
Шундан сўнг РАК кемалари Америка байроғи остида эркин суза бошлайди ва британияликларнинг тажовузлари тўхтайди. Бироқ РАК ўз кемаларининг эркин сузиши учун Аляска ва АҚШ ўртасидаги экспорт-импорт ишларини Россия-Америка савдо компаниясига топширишга мажбур бўлади.
Шундан сўнг Аляскага АҚШлик савдогарлар кириб кела бошлайди. Тарихчиларнинг фикрича, ана шу келишув Россиянинг Аляскадаги мавқейига жиддий зарар етказади.
Алясканинг сотилиши
Аляскани сотиш ҳақидаги илк расмий таклиф 1857 йил баҳорда Россиянинг АҚШдаги элчиси барон Эдуард Стекл томонидан билдирилади. Ўша йили княз Константин Николаевич (император Александр II нинг укаси) Россия ташқи ишлар вазирлигига хат билан чиқиб, Аляскани сотиш бўйича АҚШликлар билан музокара ўтказишни таклиф этади.
ТИВ раҳбари А. Горчаков бу таклифни қўллаб-қувватлайди ва Эдуард Стеклдан америкаликларнинг «кўнглига қўл солиб кўриш»ни сўрайди.
Вашингтондагилар бу масалани муҳокама қилишга рози бўлишади. Бироқ Россия томони савдоларни 1862 йилгача тўхтатиб туришга қарор қилади. Ундан кейин АҚШда фуқаролар уруши бошланади ва Аляскани сотиб олиши масаласи бир муддат ўз аҳамиятини йўқотади.
1865 йилда фуқаролар урушида шимол ғалаба қозонади ва АҚШнинг бирлиги сақлаб қолинади. Шундан сўнг Аляска масаласи яна кун тартибига чиқади.
1866 йил 16 декабр куни император Александр II, унинг укаси княз Константин, Россия молия ва денгиз вазирликлари, Россиянинг АҚШдаги элчиси Эдуард Стекл қатнашган йиғилишда Алясканинг АҚШга сотилиши узил-кесил тасдиқланади.
Молия вазирининг таклифи билан келишув суммаси 5 млн доллардан кам бўлмаслиги керак эди. 1866 йил 22 декабр куни император Александр II сотиладиган ҳудуднинг чегараларини тасдиқлаб беради.
1867 йил март ойининг бошларида Эдуард Стекл Вашингтонга қайтади ва АҚШ давлат котиби Уилям Сьюардга Россия томони савдога тайёрлигини ва сотиладиган ҳудуднинг ўлчамини маълум қилади.
АҚШнинг Аляскани сотиб олмоқчи бўлаётгани Америкада айримлар томонидан танқид қилинади. Газеталарда «бир уюм муз учун миллионлаб доллар тўлаш, пулни ҳавога совуриш билан тенг» деган мазмунда мақолалар эълон қилинади.
Россияда эса тескариси бўлади. Аксарият зиёлилар Россия императори ва ҳукуматини «Қимматли ерни сувтекинга сотиб юбораётганликда» айблаб чиқишади.
1867 йил 18 март куни президент Эндрю Жонсон расмий равишда АҚШ давлат котиби Сьюардга Россия билан Алясканинг сотилиши бўйича музокаралар олиб бориш учун ваколат беради.
Эдуард Стекл ва Сьюард ўртасида ўтказилган музокараларда АҚШ Россия томони таклиф этган ҳудуд учун 7,2 млн доллар тўлашига келишилади.
Алясканинг сотилиши ҳақидаги шартномани имзолаш маросими 1867 йил 30 март куни Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтади. Шартнома матни ўша пайтда халқаро тиллар деб тан олинган инглиз ва француз тилларида ёзилган эди.
Шартномада уни ҳар икки давлат раҳбари имзолаб, парламентлар ратификация қилгач кучга кириши ҳақидаги банд бор эди.
1867 йил 3 май куни император Александр II шартномани имзолайди. Ўша йили 6 октябр куни Россия ҳукумати сенати шартномани ратификация қилади.
Шунингдек, АҚШ томони ҳам шартномани ратификация қилади ва шу тариқа Аляска АҚШ эгалигига ўтади.
Шартномага кўра АҚШ Аляскадан ташқари Британия Колумбиясининг ғарбий қирғоқларини ва Тинч океанидаги кўплаб ороллар ва архипелагларни олади.
Сотилган ҳудуднинг умумий майдони 1 млн 519 минг километр квадрат эди. АҚШликлар ҳар бир километр квадрат майдон учун 4 доллар 73 центдан тўлашади (1 гектар ер учун 4,7 центдан тўланади).
Аляска АҚШликлар учун жуда арзонга тушади. Масалан, улар аввалроқ XIX асрнинг бошида долларнинг олтинга тенг қиймати анча баланд бўлган кезларда Франциядан 2,1 млн километр квадрат ҳудудни 15 млн долларга сотиб олишган.
Ўшанда америкаликлар французларга ҳар бир гектар ер учун 7 центдан (Аляскадаги ернинг баҳосидан қарийб икки баробар кўпроқ) тўлашади.
Шартноманинг иккинчи бандига кўра, улкан ер майдони билан бирга АҚШга россияликлар томонидан тикланган барча иншоотлар ҳам ўтади. АҚШликлар ҳар эҳтимолга қарши Аляскада сақланган турли ҳужжатлардан иборат архивни ҳам ўзларида сақлаб қолишади.
Аляскани топшириш маросими
Ҳар икки томон шартномани ратификация қилгач, 1867 йил 18 октябр куни Аляскани америкаликларга топшириш маросими ўтказилади. АҚШ делегацияси денгиз орқали етиб боради.
Россия томонидан Алясканинг топширилиши ҳақидаги ҳужжатни махсус ҳукумат комиссияси комиссари капитан А.Пешчуров имзолайди. Маросим Аляскадаги руслар томонидан тикланган Янги-Архангелск шаҳарчасида губернаторининг уйида ўтказилади.
Маросим сўнгида устунга ўрнатилган Россия байроғи туширилиб, ўрнига АҚШ байроғи кўтарилади. Шундан сўнг руслар барча маъмурий биноларни ва портларни америкаликларга топшириб чиқиб кетишади. АҚШ Аляскани назорат қилиш учун армияси бўлинмаларини юборади.
1868 йилда Россия-Америка компанияси тугатилади. Аляска АҚШга ўтгач яшовчи русларнинг бир қисми Россияга қайтади. Бошқалари эса яшаб қолади.
Кейинчалик инглиз тилида сўзлашувчилар кўпайгандан сўнг руслар улар билан чатишиб кетади ва аралаш никоҳдан туғилганлар креоллар деб аталади.
1917 йилдан буён АҚШда ҳар йил 18 октябр Аляска куни сифатида нишонланади.
Хазинага бой ҳудуд
АҚШ Аляскани сотиб олгач у ерга америкаликлар кўчиб бора бошлайди. Кўп ўтмай Аляскадан нефт, олтин ва бошқа фойдали қазилмаларнинг жуда катта конлари топилади.
Аляскада илк олтин конлари 1986 йилда Клондайк дарёсига келиб қуйиладиган Бонанза сойида топилади ва жуда катта шов-шувларга сабаб бўлади.
Шундан сўнг бу ерга Канада ва АҚШдан кўплаб одамлар келишади ва олтин қазиб ола бошлашади. Бир неча йилда бу ҳудудга ўн минглаб одам келади.
Олтин васвасаси 10 йилдан ошиқроқ давом этади ва бу муддат ичида Аляскадан 1000 тоннадан кўпроқ олтин қазиб олинади.
Россиялик академик Владимир Обручевнинг келтиришича, биргина 1915 йилда америкаликлар Аляскадан қазиб олинган олтиннинг ҳисобидан 200 млн доллар фойда олишган.
Кейинчалик АҚШликлар Аляскада шаҳарлар барпо этишади. Автомобил йўллари ҳамда темирйўл тармоқлари қурилади. Шу тариқа XIX асрнинг охирроқларида ҳам анча қолоқ бўлган Аляска XX асрнинг биринчи ярмида бирмунча ривожланади.
Аляска ижарага берилганми?
Кейинги йилларда Россия оммавий ахборот воситаларида Алясканинг 99 йилга ижарага берилганини, АҚШ уни 1966 йилда қайтариб бериши лозимлиги ҳақида тез-тез ёзиб, гапириб туришади.
Алясканинг ижарага берилгани ҳақидаги гаплар СССР даврида бўлмаган, асосан иттифоқ парчаланиб кетгач урчиди. Бироқ бу гапларда мутлақо асос йўқ. Аляска АҚШга ижарага берилмаган. Россия империяси томонидан нархланиб, томонларнинг ўзаро розилиги ва келишуви билан бутунлай сотиб юборилган.
Агар Алясканинг ижарага берилгани ҳақидаги гапда асос бўлганда ҳар соҳада АҚШликлар билан рақобат қилишга уринган советлар ўша пайтлардаёқ даъво билан чиқишарди.
Бундан ташқари, Россия АҚШ билан шартномада кўрсатилган олтинни олмаган, у «Оркней» баржасида Англиядан олиб кетилаётганда чўкиб кетган деган афсона ҳам мавжуд.
Аммо Россия давлат архивида 1868 йилнинг иккинчи ярмида Молия вазирлиги томонидан тузилган ҳужжат мавжуд.
Ҳужжатда ёзилишича, АҚШга берилган Россиянинг Шимолий Америкадаги мулклари учун ушбу давлатдан 11 млн 362 минг 481 рубл олинган. Ундан 10 млн 972 минг 238 рубл Курск—Киев, Рязань—Козловская, Москва—Рязан ва бошқа темирйўлларни қуриш учун хориждан турли материаллар сотиб олишга сарфланган. Қолган 390 минг 243 рубл нақд пулда олинган.
Ҳозирги Аляска
АҚШликлар сотиб олгандан сўнг ҳудуд аввалига Аляска округи деб номланади. 1912 йилдан бошлаб «Аляска ҳудуди» деб ўзгартирилади. 1959 йил 3 январ куни Аляскага штат мақоми берилади.
Алясканинг ҳудуди 1 млн 717 минг 854 километр квадрат бўлиб, бу ерда ҳозир 750 минг атрофида аҳоли бор. Бу ерда аҳоли зичлиги жуда паст кўрсаткичда бўлиб, 2 километр квадратга бор-йўғи бир киши тўғри келади.
Аляскада илк нефт конлари топилганига 100 йилдан ошган бўлса-да, бу ерда ҳамон янгидан янги конлар топилмоқда. Жумладан, 2017 йилда Испания нефт компанияси Аляскада 1,2 миллиард баррел нефт захираси бўлган янги йирик кон топганини эълон қилганди.
1972 йилда ўтказилган референдум натижаларига кўра Аляскада махсус фонд тузилган. Alaska Permanent Fund Corporation деб аталувчи бу фондга нефт қазиб олишдан тушадиган фойданинг бир қисми тўплаб борилади ва Алясканинг доимий аҳолисига ҳисса ажратилади.
Бугун Аляска АҚШда олтин ва нефт қазиб олиш бўйича иккинчи ўринда туради. АҚШда қазиб олинаётган нефтнинг 20 фоизи Аляска ҳиссасига тўғри келади. Прудо-Бей нефт кони нафақат АҚШдаги, балки дунёдаги йирик конлардан бири ҳисобланади. АҚШда аниқланган нефт захираларининг 8 фоизи айнан шу ерда жойлашган.
Шунингдек, дунёдаги рух захирасининг 10 фоизи Аляскада. Бундан ташқари, кумуш, қўрғошин ва бошқа фойдали қазилма бойликларининг жуда катта захираси аниқланган.
Сўнгги йилларда Аляскада сайёҳлик ривожланмоқда. Бу ерга ҳар йили нафақат АҚШнинг бошқа ҳудудларидан, балки дунёнинг турли мамлакатларидан ҳам миллионлаб сайёҳлар келмоқда.
Маълумотларга кўра, Алясканинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми 40 миллиард доллардан ошади. ЯИМни жон бошига ҳисоблаганда 60 минг доллардан тўғри келади.
Аляска ҳақида қизиқарли маълумотлар
- Аляска сўзи алеут тилидан таржима қилинганда «Буюк ер» деган маънони англатади;
- Россия ва Аляска ўртасидаги энг қисқа масофа 3,5 километрни ташкил этади. Беринг бўғозида жойлашган Ратманов ороли Россияга, ундан бироз нарида жойлашган Диомед ороли эса Аляскага тегишли;
- Аляска Америка қитъаси шимолида жойлашгани учун у ерда йилнинг асосий қисмида совуқ ҳаво ҳукмронлик қилади. 1971 йилда бу ерда - 62 даража совуқ қайд этилган;
- Алясканинг маъмурий маркази Жуна шаҳрига қуруқликдан йўл йўқ. Унга фақат денгиз ва ҳаво орқали етиб бориш мумкин;
- Аляскада 3 миллиондан ошиқроқ кўл, юз мингдан ошиқ музлик, уч мингдан ошиқ дарё, 70 га яқин ҳаракатдаги вулқон бор;
- Аляска ҳудудидан 1 300 километр узунликдаги йирик нефт қувури ўтган. У Шимолий муз океанига яқин ҳудуддан бошланиб, Аляска бўғозидаги портларгача боради. Бу қувурдан соатига 10,5 минг кубометр нефт ўтади;
- Аляска аҳолиси 22 та тилда гаплашади. Улар орасида ҳиндуларнинг атапаски, хайда, тлинкит, симшиан, эскимос ва алэут қабилалари сўзлашадиган тиллар ҳам бор;
- Аляскани уч томондан Шимолий муз океани ва Тинч океани сувлари ўраб туради;
- Алясканинг байроғи дизайнини 13 ёшли бола ўйлаб топган. Унда тўқ кўк ранг фонида Катта Айиқ юлдузлар туркуми ва Қутб юлдузи тасвирланган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024