Жаҳон | 14:22 / 05.04.2023
25381
12 дақиқада ўқилади

Макроннинг Хитойга ташрифи. У Жинпингни Путинга ёрдам бермасликка кўндира оладими?

Европа раҳбарлари яқинда Москвада Путин билан учрашган Си Жинпинг билан музокаралар ўтказиш учун бирин-кетин Пекинга учмоқда. Европаликлар ўзларининг энг йирик савдо шериги бўлмиш Хитойнинг Европада уруш олиб бораётган Россия билан яқинлашишидан, шунингдек, Пекиннинг Европа Иттифоқининг асосий ҳамкори бўлган АҚШ билан зиддияти кучаяётганидан хавотирда.

Фото: AFP

Германия канцлери ва Испания бош вазиридан кейин, 5 апрел куни Франция президенти Эмманюэл Макрон ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ҳам Пекинга ташриф буюрмоқда.

Европа Киевга Россия босқинига қарши курашда ёрдам бермоқда ва уруш тезроқ тугашидан манфаатдор. Бироқ улар Украина ҳудудий яхлитлигини тиклаш шарти билангина тинчликка эришишга рози. Табиийки, Кремл бунга рози эмас, унинг ортида эса Хитой турибди.

Европаликлар Хитойни Европада уруш ва тинчлик масаласини ҳал қилишда ЕИ мустақил куч эканига, Хитойнинг асосий душмани бўлмиш АҚШнинг кўланкаси эмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга улар Пекинга асосий тушунчани ҳам етказмоқчи — «биз ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, бироқ Хитой қизил чизиқни кесиб ўтиб, Путинга ҳарбий ёрдам беришга қарор қилса, барчаси тубдан ўзгариши мумкин».

Аввалги европалик меҳмонлар Пекинда муваффақиятга эриша олмади. Макрон ва фон дер Ляйен буни уддалайдими?

Хитой ва Путин

Уруш бошида Макрон доимий равишда Путин билан қўнғироқлашиб турди, бироқ орадан бир йил ўтиб, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Кремл ўртасидаги алоқалар барбод бўлди. Позициялар шу қадар муросасиз бўлдики, европадагилар ҳалокатли вазиятни олдинга силжита оладиган давлат айнан Хитойлиги, Путинга таъсир кўрсатадиган ягона лидер эса Си Жинпинг экани ҳақида тез-тез гапира бошлади.

«Шубҳасиз, Хитой бу кескинлик тўлқинини ҳар икки йўналишда ҳам ўзгартиришга қодир сайёрамиздаги кам сонли давлатлардан бири ва эҳтимол дунёдаги ягона давлатдир», деган Макрон маъмурияти вакили.

«Биз энг ёмон сценарийдан қочишни хоҳлаймиз ва шунинг учун ҳам биз улар (хитойлар) билан мулоқот ўрнатишимиз, ўз позициямизни белгилашимиз ва ўрта муддатли келажакда бу урушни тугатиш йўлларини топиш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак», дея қўшимча қилган у.

Хитойнинг бу жараёнлардаги асосий роли Си Жинпингнинг Кремлга босим ўтказишда янги ричагларга эга бўлгани билан изоҳланади. Путин Ғарбдан ажратилган Россия иқтисодиётини Хитойга қарам қилиб қўйди. Урушнинг ҳар қандай натижаси, жумладан Россиянинг мағлубияти ҳам бу фактни ўзгартирмайди, чунки Ғарб санкцияларни бекор қилмоқчи эмас ҳамда Россиянинг нефт ва газидан қатъий равишда қутулишга ҳаракат қилмоқда.

Бошқа томондан, агар Си Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатса ва Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга ёрдам берса, тарозини Кремл фойдасига оғдириши мумкин. Ҳозирча эса бу икки ҳолат содир бўлгани йўқ.

Макрон Си Жинпингни келажакда ҳам бундай қилмасликка ишонтиришга ҳаракат қилади.

«Биз очиқча айтамиз: Россия билан яқинлашиш васвасаси қандай бўлишидан қатъи назар, бу қизил чизиқни кесиб ўтмаслик керак», дея юқори мартабали француз амалдори сўзларидан иқтибоси келтиради Reuters нашри.

Тинчлик режаси амалга ошиши мумкинми?

Хитой ТИВ Си Жинпингнинг Москвага ташрифидан бироз олдин Европадаги урушга муносабатини эълон қилди. 12 банддан иборат ҳужжат баъзан Хитойнинг «тинчлик режаси» деб номланишига қарамай, у тинчлик режасига ўхшамайди ва фақат Хитой позициясини мустаҳкамлайди.

Фон дер Ляйен Россиянинг Украинага босқини оқибатларини шахсан ўзи бориб кўрган ва президент Володимир Зеленский билан гаплашган. Си Жинпинг эса Зеленский билан ҳатто телефон орқали мулоқот қилишдан ҳам бош тортмоқда. Фото: AFP

«Хитой ўзини тинчликпарвар сифатида намоён қилади, лекин унчалик ҳам фаол эмас: Си Москвада ҳатто бу ғоя реаллигига ишонмаслигини кўрсатди. Шундай бўлса-да, баъзи европалик етакчилар тактик сабабларга кўра, ўзларини унга ишонгандек ва музокара ўтказишга тайёрдек кўрсатишни фойдали деб билади», дейди АҚШнинг Маршалл фонди вакили Эндрю Смолл.

Унинг фикрича, Хитой ўзини тинчлик келишувидан манфаатдордек кўрсатмоқда. Аслида эса Ғарб Пекиннинг режасини дарҳол рад этиши оқибатида ўзини урушни алангалатувчи позицияга қўйиб қўйишидан умидвор.

Европаликларнинг ташрифлари бошқа нарсалар қаторида, Жинпинг бу аргументдан қуруқ қолдиришга мўлжаллаган. Яъни Ғарб тинчликни истайди.

Тинчлик ташаббусларини муҳокама қилиш музокараларни барибир боши берк кўчага олиб боради, чунки европаликлар Киевнинг позициясини қўллаб-қувватлайди. Фронтдаги ҳозирги ҳолатни мустаҳкамловчи ва Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни унга топширишни тасдиқловчи сулҳ ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

Ўтган ҳафта Испания бош вазири Педро Санчес Пекинда Си Жинпинг билан бу ҳақда гаплашди. Хитой раиси унга нима деб жавоб берганини сўрашганда, Санчес изоҳ беришдан бош тортди.

Жан-Мишел Жар Мао Цзэдун вафотидан кейин Хитойда чиқиш қилган илк ғарблик мусиқачи бўлганди. 1981 йилда у Пекин ва Шанҳайда концертлар беради, 2004 йилда эса Тянанмэнда Хитойда француз маданияти йилини очиб беради. У яна Пекинга келди - Макрон делегацияси таркибида. Фото: AFP

Ҳозирча европаликлар Си Жинпингдан ядровий кескинлик кучайишини қабул қилиб бўлмаслик ҳақидаги баёнотни эшитишга муваффақ бўлди. Бироқ, бу Путинни тўхтата олмади — у Беларусга ядро қуролини жойлаштиришга қарор қилди.

«Европанинг айрим етакчилари Пекиннинг баёнотлари қандайдир тарзда Россиянинг ядро стратегиясига таъсир ўтказади деган хаёлда. Бироқ малакали хитойшунослар бунга ишонмайди», дейди Европа ташқи алоқалар кенгашининг Осиё тадқиқотлари бўлими бошлиғи Янка Ортел.

Нега Европага Хитой, Хитойга Европа керак?

Хитойнинг асосий рақиби — бу АҚШ. Дунёнинг йирик иқтисодий ва ҳарбий қудратга эга икки давлати Тайван, савдо, инсон ҳуқуқлари ва технологик ҳукмронлик туфайли душманликни кучайтирди ва жаҳонни яна совуқ уруш ёқасига олиб келди.

Хитой Европани АҚШнинг вассали деб ҳисоблайди. Европа билан яқинлашиш Си Жинпингнинг асосий душман – АҚШни заифлаштириш, Ғарб коалициясини парчалаш ва дунёнинг АҚШ ва Хитойдан кейинги учинчи йирик иқтисодиёти бўлган Европа Иттифоқидаги Ғарб технологиялари ва бой истеъмолчилар бозорига кириш имкониятини сақлаб қолиш каби стратегик мақсадларига мос келади.

Европа эса, ўз навбатида, АҚШ каби Хитой билан барча алоқаларни узишга интилмаяпти. Аммо Брюссел, агар Хитой Путинни қуроллантиришни бошласа, АҚШ Хитойга қарши санкциялар жорий қилиши ва Европани ҳам шундай қилишга ундаши мумкинлигидан хавфсирамоқда.

Шу боис, Европа Иттифоқи АҚШ соясидан чиқиб, Хитой билан муносабатларда ўзини мустақил ўйинчи сифатида кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Бу Европа Иттифоқи раҳбарларининг Пекинга бир қатор ташрифларининг асосий мақсади бўлиб, шундан сўнг июн-июл ойларида Европа Иттифоқи-Хитой саммити ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Макрон шартномалар, жумладан Airbus лайнерлари сотуви бўйича келишувларга эришиш учун ўзи билан эллик нафар атрофида тадбиркорларни Хитойга олиб келди. Фото: AFP

Бироқ, G7’даги ҳамкорлар — АҚШ, Канада, Япония ва Буюк Британиядан фарқли ўлароқ, Европа Иттифоқининг 27 давлати Хитойга нисбатан аниқ келишилган позицияга эга эмас.

Бунга биринчи уриниш Европа комиссияси раҳбари томонидан Пекинга сафар олдидан амалга оширилди. Ўзининг асосий нутқида фон дер Ляйен кескин позицияни эълон қилди: «Европа Хитой билан ҳамкорлик қилишни хоҳлайди, аммо муаммолар тобора кўпайиб бормоқда, чунки Хитой Коммунистик партияси аста-секин очиқлик ва интеграциядан ёпиқлик ва ўз-ўзини тасдиқлашга, шу жумладан, кучга таянишга ўтмоқда».

