Спорт | 13:35 / 09.04.2023
51023
22 дақиқада ўқилади

Ҳоландда — шедевр гол ва янги рекорд, Месси Роналдудан ўзиб кетди, «Реал»да мағлубият. Кун ўйинлари

Европа футболида шанба оқшомидаги асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Англия: Рэшфорднинг жароҳати ва Лэмпарднинг мағлубияти

Манчестер Юнайтед – Эвертон 2:0
Голлар:
1:0 – 36 Мактомини, 2:0 – 71 Марсиял.
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Уан-Биссака, Магуайр, Мартинес, Маласиа, Забитцер (Фред, 76), Бруну Фернандеш, Мактомини, Санчо (Эриксен, 77), Антони (Марсиял, 60), Рэшфорд (Вегҳорст, 81).
Эвертон – Пикфорд, Коулмэн, Тарковски, Кин, Годфри (Миколенко, 46), Гуйе (Гарнер, 60), Онана (Дэвис, 60), Ивоби, Грэй, Симмс (Мопе, 70), Макнил.

Шанба кунги ўйинларнинг биринчиси Пикфорднинг персонал бенефисига айланиши ҳам мумкин эди. У биринчи ярим соатда қатор сейвлар ижро этди, жумладан Рэшфорд ва Антони билан яккама-якка вазиятларда жамоани қутқарди. Ван-Биссака устундан қайтган тўпни эгаллаб олиб, уни бўш қолган бурчакка тўғри йўналтира олмаганида эса «Эвертон» дарвозабони ўзининг кучли ўйини билан «МЮ» футболчиларига босим тушираётганини тахмин қилиш мумкин эди.

Футбол қонунларига кўра мезбонлар бу кўкка совурилган имкониятлар учун жазоланадигандек эди, аммо Симмс жуда қулай вазиятдан гол ура олмади, бўлим охирларига бориб айни вақтда юқори спорт формасида бўлган Мактоминай барибир «ирислар» дарвозасини ишғол эта олди. Чемпионатнинг бу мавсумида гол урмаган яримҳимоячи терма жамоалар учун танаффус чоғида Шотландия Евро-2024 саралашидаги икки ўйинида ҳам дубл қайд этганди. Бу ўйиндаги яна бир ижобий палла сифатида январ ойидан буён ўйнамаган Эриксеннинг сафга қайтганини эътироф этиш мумкин, лекин Рэшфорднинг жароҳати жамоа мухлислари кўнглини хижил қилди.

Лекин Маркус бундан олдинроқ Марсиялни ва ёш мухлисни хурсанд қилишга улгурди — 71-дақиқада меҳмонлар сардори Шеймус Коулмен ўта қўпол хатога йўл қўйди ва англиялик ҳужумчи тўпни эгаллаб олиб, жарима майдони марказида очилган франциялик ҳужумчини тўп билан таъминлади, кейин эса ёш мухлисга футболкасини совға қилди.

Эрик тен Хаг эса финал ҳуштаги чалинганидан кейин тақвимни танқид қилди ва олти кун ичида уч ўйин ўтказмаслик ва футболчиларни эҳтиёт қилиш кераклиги ҳақида гапирди. Аслида бу ўйинлар бир ҳафта давомида ўтказилди, аммо мураббийнинг ҳиссиётларини тўғри тушуниш мумкин, чунки муҳимнинг мавсум қисмида «МЮ» ўзининг энг ёрқин футболчисидан фойдалана олмаслиги мумкин.

Брентфорд – Ньюкасл 1:2
Голлар: 1:0 – 45, пенальти Тоуни, 1:1 – 54, автогол Райя, 1:2 – 61 Исак.
Аниқ ижро этилмаган пеналти, Тоуни (29)
Брентфорд – Райя, Хики (Мбемо, 74), Ми (Висса, 82), Янссон (Йоргенсен, 16), Пиннок, Генри, Нергор (Янельт, 81), Йенсен, Дасилва (Баптист, 74), Шаде, Тоуни.
Ньюкасл – Поуп, Триппьер, Шер, Ботман, Берн, Бруно Гимараэс, Лонгстафф (Уилсон, 46), Уиллок (Андерсон, 87), Мерфи (Гордон, 46), Жоэлинтон, Исак (Ласселс, 87).

«МЮ»нинг кучли тўртлик учун рақибларининг сиртқи кураши икки драматик ғалаба билан якунланди. «Ньюкасл» бу мавсумда фақат «Арсенал» эришган натижани такрорлади. Аниқроғи — «Брентфорд» майдонидан ғалаба билан қайтди. Ўйиндаги асосий воқеа Тоуни ва Поуп ўртасидаги дуэл бўлди.

«Асаларилар»нинг энг яхши тўпурари бу вақтгача ўзи ижро этган 22 пеналтидан бирортасида адашмаганди, бу ўйинда эса икки имкониятдан биринчисини йўққа чиқарди. Бундан ташқари, ўйин бошидаги яна бир эпизодда Тоунининг голи VAR аралашувидан кейин офсайд қайд этилган ҳолда бекор қилинганди. У барибир биринчи бўлим охирида иккинчи бор 11 метрли жарима зарбасидан унумли фойдаланди — аммо бу гол ҳатто дурангни ҳам кафолатламади.

Иккинчи бўлимда ҳисоб тенглашганида протоколга мезбонлар дарвозабони Райянинг фамилияси қайд этилди, аммо бу гол — рақиб ҳимоясини ажойиб ҳаракатлари билан доғда қолдирган Жоэлинтоннинг хизмати эди. Кўп ўтмай Исак Уилсоннинг пасидан кейин меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди, яна бир неча дақиқа ўтиб Уилсоннинг ўзи ҳам дарвозани ишғол этди, аммо бу сафар видеотакрордан кейин у бу эпизодда тўпни қўли билан ўзига бўйсундиргани аниқланди. Шу туфайли ўйиндаги кескинлик ҳакамнинг ўйин якунлангани тўғрисидаги ҳуштаги чалингунча сақланиб қолди, ўйин охирида эса Поуп яна бир бор жамоасини қутқарди.

Тоттенҳэм – Брайтон 2:1
Голлар:
1:0 – 10 Сон Ҳён Мин, 1:1 – 34 Данк, 2:1 – 79 Кейн.
Тоттенҳэм – Льорис, Порро, Дайер, Лангле, Ромеро, Перишич, Хейбьерг, Кулусевски (Данджума, 78), Скипп (Сарр, 88), Сон Ҳён Мин, Кейн.
Брайтон – Стил, Велтман (Энсисо, 85), Данк, Колуилл (Уэбстер, 69), Эступиньян, Гросс, Марч, Мак Аллистер, Кайседо, Митома, Уэлбек (Фергюсон, 66).
Четлатиш: Стеллини (59), де Дзерби (59).

«Тоттенҳэм» эса ўзини таъқиб қилиб келаётган «Брайтон»га қарши ўйинда Кейннинг голи эвазига ғалабани илиб кетди. Лондондаги ўйин жуда кескин кечди, биринчи бўлимда Митоманинг голи VAR ҳужумчи тўпни қўли билан ўйнаган деб топгач, бекор қилинди. Бунинг ортидан Сон Ҳёнг Минг жарима майдони ташқарисидан дарвозанинг узоқ «тўққизлиги»га йўлланган ажойиб зарбаси билан ҳисобни очди. Бу нафақат чиройли гол бўлди, балки кореялик футболчини Осиёнинг АПЛда биринчи бўлиб 100 гол урган вакилига айлантирди.

Бўлимнинг иккинчи ярмида меҳмонларнинг баланд бўйли ҳимоячиси Данк бурчакдан узатилган тўпни боши билан дарвозага йўллаб, мувозанатни тиклади. Иккинчи бўлимда меҳмонларнинг яна бир голи видеотакрордан кейин бекор қилинди — Уэлбекнинг зарбаси йўл-йўлакай жамоанинг бошқа футболчисининг қўлига теккан ҳолда дарвоза тўрига бориб тушгани қайд этилди. Натижада майдон ташқарисида тортишув юзага келиб чиқди ва икки жамоа бошқарувидаги италиялик мураббийлар — Кристиан Стеллини ва Роберто Де Дзерби — қизил карточка олишди.

Вулверҳэмптон – Челси 1:0 
Гол:
1:0 – 31 Матеуш Нунеш.
Вулверҳэмптон – Жозе Са, Семеду, Доусон, Килмен, Гомеш, Матеуш Нунеш, Поденсе (Моутинью, 64), Лемина (Траоре, 74), Гомес, Диего Коста (Ҳванг Ҳи Чҳанг, 63), Матеус Куня (Сарабия, 75).
Челси – Аррисабалага, Жеймс, Кулибали, Фофана (Чалоба, 80), Кукуреля (Чилуэлл, 68), Ковачич, Галлаҳер, Фернандес, Ҳавертц (Пулишич, 61), Стерлинг (Мудрик, 68), Жоау Феликс (Обамеянг, 67).

«Челси» «Вулверҳэмптон» майдонида сўнгги бор 2019 йилда ғалаба қозонганди — ўшанда жамоа бошқарувида Фрэнк Лэмпард эди. Аммо унинг қайтиши жамоа ўйинига тезда ўзгариш кирита олмади. Биринчидан, лондонликлар танаффусгача гол ўтказиб юборилган қаторасига еттинчи ўйинда ҳам ҳеч нарсани ўзгартира олишмади. Иккинчидан, кўкларда вазиятлардан фойдаланиш ҳамон жуда ёмон ҳолатда. Меҳмонларда юзага келган қатор эпизодларда гол уриш мезбонларнинг тўпни узоқ бурчакка аниқ йўналтирган вакили Матеус Нунесдаги вазиятдан кўра осонроқ эди. Якунда — «Челси» кучли тўртликдан кўра хавфли ҳудудга яқин қолмоқда, жамоа еврокубоклардан умид узса ҳам бўлади.

Саутҳемптон – Манчестер Сити 1:4 
Голлар: 0:1 – 45 Ҳоланд, 0:2 – 58 Грилиш, 0:3 – 68 Ҳоланд, 1:3 – 72 Мара, 1:4 – 75, пенальти Альварес.
Саутҳемптон – Базуну, Беднарек, Белла-Кочап, Уокер-Питерс, Эльюнусси (Армстронг, 61), Уорд-Проуз, Лавиа (Диалло, 80), Мэйтленд-Найлз, Алькарас (Дженепо, 69), Сулемана (Мара, 69), Уолкотт (Перро, 80).
Манчестер Сити – Эдерсон, Аке (Серхио Гомес, 81), Рубен Диаш, Аканджи, Стоунз (Уокер, 56), Кундўған, де Брюйне, Грилиш, Родри (Филлипс, 81), Маҳрез (Бернарду Силва, 56), Ҳоланд (Альварес, 69).

Англияда ўйин кунини якунлаб берган «Манчестер Сити» турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бораётган жамоани йирик ҳисобда мағлуб этди. «Саутҳемптон» қарийб танаффусга қадар туриб берди, аммо «ўйинлар сонидан кўпроқ гол» графиги бўйича кетаётган Ҳоланддан гол ўтказиб юборди. Норвегиялик ҳужумчи 27 ўйинда 30 гол урган, турнир тарихида ҳеч бир футболчи АПЛдаги илк мавсумида бундай тезкорлик намойиш этмаган. Эндиликда лига рекордига 4 та гол қолди — Ширер ва Коул (34тадан). 

Ҳоланд янада кўпроқ гол уриши мумкин эди, аммо унинг қайчи услубидаги шедевр зарбасидан кейин Хосеп Гвардиола ўз тўпурарини Чемпионлар лигаси учун асрашга қарор қилди. Эрлинг еврокубокдаги иштироки орқали яна бир рекордни янгилаши мумкин — АПЛ футболчиларининг барча турнирларда урган голлари сони бўйича. Шанба куни Ҳоланд мавсумдаги жами голларини 44 тага етказиб, ван Нистелрой ва Салоҳга тегишли бўлган натижани такрорлади.

Кечанинг яна бир қаҳрамони — Англия чемпионатидаги 100-голли узатмасини берган Де Брюйне бўлди — у бу натижага энг тез, 237 ўйинда эришди.

Энди якшанба куни «шаҳарликлар» «Ливерпул»га мухлислик қилишади, бу жамоа турнинг марказий ўйинида «Арсенал»ни қабул қилади. Ҳозирда чемпионлик учун асосий икки даъвогарни беш очколик фарқ ажратиб турибди.

Испания: Сетиеннинг қасоси

Реал — Вильярреал 2:3
Голлар:
Торрес (16, автогол), Винисиус (48) — Чуквуэзе (39, 80), Моралес (70).
Реал – Куртуа, Алаба (Милитао, 46), Рюдигер, Начо, Себальос (Камавинга, 75), Тчуамени (Модрич, 72), Васкес, Асенсио, Винисиус, Родриго, Бензема (Вальверде, 59).
Вильярреал – Рейна, Фойт, Манди, Пау Торрес, Педраса, Парехо, Алекс Баэна (Мохика, 90), Терратс (Тригерос, 33), Ло Чельсо (Моралес, 67), Пино (Альберто Морено, 67), Чуквуэзе (Фемения, 90).
Огоҳлантиришлар: Пино (25), Педраса (35), Фойт (69).

Кубок доирасидаги класикони ажойиб ўтказган «Реал» энди асосий эътиборини Чемпионлар лигасига қаратиши тахмин қилинганди. Миллий чемпионатда барчаси амалда ҳал бўлган, аммо Карло Анчелотти ўзига хос ротация дейиш мумкин бўлган айрим косметик ўзгаришлар қилиш билан чекланди. Ва, ўйин старти шуни кўрсатдики, бу ўзгаришлар мадридликларнинг ғалабага бўлган хоҳишига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган. Бу версияни биринчи гол ҳам кўрсатди — Асенсионинг фаоллигидан кейин тўп Пау Торресга кириб, дарвоза тўрига тушди.

Эътиборли томони, «Реал»нинг рақиби бунга қадар 89 ўйин давомида автогол урмаганди, қаймоқранглилар эса сўнгги уч турда иккита совға олди (олдинги сафар 20 март куни тур ўйинида «Барселона» ҳимоячиси Араухо ўз дарвозасини ишғол этиб қўйганди). Аммо, бу рақиблар ўзи йўқ жойдан хато қилган дейиш эмас — «Реал» бу футболчиларни хато қилишга мажбур қилди дейиш тўғрироқ бўлади. Ва амалдаги чемпионлар шанба куни Чуквуэзе қилганидек уларнинг жаҳлини чиқарса, тезда вазиятни ўнглай олади.

Винисиус Жуниор танаффусдан кейин Мадридни яна ҳисобда олдинга олиб чиққанида, бу ўйин одатий сценарийда кечадигандек кўринганди. Аммо бир неча дақиқа ўтиб бразилиялик футболчи жуда қулай имкониятни йўққа чиқарди ва «сариқ субмариналар»га ўйинга қайтиш имконини қолдирди. Меҳмонлар аввалига VAR ёрдами билан иккинчи голни тасдиқлатишди, кейин эса Чуквеэзенинг олисдан йўллаган зарбаси Куртуани ожиз қолдирди. Ўйин охирида видеотакрор яна меҳмонларга ёрдамга келди ва ҳакам белгиланган пеналтини бекор қилди.

Кучли тўртликка қайтишга ҳаракат қилаётган «Вилярреал» учун бу ғалаба ўта зарур эди. Жамоа Испания кубогида икки гол устунлигини бой бериб, мадридликларга ютқазганди, аммо чемпионатдаги икки ўйинда ҳам ғалабага эришди. «Барселона»дагилар эса собиқ бош мураббийи Кике Сетиендан миннатдор бўлса арзийди.

Италия: Сарри «Ювентус»нинг еврокубок бўйича режаларини қийинлаштирди

Лацио — Ювентус 2:1
Голлар:
Милинкович-Савич (38), Дзакканьи (53) — Рабио (42).
Лацио – Проведел, Марушич, Романьоли, Казале, Ҳюсай, Луис Альберто, Каталди (Весино, 70), Милинкович-Савич, Фелипе Андерсон, Дзакканьи (Башич, 84), Иммобиле (Педро, 65).
Ювентус – Шченсни, Сандро, Бремер, Гатти, Куадрадо (Данило, 70), Костич (Кьеза, 63), Ди Мария, Рабио, Локателли (Паредес, 63), Фажоли (Миретти, 86), Влаҳович (Милик, 63).
Огоҳлантиришлар: Бонуччи (41), Сандро (45), Локателли (45), Куадрадо (51), Проведель (78), Милинкович-Савич (86), Миретти (90+6).

«Аталанта» ўз уйида «Болоня»га ютқазиши (0:2) туфайли нафақат «Интер» ва «Милан»нинг жума кунги йўқотишларидан фойдаланиш имконидан фойдалана олмади, балки «Рома»ни ўзига яқинлаштириб юборди. Бергамоликлар бундай беқарорлик туфайли Чемпионлар лигасини орзу қила олмайди, балки ортдан келаётган «Ювентус»ни ўзига яқинлаштирмасликни ўйлаши керак. Туринликлар тўхтовсиз можаролар ва айбловларга қарамай (жамоа санкциялар туфайли 15 очкодан маҳрум қилинган), Жан Пьеро Гасперини жамоасини еврокубокларсиз қолдириши мумкин.

Фақат бундай мақсадни кўзлаган «Кекса синьора» Алекс Сандро йўл қўйгани каби хатоларга йўл қўйишга ҳаққи йўқ. Позициясини Милинкович-Савичга бой берган бразилиялик ҳимоячиси рақибнинг енгил туртишидан газонга қулади, лекин арбитр унга ишонмади ва мониторга йўл олмади. Шу билан бирга, бу эпизод «бьянконери»ни уйғотди ва улар тезда бурчак зарбаси ижро этилганидан кейин мувозанатни тиклади. Аммо «Юве»нинг энг яхши тўпурари бўлиб олган Рабионинг (8) голи етарли бўлмади, ҳимояда яна хатога йўл қўйилди ва қулай позицияда бўш қолдирилган Дзакканьи жамоасига ғалаба келтирди.

Бироқ, барчасини Массимилиано Аллегри жамоасининг заифлигига боғлаш тўғри эмас. Амалда туринликларнинг собиқ бош мураббийи Маурицио Сарри меҳмонларнинг заиф нуқталарини аниқ пайқади ва «Лацио» футболчилари мураббийнинг кўрсатмаларини бажаришди, иккинчи гол урилгач, натижани сақлаб қолишни уддалашди. Римлик «бургутлар» ҳақли равишда иккинчи ўринни мустаҳкамлади ва энди мавсум охирига қадар бу ўринни бошқага бериб қўймаслиги аниқ. «Юве» эса ҳамон олтинчи ўриндан тўрт очкога ортда бормоқда.

Германия: Киммиҳ рақиб ва фанатларнинг жаҳлини қўзитди

Фрайбург – Бавария 0:1
Гол:
0:1 – 51 де Лигт.
Бавария – Зоммер, Жоау Канселу, Павар, де Лигт, Станишич, Киммиҳ, Дэвис, Сане, Мюллер (Гравенберх, 77), Мане, Мусиала (Горетцка, 68), Гнабри.

Бу жамоалар бир неча кун муқаддам Германия Кубоги чоракфиналида учрашган ва ўша учрашув Томас Тухелнинг ватанга қайтгандан кейинги илк мағлубияти билан якунланганди. Шанба куни «Фрайбург» яна бир бор «Бавария»га муаммолар туғдиришга уринди ва биринчи бўлимда меҳмонларни дарвоза устуни қутқариб қолди. Кейин эса мезбонлар де Лигтни таваккалчилик қилишга ундади. Ушбу марказий ҳимоячи иккинчи бўлимда узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан ҳисобни очди. Аммо интрига ўйин охирига қадар сақланиб қолди,  Сане иккита қулай имкониятдан фойдалана олмади, бу вазиятлар оралиғида Зоммер кичик мўъжиза кўрсатиши талаб этилди.

Ўйиндаги кескинлик финал ҳуштаги чалинганидан кейин ҳам давом этди. Барчаси Киммиҳ реваншни «Фрайбург» фанатлари жойлашган сектор қаршисига бориб нишонлаши туфайли рўй берди. Унга рақиб футболчилари ташланишди ва «Бавария» сардори ўйиндан кейин ўзининг бу ҳаракати учун узр сўрашига тўғри келди.

Боруссия Д – Унион 2:1
Голлар:
1:0 – 28 Мален, 1:1 – 61 Беренс, 2:1 – 79 Мукоко.
Боруссия Д – Кобель, Рюэрсон, Хуммельс, Зюле, Геррейру, Джан, Брандт (Озджан, 84), Беллингем, Аллер (Мукоко, 74), Мален (Ройс, 74), Адейеми (Байно-Гиттенс, 69).

«Боруссия» эса класикодаги мағлубият ва кубокни тарк этганидан кейин учинчи ўринда келаётган «Унион»га қарши ўйинга ўта ҳужумкор таркиб туширди. Агар Адейемининг дебютдаги фаоллиги унга симуляция учун сариқ карточка келтирган бўлса, қаторасига уч турда гол урган Мален Рафаэл Геррейрунинг қанотдан йўллаган узатмасига оёғини қўйишга улгуриб, ҳисобни очди. Португалиялик ҳимоячи йил бошидан буён «топ-5» чемпионатларда голли узатмалар сони бўйича (9 ўйинда 9 пас) яққол етакчи.

Мезбонларнинг осонлик билан қўлга киритган устунлиги алдамчи тасаввур бўлиб чиқди. «Унион» ўйинини кучайтирди ва иккинчи бўлимда жавоб голи уришга эришди, ўйин тақдирини эса дортмундликлар захира ўриндиғи кенглиги ва Эдин Терзич томонидан тўғри амалга оширилган алмаштиришлар ҳал қилди. Ноябр ойидан буён гол урмаган Мукоко ўз имкониятидан фойдаланди. «Боруссия» билан шартномасини янгилаган вундеркинд икки ой давомида майдонга туширилмаганди, ўз голи билан эса ўзининг жамоадаги ўрнини кўрсатиб қўйди.

Ҳерта — Лейпциг 0:1
Гол:
Айдара (40).
Лейпциг – Бласвих, Ҳенрикс, Орбан, Гвардиол, Симакан, Раум (Ҳальстенберг, 84), Кампль, Айдара (Клостерманн, 78), Форсберг (Ольмо, 63), Собослаи, Вернер (Андре Силва, 63).
Огоҳлантиришлар: Собослаи (20), Лукебакио (32), Уремович (45), Айдара (45), Боатенг (45), Канга (70), Симакан (90).

«Фрайбург»нинг мағлубияти «Лейпциг»га имкон берди ва жамоа ҳафтани ажойиб якунлади. Аввалига улар мамлакатнинг кубок ўйинларидаги энг яхши жамоаси эканини яна бир бор кўрсатиб, сўнгги беш йилда тўртинчи бор яримфиналга чиқди, энди эса Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи ўринга қайтди. Ўйиндаги ягона гол муаллифи бўлган Айдара «Ҳерта»ни 16-ўринда қолдирди (бу ўринни эгаллаган жамоа лигада қолиш учун ўтиш ўйинларида қатнашиши шарт), аммо якшанба куни «Штутгарт» ва «Шальке» Сандро Шварц жамоасини хавфли ҳудудга тушириб юбориши ҳам мумкин.

Франция: Маркиньоснинг юбилейи

«ПСЖ»ни кичик инқироздан Месси олиб чиқмаса, яна ким бу ишни қилиши мумкин? Афтидан, аргентиналик футболчи ўзининг келажаги борасидаги сон-саноқсиз миш-мишларга эътибор қаратмаяпти. Ёки, аксинча, «Барселона»га қайтиши тўғрисидаги режалар уни илҳомлантирган. Бу борада мураккабликлар кўп, аммо икки томон ҳам шуни хоҳлаётгани ҳақида хабарлар бор. Кўк-анорранглилар ҳисоблашича, аргентиналик афсонанинг қайтиши жамоанинг молиявий муаммоларига узил-кесил барҳам бериши ҳам мумкин.

Нима бўлганда ҳам, Лео — «Барса»нинг ҳақиқий афсонаси. «ПСЖ»да эса бундай характеристика Маркиньосга мос тушади, у парижликлар сафида 400 ўйин ўтказишга улгурди. Бу клуб тарихидаги учинчи натижа ва бразилиялик футболчи шартномасини янгилаши ҳақидаги хабарлардан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, у ўтган асрнинг 70-80-йилларида ўйнаган Жан-Марк Пилоржнинг натижасини (435) яхшилаши мумкин. Иккинчи ўринда эса Верратти (409) жойлашган.

Италиялик яримҳимоячи Парижда яна бир неча мавсум ўйнаши мумкин, Месси эса қисқа вақт ичида «ПСЖ» тарихида бир неча янги саҳифа ёзди. Лео айнан шу ерда Криштиану Роналдунинг рекордини янгилаб, «кучли бешлик» чемпионатларидаги 702-голини урди. Аргентиналик футболчи бу натижани қайд этиш учун португалияликдан 105 та кам ўйин ўтказган. Роналду айни вақтда Саудия Арабистонида тўп сураётган бўлса, Месси у ерга бормоқчи эмас ва 2024 йилги Америка Кубогигача Европада қолмоқчи, шундай экан, орадаги фарқ янада ортиши мумкин.

Бу мавсумда Лео барча турнирлар қўшиб ҳисобланганда ўйналган ўйинлар сонидан кўпроқ самарали ҳаракатни амалга оширди (34 ўйинда 37 очко). Ниццада ўзи гол уришдан ташқари, Серхио Рамосга ассистентлик қилди ва бу билан ҳам тарихий натижага эришди. Энди парижликларнинг 30-рақамли футболчиси Европа чемпионатларида гол ва пас бўйича 1000 очко жамғарган. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида эса дарвоза қаршисида бир неча метр масофадан туриб тўпни тўғри тепа олмаган Мбаппе аргентиналик футболчини бир голли пасдан маҳрум этди.

Лига 1 турнир жадвалида «ПСЖ» иккинчи ўриндаги «Ланс» билан орадаги олти очколик фарқни сақлаб қолмоқда.

Кун статистикаси

  • Бу мавсумда «Монца» сафида 5 нафар италиялик яримҳимоячи гол урди. Бу А Серияда ўзига хос рекорд кўрсаткич.
  • «Реал Сосьедад» яримҳимоячиси Кубо 6 гол урди — бу япониялик футболчилар учун ла лиганинг бир мавсумида урилган голлар сони бўйича рекорд ҳисобланади.
  • «Манчестер Сити» қаторасига 8-ўйинда ғалаба қозонди. Кейинги рақиб — «Бавария». 
  • Англия чемпионатининг жорий мавсумида «МЮ» 17 ғалабага эришди, жамоа ўтган мавсум охиригача жамоа 16 ўйинда ғалаба қилганди.
  • «Сити» сўнгги тўрт ўйинда 21 гол урди, шундан 11 тасига Ҳоланд муаллифлик қилган.
  • «Селтик» дербида «Рейнжерс»ни мағлуб этди (3:2) ва Шотландия чемпионатидаги ўйинларнинг 93,5 фоизида ғалаба қозониб турибди. «Келтлар» 29 ғалабага эришиб, биттадан ўйинда дуранг ва мағлубият қайд этган.

Мавзуга оид