Жаҳон | 10:05 / 16.04.2023
18438
8 дақиқада ўқилади

Суданда — яна давлат тўнтаришига уриниш. Асосий маълумотлар

Суданда мунтазам армия ва Тезкор ҳаракат кучлари ўртасида тўқнашувлар кетмоқда. Пойтахт узра қирувчи самолётлар учган.

Фото: Marwan Ali / AP / Scanpix / LETA

15 март куни Судан пойтахти Хартум шаҳрида отишма ва портлашлар овозлари эшитила бошланди, шаҳар устида ҳарбий авиация (катта эҳтимол билан армияники) ҳаракатланди. Шаҳар ва мамлакатнинг бошқа муҳим объектлари устидан назоратни қўлга киритиш учун Судан мунтазам армияси ва ҳарбийлашган Тезкор ҳаракат кучлари ўртасида жанг кетмоқда. Қарама-қаршилик оқибатида аллақачон ўнлаб кишилар ҳалок бўлган.

Армия генерал Абдулфаттоҳ ал-Бурхон бошчилигидаги Судан ҳарбий ҳукуматига (Суверен кенгаш), Тезкор реакция кучлари (RSF) — вице-президент, генерал Муҳаммад Ҳамдон Дагалога бўйсунади.

Фуқаролик бошқарувига ўтиш режаси доирасида Тезкор реакция кучлари қуролли кучлар таркибига кириши кўзда тутилганди, аммо генераллар бу қачон рўй бериши бўйича келиша олишмади, натижада баҳс қуролли курашга айланиб кетди.

Ҳарбий ҳаракатлар пойтахтнинг аҳоли яшаш кварталларида ҳам кечмоқда, бу ҳудудларда одамлар уйларида яширинишига тўғри келмоқда.

RSF жангчилари тасдиқлашича, улар мамлакатнинг камида учта аэропортини, шунингдек қатор ҳарбий объектлар ва президентлик саройини эгаллашган.

Аммо Судан қуролли кучлари бош қўмондони Абдулфаттоҳ ал-Бурхон Тезкор реакция кучларининг улар президентлик саройи, пойтахтдаги аэропорт ва қуролли кучлар штаб-квартирасини назорат қилаётгани ҳақидаги баёноти ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтган. Al Jazeera телеканалига телефон орқали берган интервюсида генерал ал-Бурхон аксинча армия ҳарбийлари вазиятни тўлиқ назорат қилаётганини айтган.

Украинлар самолёти шикастланиши

Хартум аэропорти ҳудуди устидаги тутун. 2023 йил 15 апрел
AFP / Scanpix / LETA

Хартумдаги кўплаб йўллар ва кўприклар тўсиб қўйилди, аэропорт ҳам ҳарбий ҳаракатлар зонаси ичида қолди, бу ерга парвозлар тўхтатилди. Украина нашрлари хабар қилишича, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида украинларнинг SkyUp лоукостерининг ушбу аэропортда турган Boeing 737 самолёти ёниб кетган.

Компания матбуот хизмати фейсбукдаги саҳифасида «айни вақтда самолёт ҳолати ва шикастланиш даражасини аниқ билиш имконсизлиги» айтилган. «Мамлакатдаги 36 ходим айни вақтда хавфсиз жойда, улар билан алоқа ўрнатилган», дея хабар берган SkyUp.

Компания изоҳ беришича, SkyUp самолётлари Суданда Sun Air авиакомпанияси билан шартнома бўйича бўлиб турган. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошлангач, Украина билан авиақатновлар ёпиқлигича қолмоқда.

Reuters агентлиги Судан шифокорлари марказий қўмитасига таяниб берган сўнгги маълумотларга кўра, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида мамлакатда 56 киши ҳалок бўлган, жумладан икки киши аэропортда, яна тўрт киши унга ёндош бўлган ҳудудда ўлдирилган. Шунингдек, 595 киши яраланган. Washington Post мухбири Катарин Ҳурелд твиттердаги саҳифасида ёзишича, ҳалок бўлганлар орасида БМТнинг Дарфурдаги озиқ-овқат дастурининг уч ходими ҳам бор.

Шунингдек, суданлик аскарлардан бири BBC Араб хизмати мухбири Муҳаммад Усмонни калтаклагани ҳам маълум. Бу Усмон яшайдиган Омдурман шаҳрида рўй берган. Ҳарбийлар мухбир Хартумдаги таҳририятга йўл олганида унинг машинасини тўхтатишган ва маҳаллий армия штабига олиб кетишган. Бу ерда аскарлардан бири унинг бошининг орқа қисмига зарба берган.

Тезкор реакция кучлари Хартумдаги муҳим объектларни назорат қилаётганини маълум қилган

Хартум аэропортига яқин ҳудудда яшовчи мустақил тадқиқотчи Нада Ванни BBC эфирида эрта тонгда ўқ овозларидан уйғониб кетганини айтган - нафақат ўқотар қуроллардан, балки артиллериядан ҳам ўт очилган. «Бу оғир артиллерияга ҳам, милтиқ овозларига ҳам ўхшарди. Аввалига тутун, қуюқ тутун кўринди ва оғир техника ҳаракатланаётгани аниқ эшитилди», деган у. У билан суҳбат вақтида ҳам яқин атрофда отишма ва портлашлар бўлаётгани эшитилиб турарди.

Тийилишга чақириқлар

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Суданда ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. У твиттердаги саҳифасида ушбу мамлакатда бўлаётган ҳодисалардан чуқур қайғуда эканини ёзди, шу билан бирга, Американинг Хартумдаги элчихонасининг барча ходимлари хавфсиз ҳудудда эканини қайд этди.

«Биз барча кучларни зудлик билан зўравонликни тўхтатиб, можаронинг кескинлашуви ва қўшинларнинг сафарбар қилинишидан тийилишга, юзага келган муаммони ҳал этиш учун тинч музокараларни давом эттиришга чақирамиз», деган Блинкен Катта еттилик давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Японияда ўтказиладиган учрашувига йўл олишдан олдин.

Бирлашган Араб Амирликлари ҳам Судандаги можаро томонларини «вазминлик кўрсатиш» ҳамда «кескинликни камайтириб, инқироздан мулоқот воситасида чиқиш»га чақирди. БААнинг Хартумдаги элчихонаси можаро қай тариқа ривожланаётганини ташвиш билан кузатиб бораётганини қайд этиб, яна бир бор янги ҳукуматни шакллантиришда миллий келишувга эришиш ва муаммоларни тинч йўл билан ҳал этиш зарурлигини эслатган.

Энтони Блинкен Япониядаги Катта еттилик саммитига бориш йўлида Ханойда тўхтади

Американинг Хартумдаги элчиси Жон Годфри твиттерида отишмалар овозидан уйғонгани ва ҳозирда бошқа дипломатлар билан биргаликда элчихонадаги бошпанада бўлиб турганини айтган. «Катта ҳарбий бошлиқларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақираман», дея ёзган Годфри.

Суданда нималар бўлмоқда ва тўқнашув нимадан келиб чиқди?

Суданда 2021 йилда ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаган ва шу вақтга қадар ўз қўлида сақлаб келмоқда. Улар ҳокимиятни фуқаролик ҳукуматига топшириш ниятида эканликларини билдириб келишади, аммо Тезкор реакция кучларининг мамлакат қуролли кучлари таркибига киритилиши учун муҳлат белгилаш масаласи буни тўхтатиб турибди. Тезкор реакция кучлари 10 йиллик муҳлат белгиланиши кераклигини айтмоқда, армиядагилар эса 2 йил етарли деб ҳисобламоқда.

Тўқнашувлар бутун шаҳар бўйлаб олиб борилмоқда

Генерал Бурхон бу баҳсга ечим топиш учун ўзининг номинал ўринбосари, генерал Дагало билан музокараларга тайёр эканини маълум қилган.

Ғарб мамлакатлари ва минтақавий етакчилар ҳам шунга чақириб келмоқда.

2021 йилги ҳарбий тўнтаришга қадар икки ярим йилдан ортиқ вақт давомида мамлакатни ҳарбийлар ва сиёсатчилар биргаликда бошқариб келишганди. Бу ўтиш даври ҳукумати авторитар президент Умар Башир ағдарилганидан кейин ҳокимиятга келганди.

Башир мамлакатни 30 йилга яқин вақт давомида (вақти-вақти билан лавозимининг номланиши ўзгарган ҳолда) бошқарган.

2009 йилда у Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд томонидан ҳибсга олиш учун ордер берилган илк амалдаги давлат раҳбари бўлганди (яқинда Владимир Путин бу борада иккинчиси бўлди). Кейинроқ Ҳаага суди уни асирга олиш учун иккинчи ордерни ҳам беради: 2009 йилда - ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар содир этиш айблови бўйича, 2010 - йилда геноцид айблови бўйича.

Генерал Муҳаммад Ҳамдон Дагало Тезкор реакция кучларига раҳбарлик қилади. Фото: Reuters

Бу айбловлар Судан ғарбидаги Дарфур вилоятида араб бўлмаган аҳолининг қирғин қилинишига тааллуқли. Бундай ҳаракатлар Башир томонидан тузилган «Жанжавид» гуруҳи томонидан содир этилган. 2013 йилда «Жанжавид» жангчилари 100 минг кишилик Тезкор реакция кучларининг ўзагини ташкил этишган.

Башир ағдарилганидан кейин ҳибсга олинган ва янги ҳукумат уни Халқаро жиноий судга топширишга тайёрлигини билдирган, аммо ҳозирга қадар бу рўй бермади.

Мавзуга оид