«Умуман олганда, Европанинг барча етакчилари бу позицияни қўллаб-қувватлайди, бу энг радикал чегарада бўлса-да, консенсус доирасида. Кўпчилик ўз номидан Хитойга қарши бундай қаттиқ чиқиш қилишга журъат эта олмас эди, аммо Европа Иттифоқи байроқлари остидаги ягона фронтдан бундай баёнот бериш мутлақ мумкин иш», дейди Эндрю Смолл.

«Ягона муаммо шуки, Хитой Европа Иттифоқининг бирлиги ва мустақиллигига ишонишга шошилмаяпти», дея қўшимча қилган Янка Ортел.

«Европаликларнинг Хитойга нисбатан риторикаси ўзгаришга учрамоқда, лекин амалда жуда кам нарса ўзгаряпти. Германия иқтисодиёти бунга яхши мисол, унинг Хитойга қарамлиги ҳамон кучайиб бормоқда», дейди Эндрю Смолл.

ЕИ товарлар импортининг бешдан бир қисми Хитой ҳиссасига тўғри келади. Евроиттифоқ қуёш батареяларининг 80 фоизини Хитойдан сотиб олади, аммо бундай қарамликни қисқартирмоқчи. Фото: AFP

«Демак, Хитой расмийлари Европанинг Пекинга нисбатан сиёсати ўзгараётганига ҳали ишонмаяпти. Пекин Европада даромадли бизнес таклифлари орқали ўз томонига оғдириши мумкин бўлган давлатлар ҳали ҳам етарлича деб ҳисоблайди», дея қўшимча қилган Смолл.

Макронга кўз-қулоқ бўлиш

Франция шундай давлатлардан бири, чунки унинг президенти Макрон ўзини Европанинг асосий истиқболли раҳбари деб билади ва натижага эришиш учун мослашувчанликка мойил.

«Макрон дунё етакчиларига таъсир ўтказиш қобилиятига ишонади, у Путин билан ҳам, Доналд Трамп билан ҳам келишишга ҳаракат қилди. Шубҳали натижалар уни бу сафар Си Жинпинг билан яна бир бор ўз омадини синаб кўришдан қайтармади», дейди Янка Ортел.

Музокаралар жараёнида Макрон умумевропа чизиғидан четга чиқмаслигини таъминлаш ва Си Жинпингга Европа Иттифоқида қийинчилик билан пайдо бўлаётган бирликни парчалашга йўл қўймаслик учун Макронга Урсула фон дер Ляйен ҳамроҳлик қилмоқда.

«Фон дер Ляйен Хитой Коммунистик партиясининг устувор йўналишларига нисбатан анча кескин ва паст баҳо берди. Макрон бундай аниқ позицияга эга бўлмаса ҳам, Пекиндаги музокараларда унинг қандайдир ҳаракатни амал ошириш имконияти унинг иштироки билан чекланади», дея фикр билдирган Ортел.

«Фон дер Ляйен Си Жинпингга Макрон билан Европа Иттифоқи орқасидан туриб, ҳеч нарса бўйича келиша олмаслигини кўрсата олади. Бундан ташқари, унинг борлиги Макроннинг Путин ва Цзиньпин билан муносабатларига шубҳа билан қарайдиган Европа Иттифоқи давлатлари ҳукуматларини тинчлантиради», дея Ортелнинг фикрларини тасдиқлайди Эндрю Смолл.

Фон дер Ляйен ва Макрон Хитойга бирдамлик, мустақиллик ва қатъиятни намойиш этиш учун келишмоқда. Бу осон кечмайди. Фото: Getty Images

Экспертлар Европа етакчилари Си Жинпингни Россиянинг Украинага қарши уруши бўйича ўз позициясини ўзгартиришга кўндиришига ҳозирча шубҳа қилмоқда. Чунки европаликлар ҳали Жинпингни Европа иттифоқи якдиллиги ва АҚШ таъсиридан мустақил эканига ишонтириши ҳам лозим.

«Пекинга ташрифлар Европа Иттифоқининг ўз позициясини мувофиқлаштиришга тайёрлигини кўрсатади, бироқ Европа Хитойнинг Россияни қўллаб-қувватлашида нимани қизил чизиқ деб ҳисоблаши ва Хитой уни кесиб ўтса, қандай оқибатларга олиб келиши ҳалигача номаълум», дейди Янка Ортел.

«Макрон ва фон дер Ляйеннинг саёҳати муваффақиятга эришиши кафолатланмаган» дея қўшимча қилган эксперт.

«Энг ёмон ҳолатда, Хитой Европа билан келажакдаги алоқалар узилиши хавфини эмас, балки Россия билан муносабатларидан Европа Иттифоқига қарши восита сифатида фойдаланиш имкониятини кўради», дея сўзини якунлайди Янка Ортел.

Муҳаммадқодир Собиров
Тайёрлаган Муҳаммадқодир Собиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид