Ўзбекистон | 15:29 / 14.04.2023
27598
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда юрган аёлини мажбуран машинасига босиб Қашқадарёга олиб кетган эр жаримага тортилган

Оилавий келишмовчилик сабаб уйидан кетиб қолиб Тошкент шаҳрида юрган 22 яшар аёл ўтган йилнинг ноябрида кўчада тутиб олиниб, ихтиёрига зид равишда Қашқадарёга олиб кетилгани ҳақида хабар берилганди.

Фото: Видеодан скриншот

Воқеа 24 ноябрь куни Учтепа туманининг 22-мавзесидаги кўп қаватли уйлар олдида содир бўлган. Тошкент шаҳар ИИББга кўра, 2000 йилда туғилган аёл эри билан ўрталарида юзага келган оилавий келишмовчилик сабабли 1 нафар фарзандини турмуш ўртоғида қолдириб Тошкент шаҳрига кетиб қолган.

Эркак отаси билан бирга аёлини қидириб топади ҳамда уни Tracker русумли машинага мажбурлаб ўтказиб, Қашқадарё вилояти Косон туманидаги уйига олиб кетади.

Расмий хабарда ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилаётгани текширув якуни бўйича айбдор шахсларга қонуний қарор қабул қилиниши таъминланиши айтилганди.

Хабарга аёл турмуш ўртоғи ва фарзанди билан бирга тушган сурат илова қилинган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Аёлнинг олиб қочилиши акс этган видео “Сукут сақлама” (Nemolchi.uz) лойиҳаси томонидан эълон қилинганди.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан 2022 йилнинг 24 ноябрь куни Жиноят кодексининг 137-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари вақтида жабрланувчи суд тиббий экспертизадан ўтказилган.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, аёлнинг танасида тан жароҳатлари 6 кундан ортиқ бўлмаган, озгина, тез ўтиб кетувчи оқибатли бўлиб, енгил тан жароҳатлари туркумига кириши аниқланган.

Тергов давомида жабрланувчи турмуш ўртоғи ва қайнотаси билан юзлаштирилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари вақтида эркакларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмас деб топилган ва жиноят иши ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан ҳаракатдан тугатилган.

Аммо турмуш ўртоғини судраб машинасига мажбуран жойлаган эркакнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддасида, яъни “соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашуви”да кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги аниқланган ва 2022 йилнинг 18 декабр куни эркак суд томонидан 1,2 млн сўм миқдорида жаримага тортилган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид