Ўзбекистон | 19:20 / 05.04.2023
9436
3 дақиқада ўқилади

ХДП етакчиси Улуғбек Иноятов янгиланаётган Конституцияга бефарқ бўлмасликка чақирди

5 апрел куни Бухоро шаҳридаги Ёшлар маркази хиёбонида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг “Менинг Конституциям” шиори билан янгиланаётган Конституция мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик вакилларига тушунтиришга бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Фото: ХДП

Тадбирда партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар,  жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари, қонунчилик соҳаси мутахассислари иштирок этди.

250 га яқин шижоатли ёшлар ва фаол хотин-қизлар, эртанги кунига бефарқ бўлмаган бухороликларни жамлаган тадбир давомида кўтаринки кайфият ҳукмронлик қилди.

Муҳташам тарихи, табаррук зиёратгоҳлари, улуғ алломалари билан дунёга машҳур заминда бугун ҳам мард ва танти, уддабурон, меҳнаткаш ва фидойи инсонлар яшайди, ёшлари билим олишда, спортда ўрнак ва ибрат кўрсатмоқда. Табиийки, илмга, янгиликлар ва ислоҳотларга чанқоқ бухороликлар эртанги куни, тақдирини белгилаб берадиган сиёсий жараёнлар, янгиланаётган Конституцияга бефарқ эмас.

Тадбир аввалида янгиланаётган Конституция инсон ҳақидаги энг олий ҳужжат экани, унда инсоннинг бахтли бўлиши учун энг муҳим қоидалар белгилаб қўйилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов Халқ демократик партияси Конституцивий ислоҳотлар ташаббусини илк кунларданоқ қўллаб-қувватлаб келаётгани, бутун республикадаги партия электорати вакиллари, депутатлар ва фаоллардан олинган 3 мингдан ортиқ таклифларнинг аксарияти мазмунан янгиланаётган Конституцияда ўз ифодасини топаётгани, бу катта ижтимоий-сиёсий ютуқ эканини қайд этди.

Энг асосийси, Ўзбекистон ижтимоий давлат экани биринчи моддадаёқ қатъий белгиланиб, кейинги моддаларда бу қоида ривожлантирилмоқда. Хусусан, Конституциянинг 42-моддасида ҳар ким меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга экани, 43-моддада фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш, 47-моддада эса ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқини кафолатлаш учун шароит яратиш давлатнинг зиммасида бўлиши белгилаб қўйиляпти.

Байрамона кайфиятда ўтган тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудуддаги фаоллар ҳам сўзга чиқиб, янгиланаётган Конституциямиздаги меъёр ва қоидалар меҳнат жамоалари, маҳаллалардаги учрашув ва мулоқот жараёнларида халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганини билдиришди.

Мулоқот сўнгида оиласи, фарзандлари, яқинлари яхши яшаши, ўз юрти тинчлиги ва фаровонлигини истайдиган ҳар бир юртдошимиз муҳим сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмасдан, референдумда ўз фуқаролик позициясини кўрсатиши зарурлиги таъкидланди.

Халқ демократик партияси ахборот хизмати

Мавзуга оид