Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Гвардиола Тухелни доғда қолдирди, Ҳоландда яна рекорд. ЕЧЛда кун ўйинлари
Ўз майдонида 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган «Манчестер Сити» амалда яримфинал йўлланмасини ҳал қилди.
ЕЧЛ. 1/4 финал. 11 апрел
Манчестер Сити — Бавария 3:0
Голлар: Родри (27), Силва (70), Ҳоланд (77).
Манчестер Сити – Эдерсон, Аке, Диаш, Аканжи, Стоунз, Гундўған, де Брюйне (Альварес, 68), Грилиш, Силва, Родри, Ҳоланд.
Бавария – Зоммер, Павар, Упамекано, де Лигт, Горетцка, Киммих, Дэвис (Канселу, 81), Коман, Сане, Мусиала (Мане, 69), Гнабри (Мюллер, 80).
Огоҳлантиришлар: Силва (48), Дэвис (49), Павар (88).
Бу жамоалар аслида Чемпионлар лигаси финалини безаб берган бўларди. Фаворитлардан бирининг чоракфиналдаёқ иштирокини тўхтатиши адолатсиздек кўринади. Аммо бу бетараф мухлислар учун яхшироқ: улар топ-даражадаги биргина ўйин ўрнига иккита ўйинни томоша қилишади.
Апрел ойининг асосий жанги учун Томас Тухел ҳам, Пеп Гвардиола ҳам ғайриоддий нарса ўйлаб топишига шубҳа йўқ эди. «Бавария» мураббийи учун ҳозир исталган ўйин муҳим аҳамиятга эга ва ундан ўзини кўрсатиш талаб этилади. Мюнхенликларнинг Дортмунднинг «Боруссия» клубига қарши ҳужумдаги схемаси 2-3-5 кўринишини эслатарди, Германия Кубогида «Фрайбург»га қарши — 3-2-5, бундеслигада худди шу рақибга қарши — 4-1-4-1.
Аммо бу сафар Тухел эҳтиёткорликни маъқул кўрди ва икки нафар таянч яримҳимоячисини (Киммиҳ ва Горецка) туширди, шу билан бирга олдинги чизиқдаги танловлар бўйича рақибни доғда қолдирди: бунгача Тухел бошқарувидаги уч ўйинда ҳам стартда бўлган Мюллер захирада қолди, чапақай Сане ўйинни чап қанотда бошлади, ўнг оёқ асосий қуроли бўлган Коман — ўнгда, ҳолбуки дортмундликларга қарши ўйинда барчаси бошқача бўлганди. Бу иш бердими? Қисман: «Бавария»нинг биринчи бўлимдаги ягона хавфли вазияти Сане рақиб дарвозасига яқинлашиб келиб, зарба бериш нуқтасида очилган Мусиалага пас бериши билан кечди (германиялик футболчининг зарбасини Диаш тўсиб қолди). Агар Лерой ўнгақай бўлганида бундай пас бера олмаган бўларди.
«Боруссия» билан ўйинда мюнхенликлар ўз уйида ўйнай туриб, тўпга эгалик қилишда рақибдан ортда қолган ва ноодатий тарзда прессинг қилишда пассив бўлганди. Афтидан, Тухел Манчестерда ҳам шундай йўл тутиб, натижага эришмоқчи эди. Бу қисман ўхшади: «Бавария» ҳужумчилари рақиб ҳимоячиларини марказий линияга яқин ҳудудда қарши олишди, улар олдинроқда ҳимояланиш туфайли ўз жамоаси тузилмаси бузилиб кетишининг олдини олишди. Аммо «Боруссия» билан ўйинда бу йўл фойдали бўлган бўлса, энди эса — йўқ.
Албатта, Гвардиола ҳам тайёргарлик кўрганди — у ўзи ЕЧЛ плей-оффининг кейинги босқичларида велосипед кашф этишни ёқтиради. Каталониялик мутахассис «Бавария» билан ўйин учун Аканжини ўнг қанот ҳимоясига ўтказди, жамоа ҳимояланганда тўрт ҳимоячи схемасида ҳаракатланди (Аке, Диаш, Стоунз ва Аканжи), тўпга эгалик қилинганда эса уч ҳимоячи билан ўйналди - Стоунз таянч зонаси ва ҳимоя ўртасидаги ҳудудга масъул бўлди. Бошқа муҳим ўзгариш эса Бернарду Силванинг позициясига тааллуқли — португалиялик вингер ушбу мавсумда ҳамма ўйинларда ҳам бошланғич таркибда тушмаяпти, бу ўйинда ўнг қанотда атлет Дэвисга қарши ўйнаш учун туширилди. Майдоннинг бу участкасидаги куч ва техниканинг дуэли ўйин бошиданоқ қизиқарли тус олди, якунда эса бу қарама-қаршиликда португалиялик футболчи устун бўлиб чиқди.
Айнан Бернарду 27-дақиқада Родрига ассистентлик қилганди, испаниялик футболчининг ўзи ҳам бу гол урилишида катта ишни бажарди. У ҳамиша ҳам узоқ масофадан дарвозага зарба беравермайди, чап оёғида — деярли ҳеч қачон. Бу эпизодда эса «Сити» таянч яримҳимоячиси Мусиалани финт билан йўлдан олиб, сеҳрли зарбаси билан дарвоза «тўққизлиги»ни аниқ нишонга олди. Бўйи баланд бўлмаган Зоммер эса тўпга ета олмади.
Ўйинга об-ҳаво шароити ҳам таъсир кўрсатди. Ёмғир туфайли икки жамоа футболчилари ҳам тойиб кетаверди, дарвозабон эса бундай ҳолатдаги газондан сакраши осон бўлмади.
Биринчи гол уриб олингач, мезбонларнинг ўзига ишончи янада ортди. «Шаҳарликлар» танаффусга 2:0 ҳисобида чиқиб кетиши ҳам мумкин эди: биринчи гол урилишидан аввалроқ Ҳоланд қарийб дарвозабон ҳудудида Зоммерга босим қилиб, ҳисобни очиши мумкин эди, 34-дақиқада эса Гундўған беш метр масофадан туриб деярли бўш қолган дарвозани ишғол эта олмади, у тўпни бундан олдинги зарбани қайтариб, газонга қулаган дарвозабон Зоммернинг ўзига қаратиб тепди.
🔝 Save of the night? #UCLsaves | @TurkishAirlines pic.twitter.com/Zk5F3HgliM
— UEFA Champions League (@ChampionsLeague) April 11, 2023
«Сити» биринчи бўлимни ютишга ҳақли ўйнади, аммо Тухел оддий мураббий эмас, шундай экан «Бавария» танаффусдан кейин бошқача ўйнашни кутиш мумкин эди. Ва шундай ҳам бўлди: жамоа ҳужумда фаоллашди ва танаффусдан қайтибоқ «шаҳарликлар» кучли босим остида гол қўйиб юбориши мумкин эди. Шу билан бирга, жавоб ҳужумида «Бавария» ҳам иккинчи голни ўтказишига бир бахя қолди.
Биринчи бўлимда немислар грандига зарбалар етишмаганди, иккинчи бўлим бошида эса мюнхенликлар вазиятни тузатишди — масалан, Саненинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси жуда кучли чиқди.
Ўйин давомида де Брюйненинг оёғига тинимсиз тепишди ва Гвардиола 68-дақиқадаёқ уни алмаштиришга қарор қилди. Унинг ўрнига Алварес тушди – яъни яримҳимоячи ўрнига ҳужумчи (жамоа ҳисобда олдинда бораётганига қарамай). Ўйиннинг боришидан келиб чиққан ҳолда Алварес шу куни ўйини унчалик чиқмаётган Ҳоланд ўрнига тушиши мантиқий эди. Аммо норвегиялик ҳужумчи майдонда қолди ва икки дақиқа ўтмай Бернарду Силвага голли пас берди. 173 сантиметр бўйга эга португалиялик футболчи эса бош билан гол урди. Бу голда асосий айбдор – марказий ҳимоячи Юпамекано бўлди, у жарима майдони яқинида тўпни Грилишга совға қилди.
Ҳисоб 2:0 кўринишига келгач, ўйин тақдири амалда ҳал бўлди. «Бавария» футболчилари шундан кейин жуда асабий ўйнай бошлади, «Сити» эса рақиб жарима майдони атрофидан кетмай қолди. Мезбонлар яна бир неча қулай имкониятлардан фойдалана олишмади, аммо барибир учинчи голни уришди.
Бу ўйинга фақат Ҳоланднинг голи етишмаётганди ва норвегиялик ҳужумчи Стоунз ташлаб берган тўпни дарвоза тўрига жойлади — Эрлинг фаолиятида олтинчи бор «Бавария» дарвозасини ишғол этиб, ўйиннинг якуний натижасини ўрнатди (бунгача Ҳоланд «Боруссия» сафида урган голлар жамоасига ғалаба келтирмаганди, аммо энди қизиллар имконсиз қолишди). Бу унинг «Сити» учун барча турнирлар доирасидаги 45-голи бўлди – АПЛ футболчиси учун рекорд натижа.
Тухел майдонга Мане, Мюллер ва Канселуни ташлади, аммо энди кеч бўлганди. Тухел ўзига яхши таниш бўлган Гвардиолага қарши тайёрланганди. Аммо Пеп барибир уни доғда қолдирди — Бернардунинг ноодатий позицияси ва футболчиларнинг ғайриоддий ҳаракатлари ғалаба олиб келди.Ҳисоб янада йириклашиб кетиши мумкин эди: Алварес қулай вазиятдан фойдалана олмади, кейинроқ Зоммер бурчак зарбаси ижро этилганида Родрининг бош билан тўсин остига йўллаган кучли зарбасини бартараф этди.
Мюнхендаги жавоб учрашиув 19 апрел куни ўтказилади. Лекин афтидан биринчи ўйиндаги 3:0 ҳисоби ҳам «Сити»га яримфиналга чиқиш учун етарли бўлиб чиқиши мумкин. Бундай кучли жамоа жавоб ўйинида йирик ҳисобда мағлуб бўлишини тасаввур қилиши қийин. Қолаверса, рақиб «Реал» эмас.
Инқироздаги «Интер» Лиссабонда ўзига келди. Индзагининг режаси «Бенфика» эртагига нуқта қўйди

Миланликлар жамоаси намунали ўйин ўтказди ва амалда ўзи учун яримфинал йўлланмасини кафолатлади.
Бенфика — Интер 0:2
Голлар: Барелла (51), Лукаку (82, пенальти).
Бенфика – Влаходимос, Жилберто, Морато, Антониу Силва, Гримальдо, Жоау Мариу, Рафа Силва, Эурснес, Шикинью, Флорентину (Нерес, 64), Рамуш.
Интер – Онана, Думфрис (Д`Амброзио, 87), Дармиан, Ачерби, Бастони (де Врей, 90+1), Димарко (Гозенс, 63), Мхитарян, Брозович, Барелла, Жеко (Лукаку, 63), Мартинес (Корреа, 63).
Огоҳлантиришлар: Антониу Силва (22), Брозович (50), Жеко (83).
«Интер» учун плей-офф тақвими нисбатан энг қулайи бўлмоқда. «Бавария» «ПСЖ» ортидан «Манчестер Сити»га дуч келди, нерадзуррининг нимчорак ва чоракфиналдаги рақиблари — Португалия вакиллари. Аммо бу фақат қоғозда осон кўринади. Амалда эса барчаси жуда қийин.
Қолаверса, миланликлар жамоасининг ҳозирги ҳолатидан келиб чиққан ҳолда вазифа янада қийин эди, жамоанинг сўнгги ғалабаси 5 март куни камтарона «Лечче» билан ўйинда қайд этилганди. Агар сўнгги саккиз ўйин олинса, Симоне Индзаги шогирдлари шунинг ярмида мағлуб бўлган ва уч ўйинни дуранг билан якунлаган. Бу ўйинларда амбицияли клуб учун жуда кам бўлган бешгина гол урилган, шундан ҳам иккитаси — 11 метрли нуқтадан.
Ҳа, «Бенфика» миланликларнинг олдинги босқичдаги рақиби «Порту»дан фарқ қилади. «Аждарлар» Португалия чемпионатининг аввалги турида принципиал рақибига жорий йилдаги илк мағлубиятни тақдим этгани моҳиятни ўзгартирмайди. Қарийб бир йилдан буён ўз уйида ютқазмай келган «бургутлар» чемпион сари илдамламоқда ва 33 йил ичида илк бор асосий еврокубок яримфиналига чиқишни кўзлагани табиий эди. Қолаверса, Чемпионлар лигасининг бу мавсумида кашфиётга айланган бу жамоа ҳали ютқазмаган, 10 учрашувда ғалаба қозониб, гуруҳда «ПСЖ» билан икки ўйинда ҳам дуранг қайд этганди.
Шу билан биргаликда, лиссабонликларда хавотирга арзийдиган муаммолар ҳам бор эди, хусусан Отаменди дисквалификация туфайли ўйинни ўтказиб юборадиган бўлди, натижада бош мураббий Рожер Шмидт ҳимояни 40 ёшни қоралаган (иккиси ҳам) Антониу Силва ва Морато жуфтлигига ишонишга мажбур бўлди. Ўйин стартидан келиб чиқилса, Индзаги айнан шу боғламни рақибнинг энг заиф нуқтаси сифатида белгилаб олган. Рақиб ҳимоядан чиқаётганида ушбу ҳимоячиларга қарши кучли прессинг ўтказилди, биринчи босим чизиғи босиб ўтилган тақдирда ҳам, меҳмонлар тезда ўз жарима майдонига қайтишга улгуришди ва лиссабонликларга ҳужум уюштириш учун бўш ҳудудлар қолдирилмади.
Яқинда «Бенфика» билан шартномасини янгилаган Шмидт эса прессинг борасида кўпчиликка қўйиб беради. Немис мутахассисининг принципларидан бири эса — рақибга мослашмаслик, уни ўзи таклиф этган футболни ўйнашга ва ўзини ноқулай ҳис қилишга мажбурлаш. Меҳмонлар асабийлаша бошлади ва Димарко оддий вазиятда тўпни Рафа Силванинг оёғига ташлаб берди. Агар Онана тўғри реакция қилмаганида, «Да Луж» таблосида ҳисоб мезбонлар томонидан очилган бўларди. «Интер» ҳам ёмон кўринмади, Лаутаро Мартинес эса ўша Димарконинг узатмасини дарвозага жойлаб қўйиши мумкин эди.
Бир сўз билан айтганда, ўйиндан олдин рақибда инқироз кузатилаётгани ҳақидаги гапларга қўшилмаган ва жамоани яхши ҳолатдаги «Интер»га қарши ўйин кутаётганини айтган Шмидтнинг хавотирлари тўғри бўлиб чиқди. Миланликлар алоҳида ўйинларда кўп нарсага қодир ва буни майдонда намойиш этди. Масалан, Мхитарян голли вазият ҳам яратди, рақибнинг хавфли ҳужумини ҳам тўхтатди.
Индзаги эса «Бенфика»нинг мудофаа тартибини бузиш учун бир неча вариантларни тайёрлагани маълум бўлди. Бу Бастони узоқ устун томонга диагонал пас узатиб, Барелла тўпни бош билан дарвозабон учун олис бурчакка жойлаганида ҳам кўринди. Лиссабонликлар иккинчи бўлим бошида ўйинни қайтадан қуришга улгурмади ва жарима майдони ичида меҳмонлар сон жиҳатдан устунлик қилишди.
Ҳисобда олдинга чиқиб олганидан кейин «Интер» «Бенфика» футболчиларини янада олдинроқда кутиб ола бошлади. Аагрессив ўйин ва коллектив энергияни сақлаб қолиш учу Индзаги ўйиннинг 64-дақиқасида учталик ўзгартиришни амалга оширди, жамладан форвардлар Жеко ва Мартинесни Лукаку ва Корреага алмаштирди. Эдин майдонни тарк этишда норози кўринди. Индзаги боснияликнинг бундай реакция кўрсатишини биларди, аммо унинг учун жамоа манфаатлари алоҳида бир футболчининг ҳиссиётларидан муҳим эди. Ўйин давомида Мхитарян ва Думфрис «Интер»нинг иккинчи голини уришга яқин келди, аммо Влаходимос ўзини кўрсатди.
80-дақиқада эса «нерадзуррилар» пеналти ишлади. Ҳакам Оливер VAR ёрдамчиларининг ишорасидан кейин мониторни бориб кўрди ва фантастик мавсум ўтказаётган Жоау Мариу чап қанотдан узатилган кроссни қўли билан тўсганини қайд этди. Лукаку 11 метрдан жуда хотиржамлик билан аниқ зарба берди.
«Бенфика» ҳеч нарса қила олмади. Эҳтимол бу лиссабонликлар «Интер»га шунчаки кичик пасайиш даврида тўғри келиб қолгани билан боғлиқдир, жамоа бир неча кун муқаддам Примейрада «Порту»га ютқазганди. Нима бўлганда ҳам «бургутлар» Мхитарян ва компанияни ҳайрон қолдира олмади: «Интер» сафидаги футболчиларнинг индивидуал маҳорати юқорилик қилди. Шмидт жамоаси 90 дақиқа давомида дарвоза сари атиги битта аниқ зарба йўллади, «нерадзуррилар»да эса – тўртта. Мезбонларнинг сўнгги ҳужумида Гонсалу Рамуш яхши имкониятга эга бўлди, аммо ЖЧ-2022 турнирида Криштиану Роналду билан рақобатда устун келган форвард Онанага қарши дуэлни бой берди.
Шу тариқа, Италия вакили финалга чиқиши деярли кафолатланди, чунки бу жуфтлик ғолиби яримфиналда «Наполи» ёки «Милан» билан тўқнашади.
Мавзуга оид
19:29 / 23.05.2025
“Сўнгги қўнғироқ”. Италияда ким чемпион, Мбаппе “Олтин бутса” оладими ва бошқа интригалар
10:12 / 21.05.2025
«Сити» КДБ билан хайрлашди ва ЕЧЛга яқинлашди
18:36 / 07.05.2025
Тажриба синови. «Барса» нега яримфиналдан ўтолмади?
02:38 / 07.05.2025