Ўзбекистон | 17:46 / 15.04.2023
13169
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондан Қозоғистонга экспорт қилинган помидорларда хавфли вирус аниқлангани рад этилди

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига кўра, Қозоғистон томонидан бу борада ҳеч қандай эътироз келиб тушмаган. Ўрганиш давомида Ўзбекистондан импорт бўлган помидор маҳсулотларида помидор жигарранг вируси ва бошқа карантин касалликлар аниқлангани учун маҳсулотларни орқага қайтариб юборгани аниқланмаган.

Фото: ТАСС

15 апрель куни телеграм-каналида Ўзбекистон помидорларида хавфли вирус аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарларга Қозоғистон телеканалларидан бирида намойиш этилган лавҳа асос бўлган.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Сабина Садинованинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳозирга қадар Қозоғистон томонидан бу борада эътирознома (нотификация) келиб тушмаган.

Агентлик томонидан ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида тезкор суриштирув ва ўрганишлар олиб борилиб, дастлабки натижаларига кўра Ўзбекистондан импорт бўлган помидор маҳсулотларида помидор жигарранг вируси (Tomato brown rugose fruit virus) ва бошқа карантин касалликлар аниқлангани юзасидан маҳсулотларни орқага қайтариш ҳолати кузатилмаган.

“Ўзбекистон ва Қозоғистон карантин хизматлари ўртасида тезкор равишда музокара олиб борилиб, ушбу тарқалган хабарга изоҳ берган фитосанитария хизматининг Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳудудий инспекцияси раҳбари I.Begasilov помидор жигарранг вируси аниқланиш ҳолати юзасидан импорт бўлган 43 тонна помидор маҳсулотида айнан Ўзбекистондан юкланган маҳсулотда хавфли вирус қайд этилмаганини телефон мулоқотида тасдиқлади”, дейилади агентлик томонидан эълон қилинган расмий баёнотда.

Қайд этилишича, помидор экспорти бўйича Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан 2023 йил ўтган давр мобайнида импортёр давлатларнинг фитосанитария талабларига мувофиқ жами 24 147 тонна (шундан 14424 тоннаси Қозоғистон Республикасига экспорт учун) помидор маҳсулотига халқаро фитосанитария сертификати берилган ва импортёр давлатларнинг карантин хизмати томонидан номувофиқлик ҳолатлари аниқлангани юзасидан эътироз ҳолати қайд этилмаган.

“Жаҳон бозорига хавфсиз, текширилган ва турли касалликлардан холи маҳсулотларни чиқариш, халқаро қишлоқ хўжалиги майдонида Ўзбекистон бренди нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида ҳар бир қишлоқ хўжалиги маҳсулоти партиясидан намуналар олиниб, Марказий фитосанитария лабораториясида экспертизадан ўтказилиб, лабораториянинг хулосасига кўра экспорт/импорт жараёнлари амалга оширилади. Жумладан, помидор жигарранг вирусини аниқлаш учун ҳам намуналар 8 соат давомида махсус полимераза занжир реакцияси (ПЗР) тестидан ўтказилади”, дея таъкидланади баёнотда.

 

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид