Жаҳон | 17:12 / 06.04.2023
8521
3 дақиқада ўқилади

Швеция - «Шимолий оқим»даги портлашлар ҳақида: Айбдорларни топиш қийин бўлади

Фото: Reuters

«Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларидаги портлашлар бўйича тергов давом этмоқда, аммо қийин жараёнда, деди дастлабки тергов раҳбари Матс Юнгквист.

«Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларидаги портлашлар бўйича тергов давом этмоқда, бироқ жараён қийинлашди. Бу ҳақда 6 апрель, пайшанба куни дастлабки терговга раҳбарлик қилаётган прокурор Матс Юнгквист маълум қилди. «Гап табиий сабабларга кўра содир бўлган ҳолатларни ўрганиш қийин бўлган жиноят ҳақида кетмоқда. Портлашлар Болтиқ денгизи тубида 80 метр чуқурликда содир бўлган», — деди у.

Диверсия ҳолати юзасидан дастлабки тергов Швеция прокуратураси миллий хавфсизлик бошқармаси прокурори назорати остида Швеция жамоат хавфсизлиги хизмати (SÄPO) томонидан олиб борилмоқда.

«Газ қувурларидаги диверсия атрофида турли хил маълумотлар ва хабарлар мавжуд. Бу ҳодиса, шубҳасиз, таъсир ўтказиш учун турли уринишларга платформа бўлди», деди Матс Юнгквист. «Ушбу тахминлар дастлабки терговга таъсир қилмайди, у таҳлиллар, воқеа жойини текшириш, Швеция ва бошқа мамлакатлар ҳукумати билан ҳамкорликда олинган фактлар ва маълумотларга таянади», - дея қўшимча қилди у.

Тергов «жиддий диверсия» содир бўлганини аниқлади, жиноят жойида олиб қўйилган ашёларнинг таҳлили бир нечта бегона нарсаларда портловчи модда излари борлигини кўрсатди. Гап «эгалари Швеция билан боғлиқ бўлмаган инфратузилмага қаратилган халқаро сувлардаги жиддий диверсия» ҳақида кетмоқда, деди Юнгквист. Унинг сўзларига кўра, тергов биринчи навбатда «Швеция манфаатлари ёки хавфсизлиги таҳдид остида қолганми, Швеция ҳудудидан қўпорувчилик учун фойдаланилганми» деган саволга жавоб топишга қаратилган. Барча олинган материаллар диққат билан ўрганилади ва таҳлил қилинади.

«Ҳозир биз бир қатор аниқ тергов тадбирларини ўтказмоқдамиз. Ҳеч қандай истисносиз ишлаяпмиз, ҳеч нарсани тасодифга қолдирмаймиз», - деди Матс Юнгквист. «Умид қиламизки, ушбу жиноятни ким содир этганини аниқлай оламиз, аммо шуни айтиш мумкинки, вазиятни ҳисобга олган ҳолда бу қийин бўлиши мумкин», деди у.

Кейинчалик Юнгквист Reuters агентлигига аниқлик киритишича, «асосий аниқ сценарий» қўпорувчилик ортида давлат ҳомийлигидаги гуруҳ турганига боғлиқдир. Мустақил гуруҳ ишлаган сценарий ҳам «назарий жиҳатдан бўлиши мумкин», дея қўшимча қилди у. Портлашда қўлланган портловчи модданинг тури «эҳтимолий» гумонланувчиларни истисно қилди, деди агентлик суҳбатдоши.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид